Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:16

Навоий савдо расталари ўрнида кўп қаватли уйлар қурилмоқда


Ҳар бири 40 хонадондан иборат саккизта етти қаватли уйнинг 1 сентябрга қадар қуриб битирилиши режаланган.

Навоий кўчасидаги 8 та кўп қаватли турар-жой биносини 1 сентябр – Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги санасига қадар қуриб, битказиш ваъда қилинмоқда.

Бироз муқаддам бу ердаги қурилиш майдони қаршисида пайдо бўлган эълон тахтасида қурилишнинг шу йил апрел ойида бошланиши ва сентябр ойида тугаши ëзилган.

Ушбу эълон тахтасида қурилишга масъул, дея номи битилган тўртта ташкилот – “Ўзкимёсаноат”, “Тошнефтгазқурилиш”, “Ўзнефтгазқурилишинвест”, “Тошкентбошплан лити” ташкилотлари расмийларидан олинган маълумотга кўра, бу борада Вазирлар Маҳкамасидан кўрсатма бўлган ва 1 сентябрга қадар кўрсатма бажарилиши шарт.

Навоий кўчасида шу йил март ойида бузилган савдо расталари ўрнида 7 қаватли, ҳар бирида 40 тадан хонадон бўладиган саккизта турар-жой биноси қурилиши ҳақида ЎзА агентлиги хабар берган эди.

ЎзА агентлиги бу биноларнинг «Ўзбекистон темир йўллари», “Ўзкимёсаноат”, “Ўзавтосаноат”, Ташқи миллий иқтисодий фаолият банки, “Асакабанк”, “Алоқа банк”, “Ўзсаноатқурилишбанки” ва “Ипотека банки” ҳисобидан қурилиши ҳақида маълум қилган.

Озодлик олган маълумотларга кўра, бу биноларнинг биринчи ва иккинч қаватларида савдо-маиший хизмат объектлари жойлашади¸ учинчидан еттинчи қаватигача бўлган қисмида эса аҳоли хонадонлари бўлади.

Айни пайтда шаҳар марказида шитоб билан бораётган бу қурилишлар тошкентликлар орасида алоҳида қизиқиш уйғотмоқда¸ шунингдек бир қатор саволларга сабаб бўлмоқда.

“40 хонадонлик 8 та бинони беш ойда тўкис қилиб, битказиш мумкинми?”, “Агар беш ой ичида битган тақдирда ҳам сейсмик шаҳар ҳисобланган Тошкент марказидаги бу биноларнинг хавфсизлиги қандай бўлади?”, “Бу уйлар кимга¸ қайси нархларда сотилади?” каби саволларга жавоб олиш учун, дастлаб, бу қурилиш буюртмачиси бўлган “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясига мурожаат қилдик.

Компаниянинг Навоий кўчасидаги қурилишларига масъул экани айтилган иш бошқарувчиси Ботир Тиллаев бу борада тўлиқ ахборот беролмаслигини айтди.

- Ҳали бу ҳақда аниқ бир маълумот айтишга эрта. Ана қурилиш майдонига боринг, ҳаммасини ўзингиз кўрасиз. Лекин қурилишни 1 сентябрга битказамиз, худо ҳоҳласа, деди қисқагина қилиб Ботир Тиллаев Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Қурилишда бош пудратчи бўлган “Тошнефтгазқурилиш” акциядорлик жамияти расмийлари ҳам қурилишга оид маълумотларни Озодликка тақдим этишни истамади.

“Ўзнефтгазқурилишинвест” компаниясининг нефт ва газ тармоқлари қурилиши бўйича бўлимининг ўзини таништирмаган мутахассиси саволлардан айримларига микрофонсиз суҳбатда жавоб беришни лозим топди.

Унга кўра, саккизта 40 хонадонлик уйни беш ой ичида битказиш мумкин ва бу уйларнинг пишиқ-пухталигига шубҳа қилиш ўринсиздир.

- Тошкент сейсмик пояснинг устида жойлашган ва ҳозир қурилаётган ҳар битта уй энг камида 8¸5 баллик ер силкинишига чидайдиган қилиб қурилмоқда. Бизнинг ташкилот собиқ иттифоқ даврида “СредАзНефтГазСтрой” дейиларди ва биз гражданский уйларни ҳам қурамиз. Тошкентнинг Пушкин метро бекати яқинида ва “Пойтахт” мехмонхонаси ўрнида уйларни қурганмиз, ҳалигача норозилик бўлгани йўқ, деди “Ўзнефтгазқурилишинвест” компаниясининг ўзини таништирмаган ва овозини ёзиб олишимизни истамаган ходими.

Бу ходим агар хом-ашё ҳозир бўлса, беш ойлик муддат бундай йирик комплекс учун етарли эканини айтар экан, Тошкентда 1966 йилда бўлган зилзиладан кейин икки ой ичида қуриб битказилган 4 ва 5 қаватли уйларни хотирлади.

- Ўша вақтларда биз студент эдик ва стройкаларда роса ишлаганмиз. Ҳалигача ўша уйлар турибди, одамлар яшаяпти, деди бу суҳбатдош.

Қурилаётган уйлар қиймати ҳақида аниқ маълумот беролмаслигини айтган “Ўзнефтгазқурилишинвест” компанияси ходими¸ тахминий ҳисоб-китобларни тилга олди.

- Энди, тахминан олинса, 3 хоналик уй ўртача 80 – 100 миллион сўмга битиши мумкин. Шунда 40 та хонадонлик комплекснинг ҳар бири камида 40 миллиард ўзбек сўмига битиши мумкин. Лекин бу жуда қўпол ҳисоб-китоб. Чунки, мен бу лойиҳа билан тўлиқ таниш эмасман, деди “Ўзнефтгазқурилишинвест” компаниясининг ўзини таништирмаган мутахасиси.

Шу йил март ойида бузилган собиқ Навоий ярмаркаси ўрнида замонавий шаҳарча қурилиши ҳақида ўша кезлардаёқ маълумотлар пайдо бўлган эди.

Аммо бу қадар йирик турар-жой комплекси бунёд этилиши ҳақида на савдо расталаридан айрилганлар, на уларни қувиб чиқарган Тошкент шаҳар ҳокимияти сўзлаган эди.

Бу қурилишнинг бош лойиҳачиси, дейилаётган “Тошкентбошплан лити” ташкилоти ходими Озодлик сўровига: “Биз бу қурилишларга масъул эмасмиз, неки маълумот керак бўлса, биздан юқори ташкилотларга мурожаат қилаверинг”, деб жавоб берди.

Шунингдек, Навоий кўчасидаги қурилишларга масъул экани айтилган ташкилотлардан 1 сентябрда фойдаланишга топшириладиган хонадонлар қай асосда сотувга қўйилиши, бу ердан уй сотиб олишни истовчилар бўлса, улар нима қилиши кераклиги ҳақидаги саволларга ҳам жавоб ололмадик.

Давлатга қарашли ЎзА агентлигига кўра, бу ердаги хонадонлар, энг аввало, уни қурган ташкилотлар ишчилари, уй-жойга муҳтожлар ва кам таъминланган оилаларга бу уйни қуриб берган банклар томонидан тақдим этиладиган 15 йиллик кредит асосида берилади. Шунингдек, агентлик ёш оилаларга имтиёзлар берилиши ҳақида ҳам ёзмоқда.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, март ойида савдо расталари бузилган кезда дараги чиққанидек¸ бу уй-жойлар ортида парк бунёд этилади ва ҳозирданоқ бу ҳудудни кўкаламзорлаштириш бошлаб юборилган.
XS
SM
MD
LG