Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Ал-Қоидачилар қирғиз паспортига эгами?


2004 йил нусхасидаги Қирғизистон паспортларини, 1994 йилда чиқарилган паспортлардан фарқли ўлароқ, қалбакилаштириш амримаҳол.
2004 йил нусхасидаги Қирғизистон паспортларини, 1994 йилда чиқарилган паспортлардан фарқли ўлароқ, қалбакилаштириш амримаҳол.

Американинг “Глобал” компанияси томонидан тайёрланган 1994 йил нусхасидаги Қирғизистон паспортларидан халқаро террорчилар фойдаланмоқда.

Бу борада паспорт тайёрлаш билан шуғулланувчи “Интел Линкс” компанияси бош директори Таалайбек Жумадилов маълум қилди:

- Бу паспортлар мамлакатга 1994 йилда 3 миллион нусхада олиб келинган. Буни Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда божхонадан олинган маълумотлар тасдиқлайди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига биноан 3 миллион паспортдан 2 миллион 900 минги фуқароларга берилган. “Қолган 100 минг паспорт бланкалари қаерга кетди?” деган савол туғилади. Бу паспортларни тўлдириш осонлиги оқибатида паспорт бланкалари Ал-қоида ҳаракати, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Муқаддас Ислом жиҳоди ҳамда халқаро террорчи ва экстремистик гуруҳлар, Кавказдаги террорчилар қўлига кетаяпти, - деди Таалайбек Жумадилов.

Унга кўра, шу сабабли 1994 йил нусхасидаги паспортга эга бўлган қирғизистонликлар Америка, Канада ва Хитойга киритилмайди.

Жумадилов журналистларнинг “Бу маълумотларни қаердан олдингиз?” деган саволига “Интернет манбалардан” дея жавоб берар экан, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасида ҳам бу маълумотлар борлигини қўшимча қилди.

Бироқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот хизмати ходими Озодлик мухбирига ўз идорасига бундай маълумотлар келиб тушмаганини маълум қилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигида эса бу масала юзасидан Фуқароларни рўйхатга олиш хизматига мурожаат қилишни маслаҳат беришди.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Фуқароларни рўйхатга олиш давлат хизматининг департамент директори Дуйшўн Сатибалдиев 1994 йилда чиқарилган Қирғизистон паспортидан 100 минг нусхаси халқаро террорчилар қўлига ўтиб кетгани борасидаги маълумотларни инкор қилди:

- Буни ёлғон провокацион маълумот, деб ҳисоблаймиз. 100 минг паспорт бланкаси йўқолганини ҳеч қаерда ҳеч ким тасдиқлаган эмас. Бироқ 90-йиллар ўрталарида Октябр ва Кемин тумани паспорт столларида паспорт бланкалари йўқолгани тўғрисида маълумот бор экан. Бироқ ўшанда ҳам 100 минг эмас, 70-100 дона атрофида паспорт бўлиши мумкин, - деди Дуйшўн Сатибалдиев.

Қирғиз мулозими халқаро террор гуруҳларининг қўлга олинган айрим аъзоларидан Қирғизистон паспортлари топилгани ҳолларини қуйидагича изоҳлади:

- Ўзинглар кўряпсизлар, фуқароларимиз паспортини йўқотган ҳолатлар кўп бўлаяпти. Яъни топиб олинган ёки ўғирланган паспортларни суратини алмаштириб, қалбакилаштиришаяпти. 1994 йилда чиқарилган паспортни суратини алмаштириш жуда осон, унга ясама муҳр уриб, кўтариб юришган ҳоллар кўп учраяпти, - деди Дуйшўн Сатибалдиев.

Айни пайтда қирғизистонлик экспертлар ҳам 100 минг нусхадаги паспорт бланкаларининг террорчилар қўлига тушиб қолгани тўғрисидаги маълумотларга ишонмасликларини айтишади.

Қирғизистонлик диншунос олим Қодир Маликов йўқолган паспортлар сони бўйича бирор нарса деёлмаслигини айтар экан, мамлакатда паспортларнинг йўқолиши, фуқаролардан ўғирланиш ҳоллари ва 2008 йилдан шун кунгача бўлган муддат ичида паспорт олиш масаласида коррупциянинг ривожлангани сабабли паспорт олиш жуда осон иш бўлиб қолганини айтади:

- Биз ҳатто Араб давлатларида доимий тарзда ишловчи Ўзбекистон фуқароси бўлган қизлар ҳам қирғиз паспорти олиб юришларини биламиз, деди Қодир Маликов.

Унга кўра, халқаро террорчи гуруҳлар аъзолари қўлига қирғиз паспортларининг тушиб қолиши Қирғизистон учун хавф туғдиради:

- Қирғизистон ўтган йилги воқеаларгача турли гуруҳлар учун жон сақловчи тинчгина жой сифатида қаралган. Бироқ 2010 йилдан, асосан, Ўш воқеаларидан кейин Қирғизистон турли гуруҳлар томонидан қуролли ҳаракатлар олиб борилувчи объект сифатида кўрилиши мумкин. Мен айтмоқчиманки, бундай ҳолларда паспорт билан боғлиқ масалалар кичик масалалардан бири бўлиб қолади, - деди Қодир Маликов.

Бироқ, паспорт тайёрлаш билан шуғулланувчи “Интел Линкс” компанияси бош директори Таалайбек Жумадилов фикрича, паспортлар билан боғлиқ масала майда масала эмас ва бунга лоқайд қараб бўлмайди.

- Эътибор берган бўлсангиз, “Пачоқланган фонарлар кўчаси” серияли ва Ҳоллувуд киноларининг бир қанчасида мафиячилар: “Қирғиз паспортига эга бўлиб олсак, ёмон бўлмасди”, дейишади. Гап айнан мана шу паспортлар ҳақида кетаяпти. Мен буни махсус хизматларимиз эътибор қаратиши лозим бўлган факт, деб ўйлайман. Афсуски, на махсус хизматлар, на Ички ишлар вазирлигида ишловчи бирор-бир раҳбар бу масалани охиригача етказгани йўқ, - деди Таалайбек Жумадилов.
XS
SM
MD
LG