Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

В. Иноятова: Ўш воқеаларига сиёсий баҳо берилиши керак


"Бирлик" Халқ ҳаракати бош котиби Васила Иноятова.
"Бирлик" Халқ ҳаракати бош котиби Васила Иноятова.

Ўзбекистон "Бирлик" Халқ ҳаракати Қирғизистонда ўзбекларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди.


"Бирлик" Халқ ҳаракати партиясининг 30 дан ортиқ аъзоси 7 май куни Тошкентда тўпланиб, партиянинг 22 йиллигини нишонлаш масаласини муҳокама қилди.

Шунингдек, "Бирлик" йиғинида ўтган йилнинг июн ойида Қирғизистонда рўй берган этник зўравонликлар юзасидан баёнот қабул қилиб, Ўш ва Жалолобод воқеаларини қирғизистонлик ўзбекларга нисбатан "геноцид", деб баҳолади.

Шу йил 28 май куни партия фаоллари Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида намойиш ўтказишни режаламоқдалар.

Айни пайтда, "Бирлик"ка тенгдош ёҳуд ундан кейин тузилган бирорта муxолиф партия Ўзбекистон ичкарисида йиғин ўтказиш у ёқда турсин, фаолият юритиш имконига эга бўлмаган бир кезда ўттиздан ортиқ фаолни тўплаб, Тошкентда мажлис ўтказган партиянинг бош котиби Васила Иноятова билан мухбирмизнинг суҳбати: “Сиз бундай имконга қандай эришдингиз?” деган савол билан бошланди.

- Авваламбор биз бу ҳақда жуда кўпчилик юрагида мана шу ўтган вақт ичидаги воқеалардан келиб чиқиб, бир қўрқув бўлиши мумкин, деган маънода биз кўпчиликка бу нарсани эълон қилмадик. Лекин ўзимизнинг фаолларга "Бирлик" Халқ ҳаракатининг 22 йиллиги муносабати билан йиғилишимиз ва, қолаверса "Бирлик" халқ ҳаракатининг Марказий кенгаши йиғилишини ўтказишни режалаштирган эдик. Ҳаракат ҳали ҳам бор эканку, мана 22 йил олдинги фаолиятларимизни бир эслайлик, деб 30 га яқин эмас 38 одам келди. Бирлик халқ ҳаракатининг 22 йиллиги тўлиши билан биз бир-биримизни қутладик. Фаоллар бир-бирлари билан кўришди. Орамиздан жуда кўпчиликни йўқотдик. Айниқса, мана инсон ҳуқуқлари фаолиятига асос солган Абдуманноб Пўлатовнинг руҳини эслаб тиловатлар қилинди. Хуллас, жуда ажойиб, кўзга ëш келтирадиган даражада мана шунақа тадбир ўтказилди.

Озoдлик: Умуман, Ўзбекистон ичкарисида бунақа йиғинларни ўтказиш фақатгина қўрқув билан эмас, балки умуман имконсизлик билан боғланади. Қандай имкон топдинглар шунга?

- Бу йиғилишимиз норасмий ўтказилди. Норасмий ўтказганимизни ҳукумат билмади, десак адашамиз. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам агар, масалан, олдига зўравонликни қўймаса, одам қони тўкилиши мумкин бўлган, ҳалокатга олиб келиши мумкин бўлган мақсадларни қўймаса, йиғилиш қилиш мумкин. Фитналарга олиб борувчи йиғилишларни мен назарда тутаяпман. Мана шунақа йиғилишлар ҳам баъзи бир ташкилотлар томонидан бўлган. Шунинг учун ҳозир, мана айниқса, Америка ҳукумати, Ғарб давлатлари билан яқин алоқалар бошлаган Ўзбекистонда демократик шабада оз бўлса ҳам, эсиб турган бир пайтда нима учун масалан юрагида мухолифатлик эътиқоди бўлган одамлар жим ўтириши керак.

Озодлик: Партия мажлисида иккита муҳим масала кўрилди, деган хабарни олдик. Қанақа масалалар кўрилди?

- Иккита эмас бир нечта. Бу демак фаолиятимизни жонлантириш, Адлия вазирлигига яна мурожаат қилиш. Регионлардаги партияга аъзолик учун ариза берганлар, хайрихоҳлар, имзо қўйганлар жуда кўп сўрашаяптики, “Мана имзо қўйдирдинглар. Мана биз партияга хайрихоҳлик билдирдик. Қани нима иш қилдинглар?”, деган маънода. Мен Эзгулик жамиятининг раҳбари сифатида менга мурожаат қилаëтган фуиқароларнинг сиëсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Адлия вазирлигини, Ўзбекистон ҳукуматини мулоқотга чақирамиз, мулоқотга олиб келамиз.

Озодлик: Мана шу йиғилишда "Бирлик" Халқ ҳаракати партиясининг Қирғизистон масаласида бир баëноти қабул қилингани айтилаяпти. Қисқача шу баëнот мазмуни билан ҳам таништирсангиз.

- Бизнинг яна бир тадбиримиз бор. 28 май кунига белгиладик. Чунки 28 май айнан Бирлик халқ ҳаракатининг тузилган куни. Шу куни Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилади ва Қирғизистон элчихонаси олдида биз ўзбек миллатига нисбатан бўлган қирғинга барҳам бериш, айбдорларни жазога тортиш ва, қолаверса ўзбек миллатини мана шундай хўрлашни тўхтатишни талаб қилиб, баъзи бир тадбирларни ўтказмоқчимиз. Бу ўзбек миллатига нисбатан бориб турган қирғин, бориб турган геноцид. Буни бошқача баҳолаб бўлмайди.

Худди шундай воқеа 20 йил олдин бўлган эди, мана бу йил 21 йил бўлади, 21 йил олдин Ўш-Ўзган воқеалари. Буни фақатгина "Бирлик" Халқ ҳаракати фаоллари Москвада палатка шаҳри қуриб, президентдан талаб қилиб, Ўш-Ўзган воқеаларига сиëсий баҳо берилишини талаб қилиб, уч ойлаб қийналиб туришган. Очлик эълон қилиб туришган. Лекин Ўш-Ўзган воқеаларига ўша пайтда сиëсий баҳо берилмаган. Агар берилганда эди, кечаги воқеа бўлмаган бўларди.

Биз яна талаб қиламиз, Қирғизистонда ўзбек миллатига нисбатан бўлган қирғинни икки миллат ўртасидаги конфликт, яъни уруш, жанжал деб баҳолаш эмас, бунга сиëсий баҳо берилишига эришиш керак. Чунки ҳозир Қирғизистонда ягона бир шиор остида ҳаракат қилинаяпти, сингдирилаяпти. Яъни Қирғизистон фақат қирғизлар учун. Демак бу эртага яна ўзбек миллатига мансуб бўлганларнинг қирилишига, йўқ бўлишига, уларнинг сиқиб чиқарилишига олиб келади. Биз мана шуларнинг олдини олиш учун ҳам бир тадбир қилишни режалаштирдик.
XS
SM
MD
LG