Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:12

Ургутда юзлаб савдогар мулкини қўриб бозорда тунаяпти


Ургутлик савдогарларни "алдаб" кўчириш кор қилмагач, куч қўллаш йўлига ўтилган кўринади.
Ургутлик савдогарларни "алдаб" кўчириш кор қилмагач, куч қўллаш йўлига ўтилган кўринади.

Ўзбекистон бўйлаб савдогарларни ўзларининг ҳисобидан янги жойларга кўчириш ҳаракатлари Ургутга ҳам етиб келди.


Озодликка 11 май куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан бир гуруҳ савдогар аёл телефон қилиб, ўзлари савдо қилиб турган бозордан мажбурий тарзда кўчирилаётганларидан шикоят қилди.

Бу аёлларнинг сўзларига кўра, улар йиллар давомида туман марказидаги “Рисолат” номли буюм бозорида озиқ-овқат сотиб келган. Ҳозирда туман ҳокимлиги уларни марказдаги “Юқори бозор” номли савдо мажмуасига кўчиришга уринмоқда.

Бу бозорга боришдан бош тортаётган аёллар у ер савдо учун ноқулай экани, шунингдек, у ердаги озиқ-овқат сотувчи савдогарлар уларни сиғиштирмаётганидан нолимоқда.

Бизга боғланган савдогарлардан бири Моҳира Рустамова бир ҳафтадан бери ҳокимият ва солиқ идоралари ходимлари милицонерлар билан келиб тинчимизни бузмоқда, дейди.

- Булар бизларни мажбур қилиб олиб чиқиб кетишаяптида. Бир ҳафтадан бери бизларга умуман тинчлик йўқ. Бизларни учта-учта қилиб началник милицияни хонасигама чақиртирди.

Озодлик: Қаерга кўчираяпти сизларни?

- "Юқори бозор"га.

Озодлик: У бу бозордан узоқми?

- Узоқ эмас лекин жойи кичкина. Эски бозорда. Қадимдан қолган бозор. Ремонт қилинган. Ана шу ерга чиқасизлар, дейишаяпти.

Озодлик: Нимага сизлар рози бўлмаяпсизлар?

- Бизлар у ерга сиғмаймиз. Бу бозорда кийим-кечакка келган қишлоқ одамлари бизлардан егулик бир-икки нарса олиб кетади ва шу билан бозоримиз бўлиб, кунимиз ўтадида. Бизларнинг бозоримиз ëнма ëн бўлиши керак кийим-кечак билан, дейди Моҳира Рустамова.

Моҳира Рустамовага кўра, уларнинг “Рисолат” бозоридаги савдоси фақат шу ерга кийим-кечак учун келган харидорларнинг хариди га қараб қолган. Уларни кўчиришга уринилаётган “Юқори бозор”да бу имкон бўлмаслигидан хавотир қилмоқдалар.

- Бизларга ҳозир 1000 сўмлик йўл пулиям проблема бўлаяпти. Бунинг устига у ерда лекин бизларга етарли жой йўқ. Уларнинг халқи “Келма бу ерга. Ўзимиз зўрға ўтирибмиз. Жойингга бориб савдо қил” деяпти.

Озодлик: Сизларни кўчираëтган ҳокимият вакиллари “мана бу ерда савдо қиласиз” деб ўша бозордан жой кўрсатдими?

- Йўқ, ҳали кўрсатгани йўқ.

Озодлик: Лекин ўзингиз турган бозорни ҳозирдан бўшатиб қўйинг деяпти-а?

- Ҳа. “Бўшатиб қўйинг. Ўша бозорга боринглар” деяпти, дейди Моҳира Рустамова.

Яна бир савдогар Дилбар Турсунова ҳам бошқа бозорга кўчирилишларига норозилигини айтар экан, ҳозирги расталарини сақлаб қолиш учун у каби савдогарлар бир неча кундан буён шу бозорда тунаб қолишаётганини айтди.

- Келиб кўрсангиз ҳам бўлади. Ҳозир кўчада, далада ëтибмиз. Энди шу бозорни бузмасин, расталаримизни бузмасин, деб.

Озодлик: Ҳали сизнинг растангизни бузмадими?

- Йўқ, бузгани йўқ. Столимизни синдириб олиб кетамиз деяпти. “Синдириб тракторга ортиб олиб кетамиз. Кетинглар” деяпти. Биз кетмасдан қоровуллик қилиб ўтирибмиз.

Озодлик: Нима учун “Юқори бозор”га боргингиз келмаяпти?

- Ўзларинг келиб кўрсанглар бўлади, у бозор ҳам жуда тор. Кеча бориб айланиб келдим. Кўчаларгача одамлар чиқиб кетган. Вообше жой йўқ. Фақат бизларни алдаяптида. Алдаб бозорни йўқ қилишади. Шу ердан чиқариб юбориш.

Озодлик: Дилбар опа, тайëр бозорни йўқ қилишдан ҳокимият ҳам манфаатдор эмаску. Балки ободонлаштирмоқчидир, балки сизларнинг манфаатингизга “Юқори бозор” яхшидир?

- Йўқда. Бизларга умуман тўғри келмайдида. Мен, тўртта ўғлим, эрим мана шу ердаги дўконда кунимиз ўтади. Тўртта ўғлимга иш йўқ. Улар бу ердан кетса, нима иш қилади? Юқори бозорга сиғишмайди. Улар жой беришмайди, дейди Дилбар Турсунова.

Ундан телефонни олган яна бир Мақсуда исмли кекса савдогар аёл эса шу бир ҳафта ичида бир гуруҳ аёл туман ҳокими қабулига киришга урингани, аммо, уларни қабул қилган ҳоким шикоят қондирилмаслигини айтгани ҳақида сўзлади.

- Оқбўтаевни олдига бордик. Тўрт соат эшигида кутдик. Ишонасизми кабинетида экан, мен бу ерда йўқман дейди. Машинаси шу ерда турган экан. Кечқурун 8 да бизларни чақириб, “Сен кимсан? Радиога берасанми, видеога туширасанми бемалол, бизлар ҳаммангизни видеога тушириб олганмиз. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Бизлар қаерга десак, ўша ëққа борасан. Эркагинг боқсин” деди.

“Эркакларга иш йўқ бўлса, қаерга борсин?” дедик. “Йўқ, менинг айтганим бўлади бу ерда”, деди. “Майли, ёнимиздаги кийим бозор кўчгунча бизлар ҳам савдо қилайлик. Кейин қаерга бўлса, бирга кўчайлик”, десак, “Йўқ, менинг айтганим бўлади. Юқори бозорга борасизлар” дейди.

Нечталаб сағир боқаëтган бор бу ерда, нечта ногирон боқаëтгани бор. Ҳозир битта нонингиз 1000 сўм. Бунақа гапларга қулоқ ҳам солгани йўқ, эшитгиси ҳам келгани йўқ, дейди Мақсуда исмли кекса савдогар аëл.

“Рисолат” бозорида йиллар давомида мева ҳамда кўчат сотиб келган 55 ёшли деҳқон Ҳафиза Меллиева ҳам ўз фикрини айтишни истади ва биз у кишига ҳам микрофон бердик.

- Айланай, бизлар ҳам яшашимиз керак. Ёшим 55 га кирибдики кўчат сотаман. Милиционерлар кўчатларимни тепиб, майдалаб ташлади. Яшашимиз керакку. Саккиз-тўққизта неварам бор. Иморат қилишимиз керак. Шароитнинг ўзи йўқ. “Юқори бозор”га борсак, милициялар кўчатларимизгача тепиб ташлади. Деҳқончилигимизни сотишимиз мумкин эмасми?! “Эналаринг бор, сизларнинг ҳам оталаринг бор. Бизларга бундай азоб берманглар”, дедик. Бизлар ëмғирларда туриб мана шу ерда ëтаяпмиз уйларимиздан кечиб, дейди “Рисолат” бозорида йиллар давомида мева ҳамда кўчат сотиб келган 55 ёшли деҳқон Ҳафиза Меллиева.

Самарқанд вилояти Ургут тумани марказидаги “Рисолат” буюм бозорида озиқ-овқат ва мева-чева сотадиган 55 ёшли савдогар Ҳафиза Меллиевага кўра, у каби бу бозордан кўчирилишидан норози бўлган ва бозор ҳудудини бир неча кундан бери тарк этмай, шу ерда тунаб қолаётган савдогарлар сони 200 га яқин экан.

Биз уларнинг арзи бўйича Ургут тумани ҳокимлигига мурожаат қилганимизда, ҳокимликнинг телефон гўшагини кўтарган ходим бу масалага масъул раҳбарларнинг ҳаммаси йиғилишда экани ва уларнинг бизнинг мурожаатимизга жавоб бериш учун қачон фурсат топиши номаълум эканини айтиб, суҳбатни қисқа қилди.

Эслатиш жоиз бунга қадар ҳам Ургут туман марказидаги буюм бозорининг бир гуруҳ савдогари уларни туман марказидан четда қурилаётган янги бозорга кўчириш ҳаракатидан норози бўлиб бизга боғланган эди.

Ўшанда мухбиримизга жавоб берган туман ҳокими ўринбосари Абдуғаффор Мадаров президентнинг махсус қарори билан тумандаги кичик бозорлар янги қурилаётган савдо мажмуасига кўчирилаётганини айтган эди.

Аммо, бундан норизо бўлаётган савдогарлар эса ҳали янги бозорнинг қуриб битказилмай туриб, уларнинг савдоси тўхтатиб қўйилаётганидан норози бўлмоқда.

Савдогарларнинг аксарияти оиласининг кундалик тирикчилиги шу бозордан тушадиган беш-тўрт сўм даромадга қараб қолгани, 1 сентябр мустақиллик шарафига тушаётган янги бозор битгунига қадар кетадиган 3 ойлик муддат савдосиз қолишса, тирикчилиги ўтмай қолишидан сўзламоқдалар.

Озодлик мухбирлари бу савдогарларнинг мурожаати ва Ургут туманидаги бозорлар билан боғлиқ ҳолатларни ўрганишда давом этади.
XS
SM
MD
LG