Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:17

Каримовни қўллаш Ўзбекистонни ғалаёнлар томон йўллашми?


6 йил ичида Ўзбекистон билан алоқани тўлиқ тиклаган Ғарб ҳукуматлари кескин танқид қилинмоқда.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий осиё давлатлари бўйича департаменти раҳбари Рэйчел Дэнбер Яқин Шарқ давлатларида содир бўлаётган жараёнлар инсон ҳуқуқлари ўта қўпол, ваҳшиёна тарзда бузилиб келаётган Ўзбекистон каби режимлар билан мулоқот, охир-оқибатда, яхши натижага олиб келмаслигини кўрсатишини айтмоқда.

Андижон воқеаларининг 6 йиллиги арафасида яна бир бор Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ ҳукуматига юзланган ташкилот 6 йил муқаддам 13 май куни Андижон шаҳридаги Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларнинг унутилиши Ўзбекистон ҳукумати билан мулқот қилаётган ҳар бир томоннинг зарарига хизмат қилишини урғулайди.

- Яқин Шарқ давлатларидаги кўтарилишлардан, гўёки, “дўст кўринган автократлар”ни сўзсиз қувватлашнинг умри қисқа ва самарасиз экани аниқлигини уқиш лозим. АҚШ ҳамда ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига ўз халқига бу қадар ваҳшиёна муносабатда бўлиш ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларини муттасил эътиборсиз қолдириш унинг учун қимматга тушиши ҳақида аниқ ишорат бериши лозим, - дейди, жумладан, Рэйчел Дэнбер Андижон воқеалари 6 йиллиги арафасида берган баёнотида.

Ҳозирги кунда, нафақат Human Rights Watch, балки кўплаб халқаро ва Ўзбекистон ичида туриб фаолият юритаётган маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари 2005 йилда айнан Андижон воқеалари боис Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция қўллаган Ғарб ҳукуматларининг ҳозирга келиб Ўзбекистон билан алоқаларни чуқурлаштириб бораётгани ва айни кезда бу ҳукуматга молиявий ёрдам бераётганини кескин танқид қилмоқда.

Айниқса, 2010 йил давомида Ўзбекистон ва Ғарб давлатлари ўртасидаги алоқаларининг янада изчиллашгани кузатилди.

Жумладан, Андижон воқеаларидан сўнг ЕИ томонидан 2005 йилнинг 3 октябрида Ўзбекистон ҳукуматининг 12 аъзосига виза тақиқи ҳамда қурол-яроғ эмбаргоси тўғрисидаги санкция қўллаганидан ҳеч қанча ўтмай, Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматовни қабул қилган ва Ўзбекистон билан мулоқот сиёсатининг ташаббускори бўлган Германия ҳукумати ўтган 6 йил ичида расмий Тошкент билан алоқаларини муттасил ривожлантириб келгани ҳозир кўп танқид қилинмоқда.

Германиядаги Яшиллар партияси очиқлаган сўнгги тафсилотларга кўра, 2010 йилда Германия Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳисобига 15 миллион 900 минг евро миқдоридаги маблағ ўтказиб берган.

Бундан ташқари, Human Rights Watch ташкилоти баёнотида Германия ҳукуматининг Афғонистондаги амалиётлар учун Термиз ҳаво базасидан фойдаланиш мақсадида 2005 йилдан 2009 йилга қадар Ўзбекистон ҳукуматига жами 67 миллион 900 минг евро тўлагани ҳақидаги маълумотлар тилга олинган.

Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан аввалига санкция қўллаган, кейин эса уни бекор қилиб, бу каби ҳукуматлар ўз минтақасида хавфсизлик кафолати экани ҳақидаги “узрли” сабаб билан расмий Тошкентга яқинлашиб борган Европа Иттифоқи раҳбарияти эса 2011 йилнинг январ ойига келиб, Брюсселда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни қабул қилди.

Ерокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо билан ўтган учрашув жамоатчиликнинг кескин танқидларига сабаб бўлди ва шу боис Каримовни Брюсселга таклиф қилиш масъулияти Европа раҳбарлари ўртасида сўнгги дақиқаларга қадар баҳс бўлди.

Гарчи, ўшанда президент Каримов билан учрашган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен учрашув таклифи Каримовдан чиққанини айтиб, бундай масъулиятни ғарб ҳукуматлари зиммасидан соқит қилишга уринган бўлса-да, Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг самарали эканини айтиб, охир-оқибатда, қарз икки қўлдан чиқаётганини билвосита тан олишга мажбур бўлган эди.

Айни кезда Тошкентда Европа Иттифоқи ваколатхонасини очишга ҳозирлик бораётгани эса Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар 2005 йил Андижон қирғинидан аввалги ҳолатига деярли қайтиш арафасида эканидан далолат сифатида баҳоланмоқда.

Андижон воқеаларидан кейинги илк кезда бу қирғин учун Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилган, кейинчалик эса, кескин танқид эмас, мулоқот йўлини тутган АҚШ ҳукумати ҳам президент Барак Обама етакчилигида расмий Тошкент билан максимум даражада яқинлашиш имконларини ишга солмоқда.

Афғонистондаги НАТО амалиётлари учун асосий таъминот йўли бўлган Шимолий таъминот тармоғи лойиҳасининг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори саналган расмий Тошкент 2010 йилда ҳам кўплаб АҚШ мулозимларини қабул қилди.

АҚШ ҳукуматининг дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари устиворлиги учун курашишдек қадриятларига зид равишда Каримов режими билан мулоқот юритаётгани учун Конгресс аъзолари танқидига қарамай Обама маъмурияти 2012 йилда Хорижий Ҳарбий Молиявий ёрдам стратегияси доирасида Ўзбекистонга ҳарбий-молиявий ёрдам бериш ниятини билдирган.

Шу тариқа, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти аъзолари ва Ўзбекистон мухолифат гуруҳларининг таъкидича, 2005 йилда содир бўлган Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасига тушган совуқлик орадан ўтган 6 йил ичида тиклана-тиклана, қарийб воқеалардан аввалги ҳолига қайтди.

Андижон воқеаларидан кейинги 6 ичида воқеаларнинг бундай ривожини танқид қилаётганлар президент Каримов етакчилигидаги диктатура режимини бу таҳлит қувватлаш Ўзбекистонни ҳам кўра-била туриб, Яқин Шарқ давлатларидаги каби сиёсий инқироз ва қонли ғалаёнлар томон йўллашдир, демоқдалар.

Шу ўринда, Ўзбекистон ва Ғрб ҳукуматлари ўртасида 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин кечган муносабатлар сил-силасини қисқагина ёдингизга солсак:

- 2005 йилнинг 13 майида Андижон шаҳрининг Бобур майдонида йиғилган минглаб намойишчи ҳукумат қўшинлари томонидан аёвсиз ўққа тутилди.

- 2005 йилнинг 3 октябрида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкция қўллади. Бу санкция ЕИ-Ўзбекистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик келишувини қисман тўхтатиш, 12 ҳукумат аъзосига виза тақиқи ва қурол-яроғ эмбаргосини ўз ичига олди.

- 2006 йил аввалидан санкциялар юмшатила бошлади ва ЕИ-Ўзбекистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик келишуви тўлиқ тикланди. Шу йилдан бошлаб ЕИ раҳбарияти Андижон воқеалари устидан халқаро текшриув ўтказилиши ҳақидаги чақириқриқни кун тартибидан туширди.

- 2007 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг 12 аъзосига жорий қилинган виза тақиқи бекор қилинди.

- 2008 йилда президент Ислом Каримов Андижон воқеаларидан сўнг илк бор Руминияда ўтган НАТО саммитида иштирок этди.

- 2009 йилнинг октябр ойида рамзий чора, дея танқид қилинган қурол-яроғ эмбаргосини бекор қилинди ва шу билан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция тўлиқ бекор бўлди.

- 2011 йил январ ойида Ислом Каримовни Брюсселда Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо қабул қилди.
XS
SM
MD
LG