Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:29

Террорчиликда айбланган журналистнинг ҳимоячилари кўпаймоқда


Туркия ҳукумати журналист Али Усмон Зорни террорчиликда айбламоқда.
Туркия ҳукумати журналист Али Усмон Зорни террорчиликда айбламоқда.

Туркиялик ҳуқуқ фаоллари Қирғизистонни журналист Али Усмон Зорни расмий Анқарага топширмасликка чақирмоқда.

Террорчиликда айбланиб Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган туркиялик журналист Али Усмон Зорни ҳимоя қилиш учун Туркиядан “Янги давр” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Гувен Йилмаз Бишкекка келди. Унинг айтишича, агар Али Усмон Зорни Туркияга экстрадиция қилинса, халқаро ҳамжамиятда Қирғизистон ўзининг демократик давлат деган обрўсига путур етказиши мумкин.

- Бир қатор ташкилотлар ва одамлар Али Усмон Зорни қамоқда сақлаш ноқонуний эканини айтиб, адолатни талаб қилмоқда. Бу иш Қирғизистоннинг обрўсига путур етказади. Биз ҳаммамиз бу фикрларга қўшиламиз. Қирғизистон қочқинлар борасидаги Женева Конвенциясини имзолаган. Али Усмон Зорга Туркияда сиёсий тақиб бўлмоқда. Сиёсий қочқин мақомини бериш масаласи кўриб чиқилгунича унинг қамалиши ноқонунийдир, - деди Гувен Йилмаз.

2009 йилдан бери Бишкекда яшаб келаётган туркиялик журналист Али Усмон Зор ўз ватанида халқаро террорчи гуруҳга алоқадорликда ва Истанбулда 22 кишининг ҳаётига зомин бўлган террорчилик ҳаракатини уюштирганликда айбланади.

Туркия томонининг билдиришича, Али Усмон Зор таъқиқланган “Буюк ислом шарқи жангчилари жабҳаси” ташкилотининг аъзоси. Туркияда Али Усмон Зор террорчилик ҳаракатига алоқадорликда айбланиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бироқ туркиялик ҳимоячилар бу айбловларни асоссиз эканини айтишади:

- “Али Усмон Зор “Ал-Қоида” террор ташкилотига аъзо”, деган сўзлар пайдо бўлмоқда. Усмон Зор бу ташкилотнинг аъзоси эмас. Бу сўзлар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди, - деди Туркиядан келган “Янги давр” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Гувен Йилмаз.

Унинг айтишича, Али Усмон Зор Германия ва бошқа ғарб давлатларидан сиёсий қочқин мақомини олиш имконига эга бўлган. Бироқ у “қондошлар” деб Қирғизистонга келган.

Бишкекда яшаётган туркиялик журналист Али Усмон Зор Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 2 май куни ҳибс қилинган:

- Туркия махсус хизматларининг бизга берган материалларига асосан, Усмон Зор “Буюк ислом шарқи жангчилари жабҳаси” террористик ташкилотининг фаол аъзоси. 2011 йилнинг март ойида Қирғизистон Бош прокуротурасига Ташқи ишлар вазирлиги орқали Туркия элчилигидан “Буюк ислом шарқи жангчилари жабҳаси” террористик ташкилотининг аъзоси, Туркия фуқароси Али Усмон Зорни қўлга олишга ёрдам бериш борасида нота келган, - деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Нурланбек Тўқталиев.

Туркия фуқароси Али Усмон Зор ўтган йили июнида Қирғизистон Меҳнат ва миграция вазирлигига қочқин мақомини беришни сўраб мурожаат қилган.

Вазирлик тарқатган маълумотга кўра, ҳозирда Али Усмон Зорнинг аризаси кўриб чиқилмоқда ва июн ойи бошларида бу борада қарор чиқиши мумкин:

- Туркия Республикаси фуқароси бизга 2010 йилнинг 15 –июнида қочқин мақоми берилишини сўраб мурожаат қилган. Амалдаги қонунга асосан, вазирлик бир йил ичида ўз жавобини бериши керак. Ҳозир ариза кўриб чиқилмоқда. Июн ойи бошларида бу масала ҳал бўлиб қолса керак, - деди Меҳнат ва миграция вазирлиги матбуот котиби Назгул Мурзаева.

Туркиялик журналист Али Усмон Зор 1968 йилда туғилган. У Туркияда бир қатор мухолиф нашрларга асос солгани ва Туркия ҳукуматини қаттиқ танқид қилиб келгани айтилади.

Туркия фуқаросига Қирғизистондаги “Адилет” ҳуқуқий клиникаси, ҳуқуқ ҳимоячиси Тўқтаайим Уметалиева, шунингдек, “Тоза Дин” ва “Қирғиз халқ ботирлари” нодавлат ташкилотлари ҳуқуқий кўмак кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG