Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:20

АҚШда Ўш қирғини муҳокама қилинди


АҚШга борган қирғиз делегацияси вакиллари Ўш қирғини бўйича Киммо Килюнен (суратда) бошлиқ халқаро комиссия хулосасини бир томонлама, деб баҳолаганлар.
АҚШга борган қирғиз делегацияси вакиллари Ўш қирғини бўйича Киммо Килюнен (суратда) бошлиқ халқаро комиссия хулосасини бир томонлама, деб баҳолаганлар.

Қирғизистон делегацияси Вашингтонда Ўш қирғини юзасидан халқаро комиссия ҳисоботини муҳокама қилди.

Таркибига парламент депутатлари, президент, ҳукумат ҳамда нодавлат ташкилотлари вакиллари кирган делегация Вашингтондаги Миллий демократия институтида Ўш қирғини юзасидан халқаро комиссия ҳисоботини муҳокама қилгани тўғрисида қирғиз матбуоти 25 май куни ахборот тарқатди.

Қайд этиш ўринлики, мазкур делегация таркибида ўзбек миллатига мансуб бирорта ҳам вакил йўқ.

Аснода делегация таркибига парламент депутати, Қирғизистондаги Тожик миллий маркази президенти Равшан Собиров ҳам киритилган. У муҳокамада Қирғизистон ҳукумати халқаро комиссия ҳисоботида берилган тавсияларни бажаришга ҳаракат қилишини таъкидлаб, айни пайтда халқаро комисся хулосаси бир томонлама бўлиб қолганини ҳам урғулаган.

Равшан Собировга кўра, Қирғизистон делегацияси Халқаро комиссиянинг “Ўшда инсониятга қарши жиноят содир этилган” деган хулосасига қўшилмаслигини ҳам билдирган.

- Биз бу хулосага қўшилмаймиз. Чунки бизда инсониятга қарши жиноят деган ҳуқуқий тушунча йўқ. Қирғизистон делегацияси АҚШдаги нодавлат ташкилотлари, Давлат департаменти ва АҚШ Конгрессида бўлган урчашувлари чоғида халқаро комиссия ҳисоботи бир томонлама бўлиб қолганини тушунтиришга ҳаракат қилди, - деди Равшан Собиров.

Айни пайтда Равшан Собиров АҚШдаги учрашувларда ўшлик ўзбеклар ҳуқуқларининг бузилаётгани масаласига катта эътибор берилганини ва Қирғизистон делегацияси бу эътирозларни қабул қилганини билдирди:

- Қамоққа олинаётган ўзбеклар масаласига катта эътибор берилаяпти. Бундан ташқари, “Давлат бошқарувида ўзбекларнинг иштироки қай даражада?” деган савол ҳам кўндаланг қўйилмоқда. АҚШ томони бу борада ўз тавсияларини ҳам бермоқда. Албатта, биз бу эътирозларни қабул қилдик, - деди тожик миллий маркази раиси Равшан Собиров.

Қирғизистон делегацияси АҚШдаги учрашувда ҳукумат халқаро комиссия ҳисоботига тўла қўшилмаса-да, халқаро комиссия ва халқаро ҳамжамият тавсияларини тўлалигича амалга оширишга ҳозир эканини ҳам билдирган.

Қирғизистон делегацияси Вашингтонда мана шундай ваъдаларни бераётган бир паллада Бишкекда Ўш қирғинини ўрганган халқаро комиссия ва унинг раиси, финландиялик сиёсий арбоб Киммо Килюненга қарши ахборот уруши авжига чиқмоқда.

Қирғизистондаги қирғиз тилли барча газеталар, Қирғизистон жамоатчилик телеканали ва 5-ахборот телеканали бу урушнинг илғорлари бўлмоқда. Бишкекдаги бир қатор нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳам бу йўналишда фаоллик кўрсатмоқдалар.

Масалан, 5-телеканалда “Киммо Килюнен Финландияда коррупционерликда гумон қилинади ва у ҳеч қандай сиёсий обрўга эга эмас, у мазкур ҳисобот учун ўзбеклардан пора олган” қабилидаги ахборотни эфирга узатди.

Қирғизистон Жамоатчилик телеканалининг “Эркин сўз” кўрсатувида эса комиссия хулосаси қораланган махсус муҳокама бўлиб ўтди. Муҳокама сўнгида унда қатнашган сиёсий арболар ва парламент депутатлари бир овоздан “Киммо Килюнен қирғиз халқини ва унинг тинчлигини кўра олмайди” деган хулосага келишган.
XS
SM
MD
LG