Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:21

Эрон суди "кўзга кўз" қасоси сўралган даъвони қондирди


Амени Баҳромий турмушга чиқиш таклифини рад этгани учун ҳам хуснидан, ҳам кўзидан айрилди.
Амени Баҳромий турмушга чиқиш таклифини рад этгани учун ҳам хуснидан, ҳам кўзидан айрилди.

Юзига кислота сепилиб кўр қилинган аёлнинг жиноятчини ҳам кўр қилиш даъвосини қондирган суд энди ҳукмнинг ижроси устида бош қотирмоқда.


Никоҳни рад этгани учун кўзларидан айрилган аёл

Турмушга чиқиш ҳақидаги таклифни рад этгани учун бундан икки ярим йил муқаддам ҳам икки кўзи, ҳам ҳуснидан айрилган 32 ёшли Амени Баҳромий, дастлаб судда уни шу куйга солган Мажид Моваҳедийнинг ҳаётини ҳам ўзиники каби зимистонга айлантиришни сўраган эди.

Шарият қонунларига асосланган Эрон Адлия тизимида қасос ҳаққи бор ва даъвогар Амени Баҳромий бу ҳақнинг “кўзга кўз” даражасида аниқ ижро этилишини талаб қилишга ҳақли.

Судя: “Бу йигитнинг ҳам юзига кислота сепишни истайсизми?” деб сўраганида Амени “Йўқ, мен буни қилолмайман, бу даҳшатли. Яхшиси унинг кўзларига 20 томчи кислота томизинг, токи у мени қандай азобга солганини тушунсин”, деб жавоб берган эди.

Шу тариқа Эрон суди қизнинг даъвосини қондирган, аммо, 20 томчи эмас, 5 томчи кислота билан Мажид Моваҳедийнинг ҳар икки кўзини кўр қилишга қарор қилган эди.

Аммо, суднинг бу қарорини ижро этиш бобида муаммо пайдо бўлган.

Шифокорлар 5 томчи кислота йигитнинг кўзини кўр қилиш билан бирга унинг нерв тизимига ҳам зарар етказиши мумкинлигини аниқлаганида судя бу қасоснинг “кўзга кўз” даражасида аниқ ижро этилишига монеълик қилишини айтиб, кўзни кўр қилишнинг шундай йўлини топингки, бундан Мажид Муваҳедийнинг бошқа тана аъзоларига зарар етмасин, мазмунида шифокорларга топшириқ берган эди.

Мана икки ярим йил ўтдики, суд ҳукми ижро этилмай келмоқда.

Амени Баҳромий эса бу давр ичида 17 бора жарроҳлик амалиётидан ўтди ва кўзларига нур қайтмади. Мафтункор ҳусн ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас.


Жиноятчининг 2 кўзи учун 2 миллион евро сўралмоқда

Озодликнинг эрон хизмати мухбири билан интервюси чоғида Амени суд қарори ижроси кечикаётганидан норозилигини очиқ айтди.

- Суд фикрича, 5 томчи кислота кўзига қуйилса, Мажид ўлиши мумкин эмиш. Лекин, у менинг юзимга кислотани сепиб юборганида мен ўлмадимку! 5 томчи кислота билан у менга етказган азобининг 10 фоизини ҳам тортмайди,- дейди Амени Баҳромий.

Амени Баҳромий билан содир бўлган бу воқеа ўша кездаёқ кенг жамоатчиликка ошкор бўлган эди.

“Суд жараёни ҳам кенг ёритилган ва ўшандаёқ қозият бу ҳукмнинг ижросини бироз кечиктиришга қарор қилган бўлса керак”, дейди эронлик журналист Ҳуссайн Ориён.

- Эҳтимол, бу ҳукмнинг ижроси воқеа айнан матбуот тилига, бўлиб ҳам, ғарб матбуоти тилига тушгани, бунинг эса Эроннинг нуфузи учун ёмон экани боис кечиктирилган бўлиши мумкин, - дейди Ҳуссайн Ориён.

Аммо, Эрон судларида қасос ҳаққи берилган ҳукмлар учраб туради ва Ҳуссайн Ориён яқиндагина икки эркак ўзаро жанжаллашиб, бир-бирининг юзига кислота сепиб юборгани учун улардан бирига ҳам қасос олиш ҳаққи берилган яна бир воқеани тилга олди.

- Лекин, бу икки киши ишида яна бир жиҳат бор. Кислота сепилган одамнинг қулоғига ҳам шикаст етган ва судда ўтирган муллалар жавобгарнинг қулоғини ҳам кислота билан жароҳатламай, балки кесиб ола қолиш керак, деган қарорга келишган. Биласизми, умуман қасос пратикаси ва унинг айнан “кўзга кўз” шаклида 21 асрда ижро этилиши мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолдир ва Эронда жуда кўпчилик бунга йиллар давомида қарши чиқиб келмоқда, - дейди Ҳуссайн Ориён.

Аслида, Амени Баҳромий ҳам бу амалиётга қарши эканини айтади.

- Мен унинг икки кўзи учун 2 миллион евро пул сўрадим. Ўзимга етган зарар учун 200 минг АҚШ долларига яқин “қон пули” ва суддан унинг бир умрлик қамоққа ҳукм қилинишини сўрадим. 2 миллион еврони келажак ҳаётимни таъминлаш учун сўраяпман, - дейди Амени воқеа содир бўлган илк кунлардаги аччиқ алам, изтироб бироз босилгач жавобгарга ҳам айни азобни раво кўрмаётганини айтиб.

Аммо у Эроннинг Адлия тизимига ишонмаслигини айтар экан, товон пули бир амаллаб унидирлган тақдирда ҳам бу йигитнинг умрбод қамоқда қолишига ишончи комил эмаслигидан хавотир қилмоқда.

- Қози уни бир умрлик қамоққа ҳукм қилса ва у ростдан ҳам қамоқда ўтирсагина мен унинг кўр қилинмаслигига рози бўлишим мумкин,- дейди Амени.


Қўҳна дунё - муҳаббатдан туғилган қасос

Аменининг хавотирига асоси шуки, Муваҳедий уни Теҳрон университетида ўқиб юрган кезларида узоқ таъқиб қилган.

Амени Мажиднинг муттасил таъқибларидан қочиш учун "оилалиман", дея ёлғон сўзлаганидан сўнг йигит унинг юзига кислота сочишга қарор қилган.

Судда Мажид Муваҳедий буни тан олар экан: “Шундай қилсам, уни эри ташлаб кетади ва мен унга уйлана оламан, деб ўйлаган эдим”, деб жавоб берган.

Судянинг: “Шу ҳолида унга уйланишга розимисиз?” деган саволига эса: “Ҳа, мен уни севаман”, деб жавоб берган эди.

Эндиликда Амени қамоқдан чиққудек бўлса, бу йигит яна уни таъқиб қилишидан хавотир қилар экан, бундай ҳолларда Эронда аёл кишининг ҳимоясиз қолишини урғулайди.


Қасос ҳаққи одамларни жиноятдан тиядими?

Эронлик журналист Ҳуссайн Ориён: "Амени ва Мажид ўртасидаги бу воқеа ва бу воқеага нисбатан суд чиқарган ҳукм, бундан ҳам қизиғи, бу ҳукмнинг ижроси устидан муллаларнинг юритаётган мулоҳазалари яшаб турганимиз 21 аср да жуда ҳам эриш туюлади", дейди.

- Эронда кўпчилик бунга қарши. Чунки, бу ноинсоний ҳатти-ҳаракатдир. Лекин улар шариятдан қасос ҳукмини олиб, бугунги замонавий дунё билан ҳисоблашмай, уни ижро этишга чоғланишмоқда. Аммо бундай ҳулқ-атвор билан бу режим яна қанча яшаши мумкин, буни ҳеч ким билмайди, - дейди эронлик журналист Ҳуссайн Ориён.

Бироқ, дунё жамоатчилиги ҳамда ўз халқининг эътирозларига қарамай, Эронда қасосга оид ҳукмлар ижро этиб келинмоқда.

Теҳрон прокурори ўринбосари: “Агар бу воқеа матбуотда кенг ёритилса, бу каби инцидентларнинг такрорланиши олдини олади. Жазо муқаррарлигини билиш ижтимоий жиноятларни тўхтатишда катта рол ўйнайди”, дея интервю берган эди хориж матбуотининг бу борадаги саволларига жавобан.

Аммо, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи институтлар прокурорнинг бундай даъвосига қарши чиқиб, ҳатто Эрон мисолида бундай амалиётнинг самарасиз эканини айтиб келади.


Судлов эски, аммо ижро тизими замонавийлашган

Эронлик журналист Ҳуссайн Ориёндан Эронда қасос ҳукмининг ижро этилиши тартиби ҳақида ҳам сўрадик.

- Агар ҳукм ижро қилинса, ҳукм қилинган одамнинг кўр қилиш маросими шифохонада ўтказилиши керак эди. Бу маросимни шифокорлар назорат қилади ва маҳкумга олдин оғриқни сездирмайдиган дори берилади. Кейин кислота томизилиб, унинг кўзлари кўр қилинади, - дейди Ҳуссайн Ориён.

Айни пайтда журналист Эронда шариятга асослангани айтилган қонунлар эмас, балки бу қонунлар асосида чиқарилган ҳукмларнинг ижро этилиши замонавийлаштирилаётганини урғлайди.

Мисол учун, ўғирлик қилган кишиларнинг Эронда қўллари кесилади.

- Улар замонавий тизимни – шифохоналар, шифокорлар, дори-дармонларни қўллайди. Ўғри қўли кесилаётганини ҳис қилмайди ҳам. Лекин шунда ҳам бу жуда даҳшатли, менимча,- дейди эронлик журналист.

Аммо баъзан Эронда суд ҳукми, айниқса, олий жазо турлари жамоат кўз ўнгида ижро этилади.

- Шундай мисоллар ҳам борки, улар маҳкумларни жамоат кўз ўнгида кўтарма кранларда осишган. Бу жуда ваҳшиёна манзара. Уларнинг мантиғи шуки, шу таҳлит ижро этилган жазони кўзи билан кўрган одамлар жиноятдан тийилиши мумкин, гўёки. Аммо тарихдан биламизки, бу мантиқ нотўғридир. Тўғри, ўлим жазоси кўп давлатларда бор. Аммо унинг Эрондаги каби инсонлар кўз ўнгидан ваҳшийларча адо этилишини ва умуман, бундай жазони қабул қилиб бўлмайди, - дейди Эрон адлиясида қасос ҳаққи ва бу ҳақнинг ундирилиш системаси ҳақида сўзлай туриб Ҳуссайн Ориён.

Эронча шарият абадийми?

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ва турли давлатлар ҳукуматлари йиллар давомида Эрон раҳбариятидан Адлия тизимини умуминсоний ҳуқуқ нормаларига мос равишда ўзгартириш ва айниқса, маҳкумларни жамоат жойларда қатл қилиш, жазолаш, сазойи қилиш амалиётлардан воз кечишни талаб қилиб келади.

Бироқ бу талаблар гўёки туби кўринмас қудуққа ташланган тош каби акс-садосиз қолмоқда.

- Йиллар давомида биз Эрон ҳукуматидан бундай Адлия тизимини ўзгартиришига ишорат бўлувчи бирор оғиз сўз эшитмадик. Уларнинг асоси шуки, бундай Адлия тизими Қуръонга асосланган, шариат шу ва у абадий шундай қолиши керак. Аммо мен шариат айнан шундай экани ва унинг абадий шундай қолишини ҳамма мусулмонлар қувватлашига ишонмайман. Энг муҳими, бу тизим шу аҳволида узоққа бора олиши мумкинми? Бугун бунга жуда кўпчилик шубҳа қилса керак, - дейди эронлик журналист Ҳуссайн Ориён.
XS
SM
MD
LG