Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Фарғона аэропортида йўловчилар ноутбуки текширилмоқда


“Эркин микрофон”га қўнғироқ қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Фарғона аэропортида ахборот ташувчи воситалар қаттиқ текширилаётганини айтди.


У киши шу йил май ойида Россиядан учиб, Фарғона аэропортига қўнганида божхона хизмати ходимларининг Ўзбекистонга Россиядан кираётган йўловчилар ёнида бўлган қўл телефони ва ноутбукларни алоҳида тешкшираётганига гувоҳ бўлган.

Суҳбатдошимизнинг ёнида ноутбук бўлган ва божхона ходимлари компютерни текшириб, у ерда Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланган маълумотлар бор, деб топишган ва суҳбатдошимизга кўра, шу асосда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши мумкинлигини айтишган.

Биз бу кишидан воқеа тафсилотларини аниқ суриштирдик ва бу воқеа сизни ҳам қизиқтирса керак, деган тахминда суҳбатни сизга ҳавола қилишга қарор қилдик.

Суҳбатдошнинг илтимосига кўра, унинг исми ва воқеа содир бўлган санани ошкор қилмаяпмиз.

- Текширув бир-бир ярим соат давом этди. Таможнялар қўл телефонлари, компютерлар, жëсткий дисклар ҳаммасини бир бошдан текшираëтган экан. Ноутбук бор эди. Ноутбукни ëқинг, деди. Ноутбукнинг сумкасида жëсткий диск бор эди. Оддий кинолар, ҳар хил нималар бўлган. Программаси бор экан. Шуни компютеримга ўрнатишиб, ҳалиги программада неча марта қайси сайтга киргансиз, ferghana.ru, ozodlik.org сайтларига кирганларимизнинг ҳаммасини аниқлаб, “Бу сайтлар Ўзбекистонда запрет қилинган. Сиз нимага бунақа сайтларга кираяпсиз? Мумкинмас” деди.

Вебсайтнинг кўриниши борку, ўшалар ҳам компютерда қанақадир маълумот бўлиб қолар экан. “Мана шу маълумотларни нима қилгансиз. Мумкин эмас. Буларнинг ҳаммасини текширувга берамиз. Мустақил экспертларимиз таҳлил қилгандан кейин қайтиб берамиз” деб ноутбук, қўл телефони ва жëсткий дискларни олиб қолишди. “Агар икки-уч куннинг ичида текшириб, бу ерда запрешенний нарса топа олмасак, қайтиб берамиз” деб айтишган эди.

Бизда қонунлар ҳаққониймас, деб адвокатга учрашдим. Адвокат бориб суриштирса, “Бунга жиноий иш қўзғаймиз. Бу нарсалар мумкин эмас. Блокировка қилинган сайтлардан олинган нарсалар Ўзбекистонга олиб кирилаяпти”, деб 244-1 деган модда бор экан жиноят кодексида. “Ўша бўйича иш қўзғаймиз” дебди.

Ишонсангиз, Ўзбекистонга кирдим, обедгача ўша адвокат билан овора бўлдим. Уйга ҳам етиб бора олмадим. Фарғонадан бизнинг уйимизгача 70 километр. “Бу ерда юрмаганингиз маъқул. Агар сизни розискка бериб юборса, умуман бу ерда сиз чиқиб кета олмайсиз. Ҳозир уйингизда сизни пойлаб турган бўлиши мумкин. Кейин сизни олиб кетади” деди адвокат. \

Худодан кўрдим, нима бўлса бўлди, деб уйга кириб болалар билан кўришиб, ярим соат бирга ўтириб, Россиянинг любой шаҳрига билет бўлса бўлди, деб билет олиб учиб қайтиб келдим. Ҳозир шу пайтгача аниқ маълумот йўқ. Икки куннинг бирида адвокатга телефон қилиб хабарлашаман.

Озодлик: Уларни нима маълумот кўпроқ қизиқтирди? Компютерингизни очиб текшираëтганда, кўпроқ сиëсий мазмундаги вебсайтларга кирганингиз қизиқтирдими ëки диний мазмундаги вебсайтларга кирганингиз қизиқтирдими?

- Асосийси “Сиëсат билан шуғулланар экансиз. Шунинг учун компютерингизни бир қатор текширмасак бўлмайди”, дейишди.

Озодлик: Сиëсат билан шуғулланишингизни қаердан билди улар?

- Компютердаги кирилган сайтлардан билди.

Озодлик: Ака, қандай бўлди бу жараён? Аэропортга келдингиз, тушдингиз. Улар ҳамманинг компютерини очиб, бирма-бир қайси сайтга кирганини текшираяптими ëки конкрет сизни текширдими?

- Кўпроқ меҳнат муҳожилари, мардикорлар учганлиги учун ҳаммада ҳам компютер бор дейишнинг ўзи нотўғри. Менга ўхшаб қўлида ноутбук билан учадиганлар 10-20тадан битта бўлиши мумкин. Лекин меникини текширишди. Бошқаларнинг ҳам телефонларини жуда қаттиқ текширишаяпти. Қўлдаги телефонлар, флешкаларни олиб текшириб, кейин ҳам эшитдим, нотўғри маълумотлар борми-йўқми кўпроқ шунга ишқибоз бўлишаяпти. Кейин ўзимнинг фикримча, бўйсунмаслик акцияси, кейин яна нимадир бўлиб кетаëтган эдию ўша кунлари...

Озодлик: СМС инқилобими?

- Ҳа, ҳа. Шу нуқтаи назардан кўпроқ бу ҳақда маълумотлар Россияда кўпроқ, уларнинг иштирокчилари Ўзбекистонда ташқарида кўпроқ бўлганлиги учун шу ҳақидаги хабарлармикан сабаби деб ҳам ўйладим.

Озодлик: Сиз нима деб ўйлаяпсиз энди, нима учун сизга улар жиноий иш қўзғатиш ҳаракатига тушишган? Ростдан ҳам бирор-бир сиëсий фаолият билан шуғулланасизми ўзи ёки сиёсий вебсайтлардаги ахборотларни ўқиганингизнинг ўзи кифоя қилдими уларга?

- Ҳеч қанақа сиëсий ишлар билан шуғулланмаганман. Ўзимнинг ишим ўзимга етиб ортади. Фақат бу ерда иш кетаяптики, Ўзбекистонда биласиз жуда кўп сайтлар блокировка қилинган. Жуда кўп ëпилган сайтларни биз Россияда очишимиз мумкин. Худди ўша Ўзбекистонда ëпилган сайтлардан маълумот олиб, Россиядан келганлар тарқатишаяпти, деган нуқтаи назардан улар текширишаяпти, дейди суҳбатдошимиз.

Ҳозир бу суҳбатдошимиз Россияда юрибди ва Ўзбекистонда унинг ортидан жиноий иш қўзғатилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирда кун кўрмоқда. Эслатамиз, суҳбатдошнинг илтимосига мувофиқ унинг исми ва воқеа содир бўлган санани ошкор қилмадик.

Биз бу суҳбатдан сўнг Фарғона аэропортига боғландик.

Журналистлигимизни айтиб, мурожаат қилганимиз боис аввалига ахборот олишнинг мутлақо имкони бўлмади ва шу боис халқаро амалиётда мавжуд услублардан бирини қўллашга мажбур бўлдик.

Аэропортнинг божхона хизматига Россиядан Ўзбекистонга боришни режа қилаётган меҳнат муҳожирларидан бири бўлиб боғланган эдик, божхона ходими нафақат маълумот берди, ҳаттоки қўшимча маълумот учун учраш мумкин бўлган яна бир манзилни ҳам тавсия қилди.

Озодлик: Мен битта танишимиздан эшитдимки, ноутбук, мобил телефон билан борган экан. Ноутбугини роса текширишибди у ерда.

- Текширадида конечно. Просто текширамиз, бўлди. Порнография бўлмаслиги керак, диний адабиëт бўлмаслиги керак. Нормалний тўппа-тўғри нарсалар бўлса, бемалол олиб кириб олиб чиқаверади. Ҳеч ким тақиқлай олмайди ҳам, тақиқлагани ҳам йўқ.

Озодлик: Ўзбекистонда очилмайдиган вебсайтлар ҳам бўладию диний мазмундаги, масалан quron.com сайти каби. У киши шунақа сайтларга кирган экан. "Аэропортда махсус программа ўрнатилди ва ўша программа билан қайси вебсайтларга кирганим, қачон кирганим ҳаммасини текшириб, кейин компютерларимни қайтариб беришмади", деди.

- Фамилияси борми ўша одамнинг?

Озодлик: Мен фамилиясини айта олмайманда. У кишига муаммо бўлиб қолсачи?

- Ложний информация бериб халқ орасида нима қилса яхшими энди?

Озодлик: Ўшанинг аниғини билайлик деб телефон қилаяпманда. Масалан, Қуръон бўлса ноутбукда ëки мобил телефонда. Кейин ўзимизнинг бир-иккита ўзбекча вебсайтлар ҳам борку. Лекин уларнинг кўпи Ўзбекистонда очилмайди. Масалан, Озодлик деган радио бор. Ўзбекистон билан боғлиқ қизиқ нарсаларни беради. Озодликнинг вебсайтига ҳам кирган экан. Мумкин эмасми уларга кириш?

- Кирса киради, лекин ҳаракатларига жавоб берадида ноқонуний ҳаракат қилса.

Озодлик: Қанақа масалан? Қайси ҳаракати ноқонуний ҳисобланишини билмоқчиман.

- Леки раз олиб қўйган бўлса, уже проблема бўлиб бўлдида у одамга.

Озодлик: Олиб қўйибдимишда. Энди у киши қайтариб ололмаяпти эмиш. Қаттиқ текширишаяпти, деяптида.

- Қаттиқ текширамизда. Мажбуриятимиз текшириш. Тўғри маънодаги нарса бўлса, ҳеч кимнинг эътирози ҳам йўқ.

Озодлик: Ноутбукда нималар бўлмаслиги керак? Ўша ҳақда айтиб қўйинг. Quron.comдан Қуръонни кўчириб оламиз кўпинча.

- Қуръон бўлса, ҳеч ким тақиқлай олмайди Қуръонни. Бизга запрешен нарсаларни олиб кирмаслиги керак, бўлди.

Озодлик: Аудеода ëзилган бўлса, бемалол кирса бўлаверадими?

- Бўлаверади. Текшириб чиқариб юборилаверади.

Озодлик: Демак, ноутбукнинг миясини топ-тоза қилиш керакми боришдан олдин?

- Керак бўлса, кўтарилади у нарса. Хотираси тикланади. Шунинг учун тўғрима-тўғри нарсаларингиз бўлса, ...

Озодлик: Қаердан билса бўлади ахборотларнинг тўғри ëки тўғри эмаслигини?

- Фарғона университетини биласизми?

Озодлик: Ҳа, биламан.

- Ректоратда ректор бор. Ўшанга учрасангиз, переченни беради сизга.

Озодлик: Нималар мумкин, нималар мумкин эмаслиги ҳақида рўйхат борда-а?

- Ҳа.

Озодлик: Телефондачи? Мобил телефонда нималарга эҳтиëт бўлишимиз керак?

- Телефон носител информации ҳисобланади. Видеоролик бўлиши мумиин, аудеоролик бўлиши мумкин. Келсангиз, мана бу ерда мен сизга тушунтираман. Ҳозир телефонни кўп банд қила олмайман. Ёки ўша ректоратга боринг, Раҳматжонга учранглар, дея ўз сўзига якун яасади Фарғона аэропортининг Божхона назорати қисмида телефон гўшагини кўтарган ва ўзини таништирмаган ходим.

Яна бир бор эслатамиз, расман қилган мурожаатларимизга жавоб ололмаганимиз боис, божхона хизматига Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири сифатида телефон қилишга мажбур бўлдик ва эшитганингиз жавобларни олдик.

Маълум бўлдики, ҳақиқатда ҳам шу кунларда бу аэропортда ахборот ташувчи техник воситалар қаттиқ назорат қилинмоқда ва тақиқланган маълумотлар сирасини билишни истовчилар эса Фарғона давлат университети ректоратига учрашиши мумкин экан.

Биз эса бу рўйхатни ҳам олишга уринишда давом этамиз, демакки мавзуга яна қайтамиз.
XS
SM
MD
LG