Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:17

Ўзбекистонда Хотин қизлари қўмитаси раиси яна алмашди


Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси собиқ раиси Фарида Акбарованинг Ўзбекистон Сенати расмий сайтидан олинган фотосурати.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси собиқ раиси Фарида Акбарованинг Ўзбекистон Сенати расмий сайтидан олинган фотосурати.

Собиқ раис, шифокор Фарида Акбарова ўрнига яна бир шифокор Элмира Боситхонова қўмитага раис, Бош вазирга ўринбосар бўлди.

Uzmetronom.com сайти чоп этган хабарга кўра, шифокор Фарида Акбарова Хотин-қизлар қўмитасига раислиги чоғида аёллар ва болалар саломатлиги учун ажратилган грант ҳамда бюжет маблағларини нотўғри сафрлангани учун лавозимидан олинган.

Ўзбекистон Хотин-қизлари қўмитаси раиси ва айни пайтда Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Фарида Акбарованинг ҳар икки лавозимдан бўшатилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган қўмита ходимлари, унинг ишдан олиниши сабабларига тўхталмади.

- Фарида Акбарова аллақачон янги ишга тайинланганлар. Бўстонлиқдаги санаторийнинг бош шифокори бўлдилар,- деди Республика Хотин-қизлар қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими.

Муқаддам бу қўмитада ишлаган манбанинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Фарида Акбарова ишлаган даврда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш дастурлари халқаро ташкилотлар томонидан катта миқдорда грант ажратилган.

- Гап ана шу грант маблағларнинг ўзлаштирилиб кетгани ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Аммо, мен бу ҳақда бир нарса дейишга ожизман. Бу жуда катта иш ва бунга фақат Хотин-қизлар қўмитасимас, бошқа ташкилотлар ҳам аралашган,- деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ташкилотнинг собиқ ходимларидан бири.

Айни кезда Хотин-қизлар қўмитасига янги раис этиб, бунга қадар Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам марказида бош шифокор бўлиб ишлаган Элмира Боситхонова тайинланди.

- Янги раис тайинланди. Булар Элмира Боситхонова. Аввал Тошкент Тез тиббий ёрдам марказида бош шифокор бўлиб ишлаганлар, деди қўмита ходими.

Қўмитанинг собиқ раиси Фарида Акбарова бош вазир ўринбосари бўлиш билан бирга сенаторлик мақомига ҳам эга эди. У сенатор ўрнини ҳам тарк этганми йўми, ҳозирча номаълум.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг амалдаги олти ўринбосаридан фарқли равишда эндиликда еттинчи ўринбосар этиб тайинланган Элмира Боситхонованинг хизмат вазифасига кирадиган масалалар аниқ кўрсатилмаган.

Ўзбек расмий матбуоти берадиган хабарларга кўра эса, қўмитанинг фаолияти доираси жуда кенг ва қўмита ваколати доирасига мамлакатда хотин-қизлар, оналик ва болалик, ёшлар тарбияси, аёллар саводхонлиги каби кўплаб ижтимоий-иқтисодий масалалар кириши айтилади.

Ўзбекистонда эса айнан хотин-қизлар ҳамда оналик ва болалик, шунингдек, аёлларнинг репродуктив саломатлиги билан боғлиқ вазият оғир экани йиллар давомида мутахасислар томонидан эътироф этиб келинади.

Хусусан, қўмитанинг собиқ раиси Фарида Акбарова фаолият кўрсатган 2008 - 2011 йиллар давомида Ўзбекистонда аёлларнинг стерилизация қилиниши, болаларга ОИТВ касаллигининг оммавий тарзда юқиши каби муаммолар халқаро жамоатчилик эътиборига тушган эди.

Гарчи қўмита раҳбарияти собиқ раиснинг шу соҳага йўналтирилган маблағни нотўғри сарфлагани ёхуд ўзлаштирган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги норасмий маълумотларга ойдинлик киритмаган бўлса-да, ўзбекистонлик кузатувчилар мамлакатда бу соҳага йўналтирилган маблағ нафақат хотин-қизлар қўмитаси, балки аксар давлат ташкилотлари томонидан мақсадли сарфланмаслигини йиллар давомида сўзлаб келмоқдалар.

Айни кезда ўзбекистонлик айрим кузатувчилар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раислигининг одатий давлат ташкилотлари раҳбарлигидан фарқли равишда бир вақтнинг ўзида Бош вазир ўринбосари эканига ҳам эътибор қаратмоқдалар.

Ҳукумат бўғинида учинчи даражали амалдор саналган Бош вазир ўринбосари лавозимига берилган ваколатларнинг у ёки бу даражада қўлланилиши шу вақтга қадар Хотин-қизлар қўмитаси раислигида ишлаган амалдор аёллар фаолиятида деярли сезилмагани айтилади.

Қўмитанинг Тошкент шаҳри ва турли вилоятлардаги ходимлари билан кўп тўқнаш келган ўзбекистонлик мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова аслида бу қўмитада улкан ваколатлар бор, деб ҳисоблайди.

- Ўзбекистонда оналар саломатлиги, оила масалалари, болалар саломатлиги - бу соҳаларда муаммолар қайнаб ётибди. Қўмита қиламан, деса иш ҳам кўп ва бунга ваколат ҳам бор. Аммо, бугунги қўмита нима қилади, фақат шуларни ҳолидан хабар олади, тамом. Ўзбекистондаги бугунги сиёсий режим амалда экан, бу механизм ишламайди,- дейди Дилором Исҳоқова.

Айни кезда у Ўзбекистондаги бугунги сиёсий вазиятда қўмита раисининг Бош вазир ўринбосари сифатидаги ваколатларидан фойдаланмагани маъқул, дер экан мана буларни қўшимча қилади:

- Биласизми, мен қўмита раисларидан фақатгина Дилбар Ғуломовани эслайман ва уни ҳам ҳусни, кўрки учун. Телевизорда чиқиб, қўр тўкиб йиғилишлар тўрисида ўтирар эди.Унинг чиройли бўлиб ўтиришдан ташқари бирор жиддий иш қилганини, узр-ку, шахсан мен эслолмайман.

Мана оддий мисол, қўлида етимлари билан болалар пулини ололмаётган қанча аёл бор. Квартира ҳақлари ошиб кетяпти, боқувчиси ишсиз бўлгани учун бола пулини квартира ҳаққига ямашга мажбур бўлган қанча аёл бор. Қани, Хотин-қизлар қўмитаси раиси-ю, Бош вазирнинг ўринбосари? Йўқ, бўлмайдиям. Мен учун бу ташкилот бугунги тузумда худди кўричакдек гап. Уни олиб ташласаям бўлаверади, у билан яшасаям бўлаверади. Ҳеч қандай роли йўқ бу қўмитани,- дея хулоса қилар экан ўзбекистонлик мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова бу қўмита бир ҳовуч аёлга хайрия қилиш эмас, балки жамиятда айнан аёллар билан боғлиқ юзлаб муаммолар илдизини қирқиш билан шуғулланиши кераклигини урғулайди.
XS
SM
MD
LG