Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:31

"Бу ҳаммаси имонсизликдан"


Озодликка қўнғироқ қилган асли бухоролик Ҳазрат Жўраев ўзбек қамоқхоналаридаги бошбошдоқликка ана шундай баҳо берди.

"Абдулазиз қиссасидан қаттиқ изтиробга тушдим"

Асли бухоролик, аммо шу кунларда Эронда муҳожир бўлиб юрган диндор Ҳазрат Жўраев сўнгги ойлар ичида Ўзбекистон қамоқхонасидан чиқаётган диндор маҳбуслар жасади кўпайганидан куйиниб гапирди ва Ўзбекистон қамоқхоналарида бундай қийноқларнинг содир бўлиши сабаблари бўйича кузатувларини сўзлади.

- Қамоқхонадан жасади келган биродарим шаҳид Абдулазизнинг қиссасини эшитиб жуда ҳам қаттиқ изтиробга тушдим. Вақтики, инсоннинг қалби раҳм-шафқатдан ҳоли бўлса, имондан ҳоли бўлса, масалан, Ўзбекистонда шу ишни қилаëтганлар ҳозир улар ҳам бир кун келиб ўзини оқлайдики, “Биз мажбур бўлдик. Бизга тепадан шунақа буйруқ беришди. Агар биз шу ишни қилмасак, ишдан кетардик” дейди. Булар ҳаммаси баҳона гап. Бунақа ишни ишлаб ойлик олгандан кўра, меҳнат муҳожири бўлиб, кетмон уриб, бир бурда нонни топиб еган афзал. Чунки Пайғамбар (с.а.в) айтдиларки, “Мен бир аëлни жаҳаннамда кўрдим. У бир мушукни қамаб қўйиб, шунга сув бермаган. Эсидан чиқиб кетган. Шу мушук ўша жойда ўлган. Шунинг учун Оллоҳ таоло ўша аëлни жаҳаннамда азоблайди”.

Хулоса - бу ҳаммаси имонсизлик, раҳм-шафқатсизликдан. Кейин бунинг яна бир сабаби, масалан, Ўзбекистонни олиб қараладиган бўлса, Ўзбекистон оилаларининг ўзида тоталитар тарбия у ерда. Отангнинг олдида гап қайтарма, катталарнинг олдида гап қайтарма, бўйнингни эгиб тур, жим тур, сал нарсага уриб фарзандларни – мана шу нарсанинг ҳаммаси инсон тарбиясига қаттиқ таъсир қилади ва қўлга қудрат, ҳукумат етгандан кейин бу иш осон бўлиб қолади-да. Ижозат бўлса, битта оят ҳам ўқисам. “Албатта, бир кимсаларки, мўмин ва мўминаларни таҳқирлаб, сўнгра бу ишларидан қайтмадилар. Улар учун жаҳаннам азоби бор. Улар учун хор қилгувчи азоблар бор”. Хулоса - бу ҳаммаси имонсизлик, раҳм-шафқатсизлик, - дейди асли бухоролик, аммо шу кунларда Эронда муҳожир бўлиб юрган диндор Ҳазрат Жўраев.


"Тошкентда Қуръон ўргатган бола ҳибсга олинибди"

“Эркин микрофон”га Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган ва ўзини Мирвали деб таништирган яна бир тингловчимиз шаҳарнинг Ҳамза туманида содир бўлган ва ўзи гувоҳ бўлганини айтган бир воқеани сўзлаб берди.

- Мен Ҳамза туманида битта нарсанинг гувоҳи бўлдим. 18 яшар бола 12 яшар болага Қуръонни ўқишни ўргатмоқчи бўлган. Кейин шуни билиб қолибди-да.

Озодлик: Ким билиб қолибди?

- Милиция ходимлари билиб қолган. Хабар топган-да. Шунинг хоналарининг ҳаммасини ағдар-тўнтар қилиб, тунда шу боланинг қўлига сиртмоқ солиб олиб чиқиб кетган.

Озодлик: Қачон бўлди бу воқеа?

- Уч-тўрт кун олдин бўлди.

Озодлик: Ҳибсга олинган боланинг исм-фамилиясини айта оласизми?

- Ўзи вилоятдан келган йигит экан. Тошкентга келиб туриб, ота-онасининг илтимоси билан шу болага ўқитмоқчи бўлган Қуръонни, шариат қонунларини. Қуръонни ўқишни яхши билганлиги учун, Қуръондан таълими борлиги учун илтимос қилган “бизнинг боламизга ҳам ўргатгин” деб. Ўзининг 11 яшарми, 12 яшарми ўғлини - шунинг қўлига берган.

Озодлик: У бола ҳибсдами ҳали ҳам?

- Ҳа. Ëш болани отаси келиб олиб кетибди.

Озодлик: Кичкина болани ҳам ҳибсга олган эканми?

- Терговчи ëнида олиб юрганнинг иккинчи куними, учинчи куними отаси хабар топиб, уни олиб кетган.

Озодлик: Уларнинг бир-биридан Қуръон ўрганаëтганини махсус ходимлар қаердан билибди?

- У бола кўчага чиққандан кейин адашиб қолибди домларнинг орасида. Охрана милициялардан сўрабди.

Озодлик: Кичкина бола адашиб қолибдими?

- Ҳа. “Қаерда ота-онанг туради?” деса, “Ота-онам бошқа ерда туради. Алгоритм мавзесида туради улар. Бу ерда мени домлам ўқитаяпти Қуръондан” деб айтиб қўйибди. Кейин улар бостириб кириб зўрлик билан очган. Оч деганда, очмаган. Кейин милициялар балкондан ошиб кирган.

Озодлик: 12 яшар болани вилоятдан келган бир болага ишониб алоҳида квартирасида қандай қўйибди ота-онаси?

- Қандайдир уларга алоқаси бор шекилли.

Озодлик: Бу воқеанинг қаҳрамонларига сиз ким бўласиз?

- Мен шунинг гувоҳи бўлдим. Бир кеча шу ерда қолгандим. Шунинг гувоҳи бўлдим, - дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган ва ўзини Мирвали деб таништирган тингловчимиз.


"Аҳад Андижон фикрларига қўшилмайман"

“Эркин микрофон” эшиттиришига Туркияда таҳсил олаётган асли андижонлик талаба Қодиржон Абдуҳаким телефон қилди ва Туркиядаги сайловлар ҳақида Озодлик дастурида берилган туркиялик сиëсий арбоб, собиқ Давлат вазири Аҳад Андижоний фикрларига эътироз билдирди.

Қодиржон Абдуҳаким фикрича, сайловда ғалабага эришган Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг партияси Туркияда кўп яхши ўзгаришлар қилган.

- Адолат ва ривожланиш партияси ҳукуматга келгандан кейин Туркияда жиддий ўзгаришлар бўлди. Адолат жиҳатдан суд жараëнларида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Кўплари ўз ҳақ-ҳуқуқларини қайтариб олди ва эркинлиги бўлди. Бу бор гап. Кейин бу ерда ҳижоб масаласи бўлди. Бу ечилди. Экономик жиҳатдан жиддий ўзгаришлар бўлди. Янги темир йўллари қурилди, янги йўллар қурилди. Мисол учун университетга биров ҳижоб билан кира олмас эди. Энди мана ҳижоб билан кираяпти. Демакки, бу иш бўлар экан.

Озодлик: Бу ҳалигача Туркияда олий ўқув юртларида ....

- Йўқ. Ҳалигача бор, лекин бу нарсага тўсиқ қўяëтган ҳукумат эмас. Ҳукуматга қарши Эргенеконга дастак берадиган инсонлар бор. Яъни муҳофазакор бўлмаган инсонлардир.

Озодлик: Туркия билан Ўзбекистонни ҳеч параллел қилиб ўтказганмисиз?

- Ўзбекистон билан катта фарқи бор. Ҳар жиҳатдан катта фарқи бор. Эркинлик жиҳатдан, диний эркинлик жиҳатдан, гапириш жиҳатдан, сўз эркинлиги жиҳатдан катта фарқи бор. Айтаманки, шу Эрдўғон бизнинг президентимиз бўлиб қолса...

Озодлик: Сизга ëқмайдиган бирор-бир камчиликлари борми?

- Мен учун ҳозирча йўқ. Мен 1999 йилдан кейин Аҳад Андижоний партияси ҳукуматга келган пайтда унинг партияси сиëсатини ҳам кўрдим. 2002 йилдан аввалги экономик кризисини ҳам кўрдим. Кейинги ҳаëтни ҳам кўрдим. Умуман 10 йилнинг ичида жуда ҳам катта фарқ бор. Аҳад Андижон айтаяптики, минус 360 даражага ўзгартирадиган бўлса, кундалик ҳаëтга қарайдиган бўлсангиз, пилус 360 даражага ўзгараяпти, - дейди Туркияда таҳсил олаётган асли андижонлик талаба.


"БМТ қўмитаси Қирғизистон расмийларига реал талаб қўйибди"

Ҳозир Россияда муҳожир бўлиб юрган ўшлик Муҳиддин эса “Эркин микрофон”га боғланиб, куни кеча БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги Қирғизистон ҳукумати олдига қўйган талабларнинг жуда реал талаб экани ҳақида сўзлади.

- Россияда кўпчилик акаларимиз ҳалиги қочқин бўлиб юрибди бекордан бекор. Уйига борса, уриб қўяяпти. Қўрққанидан юришибди мана бу ерда. Ўшаларга безопасний юртимизга келиб яшайдиган иложини қилиб бериш керак-да ҳукумат. Бўйнига нарсалар илиб қўйишаяпти бир-иккита акаларнинг. Илишди ҳам. Қамалиб ҳам кетишди. Ўшалардай бўлиб қолмайлик, деб қўрқиб юришибди-да акалар.

Озодлик: Демак, биринчи навбатда хавфсизликни таъминлаб бериши керак-а?

- Хавфсизликни таъминлаб туриб четда юрган муҳожир акаларимизни олиб кириш керак-да. Боришимиз керак юртга. Бола-чақалар Ўшда. Битта акамиз қиз кўрган урушдан кейин. Қизини кўра олмай Россияда юрибди. Яқинда бир ëшга киради қизи.

Озодлик: Уй-жойинглар ëнмаганми сизларники?

- Бизники ҳеч нарса бўлмаган. Алҳамдулиллоҳ, ҳамма ëқ яхшию шу иккита халқ ўртасида бекор душманчилик бўлиб қолди, миллатчиликни йўқ қилиш керак ҳаракат қилиб. Иккита халқни яна дружит қилдириш керак бир-бирига.

Озодлик: Миллатчиликни йўқ қилиш учун нима қилиш керак?

- Унинг учун иккита халқ дружит қилиши керак-да. Одил ҳукумат бўлиши керак унинг учун. Коррупцияни йўқ қилиш керак, менимча. Ҳукуматимиз одил бўлса, яхши бўлса керак, - дейди Россияда муҳожир бўлиб юрган ўшлик Муҳиддин.



******************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG