Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:36

Системага қарши ёлғиз курашиб бўлмайди


Озодликка қўнғироқ қилган наманганлик Набижон ака Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш фақат "хўжакўрсин" учун олиб борилаяпти, деган фикрда.

Ўзбекистонда янги иш ўринлари қай тариқа яратилмоқда?

Озодликнинг “Эркин микрофони”га Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган Абдуқаҳҳор Мусаев Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокими номига ёзилган бир кафолат хати ҳақида сўзлаб берди.

Абдуқаҳҳор аканинг икки қизи коллежни якунламоқда. "Уларнинг қўлига кафолат хати тутқазилган ва бу қоғоз ўқув юртларини янги тамомлаётган битирувчиларнинг қай тариқа ишлик бўлишидан далолат", дейди суҳбатдош.

- Иккита қизим битирди. Дипломини олиш учун ишга кириши керак экан олдин. Трудовой олиб келиб берса, дипломини бераркан. Шаҳар ҳокимининг қарори бор, ишга кириши керак, хуллас, қанақа бўлса ҳам печат урдириб келинглар, деди. Любой жойдан печат бўлса бўлди, деди. Мен ҳозир сизга битта нарсани ўқиб бераман. Қаранг. Масалан, битта қоғоз берибди.

“Тошкент шаҳар ҳокими Р. Ж. Усмоновга корхона раҳбари Ф.И.О дан кафолат хати. 2011 йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан мен ушбу талабани ўқишдан сўнг қонунда белгиланган тартибда ишга қабул этишни ва камида уч йил ишлаб беришни таъминлашга кафолат бераман. Корхона раҳбарининг имзо, ФИО”.

Мана шунақа қоғоз берган. Шу қоғозга қаердан бўлса ҳам печат урдириб келсанглар бўлди, деган. Печат урдириб келди қизим корхонадан.

Озодлик: Номига урдирдида-а? Ë ишга жойлашдими у ерга?

- Йўқ. Коллеж “печат урдириб келсанглар бўлди” дебди. Коллежнинг директори телефон қилиб қолди менга. “Печат урдирган жойдан трудовой олиб келиб берасан, илтимос. Шаҳар ҳокими чақириб ҳаммамизни текшираяпти” дейди. Мен унга “Туфтовой печатлар билан ҳали ўзингизга қийин бўлади, деб айтган эдим-ку” десам, “Тўғри айтган эдингиз, энди буйруқ эди-да” деб мана шунақа ишкал. 2011 йилда бир миллион ишчини жойлаштирамиз деб ваъда бериб қўйган булар. Президентга мақтанади. Бюрократизм-ку бу, алдаяпти, - дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган Абдуқаҳҳор Мусаев.


Ўзбекистонда коррупцион тузумга қарши қандай курашиш мумкин?

“Эркин микрофон”га Россиядан қўнғироқ қилган фарғоналик Аҳмаджон ака Озодлик эшиттиришларидан бирида фикр билдирган наманганлик Набижон аканинг порахўрликка қарши курашиб тўплаган тажрибасига ўз муносабатини билдирди.

- Акахонга нима демоқчиманки, Каримов режими қанақа натижа бергани ҳаммага аëн бўлди. Иқтисод, маданият, умуман ҳамма соҳада.

Озодлик: Қанақа натижа берди?

- Салбий натижа берди-да. Мен акамга нима демоқчиманки, Набижон ака порахўрлик билан кураш олиб бормоқдалар экан. Умуман чириган система билан курашиб бўлмайди. Ҳар битта индивидуал нима билан эмас демоқчиман-да. Системанинг ўзи билан курашиш афзал, натижа беради, деган фикрни сурмоқчи эдим-да.

Озодлик: Яъни алоҳида шахсларнинг порахўрлиги билан эмас, система билан курашиш керак демоқчимисиз?

- Биттаси, иккитаси, хўжакўрсинга унисини қамаши мумкин, судяни қамаши мумкин адлия соҳасида ëки амалдорлар, бу билан натижа бермайди, демоқчиман. Бутун бир система билан курашишимиз керак-да.

Озодлик: Система билан қандай курашиши мумкин якка индивидуал шахслар?

- Курашиш ўша битта тизимда бўлиш. Битта ëқадан бош чиқариш.

Озодлик: Унда нимани афзал кўрасиз сиз? Нимани таклиф қиласиз?

- Таклиф ҳозир бутун дунëда шов-шув бўлаëтган ҳаракат Ўзбекистон халқ ҳаракатига жамоа бўлиш керак.

Озодлик: Натижа беради, деб ўйлайсизми?

- Натижа беради. Халқ уюшаяпти, мухолифат бирлашди, ҳамма жойдан акс-садолар келаяпти. Албатта натижасини беради демоқчиман, - дейди фарғоналик суҳбатдош Аҳмаджон ака.


Навоий шаҳрида ногиронлик пуллик бўлганми?

Навоий вилоятининг Нурота шаҳридан қўнғироқ қилган Фаррух Рўзибоев махсус комиссия унинг 2-гуруҳ ногиронлигини бекор қилиб, 3-гуруҳ ногиронига айлантирганини айтиб арз қилди.

Унинг иддаосига кўра, унинг отасидан сўралган пора берилмагани боис комиссия аъзолари шундай йўл тутмоқда.

- 2003 йилда ҳарбий хизматга бордим.

Озодлик: Қаерда хизмат қилгансиз?

- Чирчиқ ҳарбий ҳаво десантида штурмовой батальонда. Иккита сержант билан урушиб қолган эдик. Улар мени урган эди. Белимдан қаттиқ урганидан кейин ҳарбий госпиталга тушдим. Кейин Тошкент ҳарбий госпиталида ëтдим. Сизларнинг Тошкентда офисларингиз бор эди. Отам шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Мени иккинчи гуруҳ ногирони қилиб армиядан қайтардилар. Мен шаҳримга келдим. Бу ерда менга иккинчи гуруҳ ногиронлиги берилди.

Озодлик: Сизнинг битта буйрагингизни олиб ташланганми?

- Ҳа, битта буйрагим йўқ.

Озодлик: Қолган биттаси ҳам жароҳатланган.

- Ҳа. Яқинда мана 16 июнда яна ўтказди. Сизни энди уч қиламиз, дейди. Отамга: “Агар 500 мингни олиб келсангиз, мен сизни ўтказиб юбораман” деди. Мен ишлай олмайман битта буйрак билан. Бир оëқ ерда, бир оëқ бу ерда бўлади. Отамдан пул талаб қилган улар. Отам пул тополмади. Сизни уч қиламиз, деб айтади-да. Бу ерда қанча одамлар пул бериб ўтказиб ëтибди. Биздакаларни қайтариб юбораяпти. Нима қилишимизни билмаймиз, опажон, - дейди Нурота шаҳридан қўнғироқ қилган Фаррух Рўзибоев.


Фожеадан бир йил ўтиб ҳам Ўшга қайтиш имконсизми?

Россиядан қўнғироқ қилган ўшлик Солижон Раҳимов фожеадан бир йил ўтиб ортга назар ташлар экан, 13 кишилик оиласи омон қолгани учун Худога шукр айтмоқда, уларни оғир кунларда қабул қилгани учун Ўзбекистонга раҳмат айтмоқда.

Бир йил ўтиб, ҳаётини Ўшнинг бугунги кунидан кўра яхшироқ қилиб бергани учун Россиядан миннатдор бўлмоқда.

Аммо тингловчининг рўйхатида ҳануз Қирғизистон йўқ.

- Бунақа кутиб олишини кутмовдик Ўзбекистондан. Тўполонда унчалик эътибор бермай қолса керак, бир муомалани жойига қўйишга вақти йўқ, деб ўйлаган эдик. Лекин тескариси бўлди. Жуда зўр кутиб олинди. Худди қариндошларни кутиб олаëтгандай қилишди.

Озодлик: Битта-иккита мисол келтиринг.

- Бизга нима бўлди? Бизнинг болаларимизни памперсигача, морожнийларгача ташилди. Шикоят, арз қилишнинг кераги йўқ, докторларнинг ўзлари келиб: “Бирор хизмат, бирор шикоят бўлса, айтинглар. Билинмаëтгандир урушда асабийлашиб, бирорта олдин бўлган касаллигинглар қўзиган бўлса, бир нима бўлса айтинглар. Мана телефонлар. Бизни мана бу ердан топасизлар” деб юришди.

Озодлик: Ўзбек докторлармиди энди улар?

- Ҳа. Кейин Ўзбекистондан қайтаришадиган бўлиб, Тожикистонга кетдик. Тожикистонда тирикчилик қилиб, эплаб жуда қийналдик. 20 та одам эдик-да. Катта оила эдик.

Озодлик: Ҳозир бутун оилавий Россиядамисизлар?

- Ҳа.

Озодлик: Мана бир йил ўтди. Ҳамма ëқ тинчигандай. Қайтиб бормайсизларми?

- Энди телефонда гаплашаяпмиз. Тинч, келсанглар бўлади, дейишаяпти. Ўшдан келаëтганлардан эшитсангиз, умуман бошқача гапиришаяпти. Биринчидан, тирикчилик йўқ. Уруш пайтидаги ҳолва, дейишаяпти. Ҳозир бизга фақат уруш бўлмасдан, тинчлик бўлиб турганининг кераги йўқ, нормал яшашимиз керак-ку у ëқда.

Озодлик: Россияда тирикчилик яхши ўтаяптими?

- Бу ерда энди мардикорлик қилаяпмиз-да.

Озодлик: Мардикорлик яхшими Ўшдаги ҳаëтдан?

- Яхшимас, анча яхши. Хато қилмасангиз, биров сизга индамайди. Яхши бўлсангиз, ҳамма жойда яхшисиз. Ўзбек, қирғиз, тожик деган нарса йўқ, -дейди Россиядан қўнғироқ қилган ўшлик Солижон Раҳимов.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG