Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:30

“Қирғизистонда банг савдосини деярли ҳеч ким назорат қилмаяпти”


Қирғизистон хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов фикрича, наркотикларга қарши курашни аввало Афғонистондан бошлаш керак.
Қирғизистон хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов фикрича, наркотикларга қарши курашни аввало Афғонистондан бошлаш керак.

Қирғизистон хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Мирослав Ниёзов ана шундай фикрни билдирди.

Марказий Осиёдаги наркосиёсат маркази директори Александр Зеличенконинг айтишича, Афғонистонда етиштирилган наркотик моддаларнинг 25 фоизи Қирғизистон орқали учинчи давлатларга олиб ўтилади.

Зеличенконинг айтишича, бу миқдор 20 минг тоннани ташкил этади. Бу наркотик моддаларнинг фақат 10-15 фоизигина қўлга туширилади, қолган қисми эса Қозоғистон ва Россия орқали Европага етиб боради.

- Афғонистондан наркотиклар Қирғизистон орқали ўтиб турган бир пайтда банг савдосига қарши курашиш самара бермайди. Негаки, Қирғизистонда наркокоррупция даражаси ўта баланд. Иккинчидан, наркотикларга қарши кураш жуда катта маблағни талаб қилади. Қирғизистоннниг бир йиллик бюджети 2 миллиард доллар бўлса, накробизнеснинг йиллик даромади 700 миллиард долларга тенг. Бундай шароитда самарали курашиб бўлмаслиги тайин. Амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари банг савдосига аралашиб кетган, - дейди Александр Зеличенко.

Мутахассиснинг айтишича, Қирғизистонда 1 кило героин нархи 6-8 минг долларни ташкил қилади. Қозоғистонда эса 1 кило героин 10-12 минг долларга, Москвада 20-25 минг долларга сотилади. Европага етиб борганда эса 1 кило героин нархи дозалаб сотилганда 150 минг еврога етади.

Қирғизистон хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов наркотикларга қарши курашни энг аввало Афғонистоннинг ўзида бошлаш керак, деган фикрни айтади. Унга кўра, Афғонистонда наркотик етиштиришни камайтириш учун дунё ҳамжамияти мазкур мамлакатда янги иш ўринлари ташкил этишга, ГЭСлар, завод ва фабрикалар қуришга кўмаклашуви зарур.

Мирослав Ниёзовнинг фикрича, Афғонистонда етиштирилган наркотикларнинг Қирғизистон орқали олиб ўтилиши мамлакат сиёсатига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди.

- Ростини айтганда, наркотикларга қарши кураш деярли йўқ даражада. Афсуски, аввалги ҳукумат наркотик савдосига ўзи аралашиб қолган эди. Наркотик савдоси бўлган жойда жиноий гуруҳлар кучаяди. Қирғизистон ҳозир Боливия, Колумбия ва Перу даражасига тушиб бораётир. Мамлакатда наркотик савдосини деярли ҳеч ким назорат қилмаяпти, - дейди Мирослав Ниёзов.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон орқали учинчи давлатларга олиб ўтилаётган наркотикларнинг 50 физи, яъни 10 минг тоннаси Боткен вилояти орқали олиб ўтилади. Лекин мана шу миқдордаги наркотикларнинг жуда кулгили даражадаги қисмигина қўлга олинар экан.

Боткен вилоят губернатори ўринбосари Саиджон Эратов сўнгги олти ой ичида фақат 30 килограмм наркотик моддаси қўлга олинганини, банг савдосига қарши курашнинг самарали бўлмаётгани эса чегарадаги вазият билан боғлиқлигини айтади:

- Бизнинг чегараларимиз инженерлик лойиҳаси асосида симтўрлар билан тўсилмаган, чегара чизиғининг ўзи аниқланмаган, шунинг учун чегара очиқ. Шу важдан ҳам чегараларимизни Ўзбекистон каби мустаҳкамлаб, керак бўлса, ҳандақларни қазиб ҳимоя қилишимиз керак. Ана шундагина наркотик моддаларнинг қўпроқ қисмини ушлаб қолишга эришамиз, - дейди Саиджон Эратов.

Айтиб ўтиш жоизки, якунланган ҳафтада Қирғизистонга АҚШ давлат департаментининг Европа ва Евросиё мамлакатларига кўмак кўрсатиш дастури раҳбари Даниэл Розенблюм сафар қилиб, қирғиз расмийлари билан наркотикларга қарши кураш масаласини муҳокама қилди. 27 июн куни эса Қирғизистонга АҚШнинг наркотикларга қарши кураш соҳаси раҳбарларининг келиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG