Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Мустақилликнинг 20 йиллигига Тошкентда янги аэровокзал иш бошлайди


Соатига 400 йўловчига хизмат қиладиган янги терминал маҳаллий рейслар учун мўлжаллангани айтилмоқда.


Тошкент аэропортининг ўзини таништирмаган ходими берган маълумотга кўра, ўтган йили қурилиши бошланган янги терминалнинг сентябр ойида, Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан ишга туширилиши кутилмоқда.

- Ҳозирчалик битмаган. Мустақиликкка очилади деган гап борда ҳозирча. Вилоятларга учадиган янги терминал қурилаяпти,- деди Тошкент аэропортининг ўзини таништирмаган ходими.

Тошкент аэропортидан янги терминал борасида бошқа расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Янги терминалнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиққан “Ташгипрогор” ташкилотининг мутасаддиси Сергей Денисов ҳам бу борада маълумот беришдан бош тортди.

Аммо, Регнум агентлиги бераётган хабарга кўра, соатига 400 кишига хизмат кўрсатиши айтилаётган янги терминалнинг қурилиши ишлари 90 фоизга битган.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон ичидаги маҳаллий рейслар учун қурилаётган бу терминал замонавий талабларга жавоб берадиган қилиб қурилмоқда.

Умумий қиймати 54 миллион АҚШ долларидан ошиқроқни ташкил қилаётган аэровокзалнинг биринчи қаватида келаётган маҳаллий рейсларни кутиб олиш, учиш учун рўйхатдан ўтиш, алоқа, касса, медпункт, вақтинчалик юк сақлаш хонаси, аптека ва юкхоналар жойлашади.

Иккинчи қаватида эса кутиш зали, юкни қабул қилиш жойи, учиш кетиш ва келиш ҳудудлари жойлашади.

Регунм хабарига кўра, ҳозир ушбу бўлимларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Янги терминалда 10 та самолёт учун перрон бўлиши, шунингдек, у аэропортнинг ҳозирги биносидан бироз узоқда қурилаётган боис йўловчиларни унга элтувчи махсус йўллар ҳам қурилаётгани айтилмоқда.

Ҳозирги аэропорт яқинидаги шаҳар автобуслари охирги бекати ҳам янги терминал биноси ёнига кўчирилади.

Янги терминал биносида замонавий хавфсизлик тизимига қаттиқ эътибор берилаётгани, бинонинг ички ва ташқи томонидан мунтазам ва аниқ назоратни таъминловчи энг замонавий технлогия билан жиҳозланаётгани айтилмоқда.

Айни кезда Тошкент аэропортида феврал ойида жорий этилган кучайтирилган хавфсизлик назорати тартиби сақланиб қолмоқда.

Аэропортнинг ўзини таништирмаган ходими бу тартиб қачон бекор қилиниши мумкинлиги, хусусан, кузатувчи ва кутиб олувчи яна қанча вақт автостоянкадан нарида яқинларини пойлашга мажбур бўлиши юзасидан аниқлик кирита олмади.

- Кузатувчилар стоянкада қолишади. Ҳар доим шунақа. Ҳозиргача стоянкада қолишаяпти кузатувчилар,- деди суҳбатдош.

Кучайтирилган хавфсизлик чоралари боис йўловчиларнинг қийналиши инобатга олинган ҳолда юки кўп бўлган болали аёлларга имтиёзлар берилганини ҳам қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

- Агар қўлида боласи бор бўлса, юклари кўп бўлса, кузатувчилардан биттасига ичкарига киришга рухсат берилади юкларни олиб чиқиш қўйишга ëрдам беришга. Агар кўпгина юк билан болали аëл келган бўлса, кутиб олувчи одам охранадан сўрашади. Паспорт билан ичкарига киришлари мумкин ëрдам беришга юкларини олиб чиқишга,- дейди Тошкент аэропортининг ўзини таништирмаган ходими.
XS
SM
MD
LG