Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:26

Қозоғистондан берилган қочқин Ф.Акбаров Сирдарёдан топилди


Шу йил 16 март куни Олмаота судида Файзуллахон Акбаровнинг экстрадиция қарори устидан киритган шикоят аризаси қондирилмаган эди.
Шу йил 16 март куни Олмаота судида Файзуллахон Акбаровнинг экстрадиция қарори устидан киритган шикоят аризаси қондирилмаган эди.

Экстрадиция қилинган қочқинларнинг яна айримлари Тоштурма ва Ўзбекистон ИИВ изоляторларида қолмоқда.

Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 21 ёшли Файзуллахон Акбаровнинг онаси Раҳима Акбаровага 24 июн куни Миллий хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бошқармасидан қўнғироқ бўлган ва ўғлининг Гулистон шаҳридаги бўлимда сақланаётгани айтилган.

- Ҳақиқатан миллий хавфсизликка чақиртиришган экан. Бордим. Саломов, деган терговчи чиқди. “Паспортингизни беринг. Хат қилиб бераман. Болангизни кўрасиз” деди. Кийим-кечак, продуктасини бердим. Ҳар куни ҳам бордим. Фақат кўришга рухсат беришмади ҳали. Энди умид қилиб кутиб турибман, насиб қилса кўришаман деб, - дейди Раҳима Акбарова Озодлик билан суҳбатда.

Бу аёлнинг сўзлари мазмунидан ўғлининг ишини юритаётган терговчи тергов-суриштирув ишлари борасида аниқ маълумот бермаган.

- Бу ҳақда ҳали ҳеч қанақа маълумот беришгани йўқ. “Текшириб кўрамиз, суриштирамиз. Тергов қиламиз. Агар тергов жараëнида болангиз оқланса, оқланиб чиқиб кетади. Гуноҳи бўлса, шунга қараб иш тутамиз. Ҳали ҳеч қанақа иш бўлгани йўқ. Тергов бўлсин кейин маълум бўлади” дедилар.

Озодлик: Адвокат ëлладингларми?

- Мен “Адвокат ëллайми?” деб сўрасам, “Адвокат давлат томонидан берилади. Сиз харажатга ҳам тушманг. Ўғлингиз ҳам адвокатга ҳожат йўқ, керак эмас деяпти. Балки ҳожати ҳам йўқдир”, деб қўйдилар. Билмадим энди, - дейди Раҳима Акбаров.

Унинг 21 ёшли ўғли Файзуллахон Акбаров шу йил 9 июн куни Олмаотадаги ҳибсхонадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 қочқиннинг биридир.

Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи тарқатган хабарга кўра, қолган 28 қочқин ҳам турли жойларда ҳибсда сақланмоқда ва уларнинг бирортасига яқинлари билан кўришиш учун рухсат берилмаган.

- Улардан айримлари Тоштурманинг биринчи тергов изоляторида деб ҳам айтилаяпти. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг изоляторлари ҳам айтилаяпти. Қочқинларнинг яна баъзилари эса Тошкент вилояти Ички ишлар вилоят бошқармасидаги камераларда сақланаëтгани айтилаяпти. Биз бу ҳақда тегишли ташкилотларга расмий сўровномалар киритганмиз, аммо ҳали жавоб бўлгани йўқ, - дейди гуруҳ раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Шу кунга қадар Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқиннинг тўлиқ рўйхати ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Уларнинг ҳимояси билан шуғулланган қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Живага бу қочқинлар Олмаотадаги ҳибсхонада қолган вақтидаёқ улардан фақат 25 нафарининг исми-фамилияси аниқлангани, қолган тўрт нафари эса номаълум эканини айтган эди.

Денис Живага 29 қочқиндан ўз ташкилотига маълум бўлган 25 нафарининг исм-фамилиясини келтирган эди: Аброр Қосимов, Турсунбой Сулаймонов, Муҳитдин Ғуломов, Файзуллахон Акбаров, Суҳроб Бозоров, Тоиржон Абдусаматов, Шуҳрат Ботиров, Дилбек Каримов, Ойбек Қўлдошев, Шуҳрат Холбоев, Алишер Ҳошимов, Маъруф Йўлдошев, Саидакбар Жалолхонов, Аҳмад Болтаев, Улуғбек Остонов, Қобилжон Қурбонов, Ойбек Пўлатов, Ўктам Раҳматов, Исобек Пардаев, Сирожиддин Толипов.

Ҳозирга қадар бу қочқинлардан фақат 4 нафарининг яқини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат қилгани ҳақида маълумотлар бор.

Файзуллахон Акбаров, 33 ёшли Суҳроб Бозоров, 45 ёшли Қобил Қурбонов, 35 ёшли Турсунбой Сулаймоновнинг яқинларига қочқин маҳбусларнинг қаерда сақланаётгани маълум қилинган. Қолганлари тақдири эса ҳанузга қадар Озодликка номаълум қолмоқда.

Уларнинг мурожаатини қабул қилиб олган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқинга жиноят иши қўзғатилгани, аммо бу ишлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг қайси моддаларига мувофиқ олиб борилаётгани ҳануз номаълум қолаётганини айтади.

- Лекин улар 155, 159, 244 ва ҳоказо моддалар билан қидирувга топширилган эди,- дейди Суръат Икромов.

2009 йилда шу моддаларда кўзда тутилган айбловлар билан гумон қилиниб қўлга олинган, аммо 3 кунлик сўроқдан сўнг қўйиб юборилган, орадан бироз ўтиб Ўзбекистон сўрови билан яна Қозоғистонда қўлга олинган Файзуллахон Акбаровнинг онаси Раҳима Акбарова эса кейинги бир неча кун ичида терговчи билан қилган суҳбатларидан келиб чиқиб, ўғлининг озод қилинишига қаттиқ умид боғламоқда.

- “Ҳеч бўлмаса ойнанинг орқасидан бўлса ҳам кўрай” десам, “Сабр қилиб туринг опажон. Сабр қилиб туринг. Ҳаммаси яхши бўлади” дедилар. Катта умид қилиб турибмиз. Болам ëш гўдак. Бирор нарсага аралашган жойи йўқ. Бирор гуноҳ иш қилмаган. Ўзбекистон 27 миллиондан ортиқ аҳолиси бор катта давлат. Ҳеч қачон гуноҳсиз одамни гуноҳли, деб айблаб ташламаса керак, - дейди Раҳима Акбарова.
XS
SM
MD
LG