Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:33

Асосий истеъмол молларига бож солиғи оширилди


Янги қарор кучга кирса¸ хориждан кираëтган товуқ ва курка гўшти камида 30 фозига ошади.
Янги қарор кучга кирса¸ хориждан кираëтган товуқ ва курка гўшти камида 30 фозига ошади.

Президент 1 августдан жорий қилган янги бож тўлови оқибатида¸ Ўзбекистон бозорларидаги нархлар яна бир неча бараварга ошиши мумкин.


Ўзбекистон президентининг шу йил 28 июн куни эълон қилинган қарорида 7 йўналишдаги товар гуруҳларига кирувчи, асосан, озиқ-овқат ва хўжалик молларига маҳсулот бож нархининг 30 фоизи миқдори ёки ҳар килосига 1 ва 2 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда бож солиғи оширилиши белгиланган.

Жумладан, қарорга биноан хориждан келтириладиган музлатилган товуқ гўшти, курка гўшти, чўчқа ёғи учун божхонада белгиланган нархнинг 30 фоизи ёки 1 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда бож солиғи ундирилиши айтилган.

Пишлоқ ва творог, колбаса ва шу каби маҳсулотлар учун бож қийматининг 30 фоизи ёки 2 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда бож солиғи солинган.

Электр иситгич, 100, 200 ваттлик галоген ва бошқа турдаги лампочкалар учун товар нархидан 30 фоиз ёки донасига 5 АҚШ центидан 6 АҚШ долларига қадар бож сотиғи ставкалари белгиланди.

Президент қарорида бундан мақсад “Хорижий озиқ-овқат маҳсулотлари ва хўжалик молларининг Ўзбекистонга олиб кирилишини халқаро талаблар даражасида тартибга солишни оптималлаштириш” экани айтилган.

Қарорда янги тартибда бож солиғини ундиришни шу йил 1 августдан бошлаш тайинланган.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг тарифлар билан шуғулланувчи бўлимининг ўзини таништирмаган ходими тилга олинган маҳсулотлар нархи конкрет қанчага ошиши мумкинлиги ҳақидаги саволимизга аниқ жавоб бера олмаслигини айтди ва бунинг сабабини шундай тушунтирди.

- Масалан, бизда аралаш ставка қўлланиладида. Агар товар нархи бир сўм бўлса, 30 фоизи 30 цент бўлади, тўғрими? Энди қарорда нима деяпти, агар 1 доллардан бўлса солиғи, унда 1 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда солиғ олинг, деяпти, тушунаяпсизми? Демак, бу маҳсулотдан 1 АҚШ доллари моқдорда бож солиғини оламиз. Агар маҳсулот 5 АҚШ доллари турса, унда унинг 30 фоизлик солиғи 1 ярим АҚШ долларидан ошади ва унда бож солиғи ўзгартирилмайди. Лекин аввалдан фалон маҳсулот нархи фалон сўмга ошади, деб сизга ҳеч ким аниғини айта олмайди, - дея тушунтирди Ўзбекистон Божхона қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳар бир маҳсулотнинг республика божхона идораларида белгиланган бож қиймати бор ва ундириладиган бож тўловлари аралаш — адвалор ставка асосида ундирилгани боис алоҳида маҳсулотлар бож солиғи қанчага ошишини, ҳаттоки, чамалаб айтиш ҳам имконсиз.

Бу ходимга нега айнан шу турдаги маҳсулотлар учун ва нега айнан ҳозир бож солиғи ошириляпти, деган саволни ҳам бердик.

- Бу энди бизнинг ваколатимиздаги масала эмас. Вазирлар маҳкамаси қарор қилган, биз ижрочи органмиз. Лекин, ички маҳсулотлар, масалан, ўша ўзимизда чиқадиган товуқ гўштлари соҳаси ривожланяпти. Шуларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинадида энди бу, - дейди Божхона қўмитаси ходими.

Ўзбекистон бож солиғи оширилаётган озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотлари савдоси ëхуд уларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи шахслар билан суҳбатларимиздан ҳали 1 август келмасидан туриб айнан шу турдаги маҳсулотларнинг нархи ошиб улгургани аëн бўлди.

Тошкент туманида озиқ-овқат маҳсулотлари¸ хусусан товуқ ва курка гўшти савдоси билан шуғулланувчи Ботиржон акага кўра, хориждан келадиган шу турдаги маҳсулотлар нархи ошган.

- Сал олдин ҳам уларнинг нархи арзонроқ эди. Ҳозир ошиб кетди. Масалан, четдан келадиган “ляшка”ларни килосини 9 – 9¸5 мингдан сотаямиз ҳозир. Товуқни оёқларини шу нархда сотяпмиз ҳозир, - дейди Ботиржон ака.

Сотувчининг айтишича¸ Ўзбекистонда сотувга чиқарилаётган маҳаллий товуқ гўшти маҳсулотлари ҳам бор, аммо унинг савдоси у қадар чаққон эмас.

- Ўзимизда ҳозир мана Янгийўлдан келадиган товуқлар бор. Бизда асосан бутун товуқлар келади-да. Ўзимизники ҳам ёмонмасу, лекин четдан келадиганни савдоси яхшироқ негадир, - дейди Тошкент туманида озиқ-овқат масҳулотлари савдоси билан шуғулланадиган Ботиржон ака.

Тошкент шаҳрида пишлоқ ишлаб чиқарадиган йирик хусусий корхоналардан бирининг раҳбари ҳам ҳали янги бож солиғи ундирила бошламасидан нафақат хорижий, балки маҳаллий пишлоқнинг нархи ҳам ошиб кетганини айтди.

Суҳбатдошга кўра, бунинг асосий сабаби Ўзбекистондаги ички бозорда нархларни тартиб солиб турувчи механизмнинг йўқлиги ва бозордаги нархнинг сунъий бошқарилишидир.

Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз маҳсулотлари нархини оширишга мажбур эканини айтади бу кичик тадбиркор.

- Бизни маҳсулотлар ҳам ошиши керак-да, конечно ошади бозор кўтарилгандан кейин.

Озодлик: Нега энди, хориждан келадиганларга бож солиғи ошди, бунинг эса сизнинг маҳсулотга дахли йўқ-ку?

- Нега энди, шунинг орқасидан сут маҳсулотлари ошиб кетаяпти-ку! Пишлоқни эса сутдан тайёрлаймиз, биласиз буни, - дейди Тошкент шаҳридаги пишлоқ ишлаб чиқарувчи хусусий тадбиркорлардан бири.

Мазкур суҳбатдош ҳам, Ўзбекистон ичкарисида ўзи кабилар ишлаб чиқараëтган маҳсулотлар бозори суст экани ва пишлоқни фақатгина буюртма асосидагина ҳозирлаëтганини айтади. Унга кўра¸ мамлакат ичкарисида сут ва гўшт маҳсулотлари нархининг муттасил қимматлаб бораётгани учун ҳам бу соҳадаги кичик тадбиркорлар оғир вазиятга тушиб қолган.

- Сутлар нархи ўзи ошиб келаяпти-ку борган сари. Ем йўқ, хашак йўқ, дейди. Тоғлардаям ўт йўқмиш бу йил. Ёмғир яхши ёғмаган, сув яхшимасмиш бу йил. Шунга ҳаммасининг нархи ошиб ётибди, убиткага кириб боряпмиз-да, - дейди 4 ойгина аввал пишлоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва илк бизнес йилидан оғир қийинчиликка дучор бўлган тошкентлик кичик тадбиркор.

Интиқлик билан кузни кутаëтган бу тадбиркор салқин тушиб¸ мева-чевалар битса, одамлар яна пишлоққа қайтар, деган умидда. Аммо, ҳукуматдан ёрдам кутаётгани йўқ.

Биз суҳбатлашганимиз икки тадбиркорнинг аҳволи ҳақида Божхона қўмитасининг расмийсига ҳам савол бердик.

Озодлик: Хориж маҳсулотига бож солиғи оширилгани, ички маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини қувватламаяпти-ку, аксинча нархнинг ошишига олиб келаяпти фақат, бу сизни хавотирга солмайдими?

- Опа, биз энди ижрочи ташкилот. Вазирлар маҳкамаси ўзи бозордаги аҳволни ўрганиб, инобатга олиб чиқарадида ҳар битта қарорни, тўғрими? А биз ижрочимиз, бозордаги аҳволни биз назорат қилмаймиз. Ўзичи, бозорда нарх итак қиммат. Бизага боғлиқ эмас, - дер экан Божхона ходими бозордаги нарх нега энди “и так қиммат” экани ҳақидаги саволимизга ҳам жавоб бера олмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG