Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:26

Тошкентда Буюк Британия элчихонаси ходими суд қилинди


Элчихона ходими Леонид Кудрявцев йиғилиш, митинг ва намойишлар ўтказиш тартибини бузганликда айбдор деб топилди.


Тошкентдаги Буюк Британия элчихонасининг матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Леонид Кудрявцев 15 июл куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Жиноят ишлари бўйича маҳкамасида суд қилинди ва 3 миллион 978 минг сўмлик жаримага тортилди.

Фарғона.ру агентлигининг хабар қилишича, хориж элчихонаси ходими бўлиб ишлаган Ўзбекистон фуқароси Кудрявцев мамлакат ҳудудида йиғилиш, митинг ва намойишлар ўтказиш бўйича ўрнатилган тартибни бузганликда айбдор, деб топилган ва Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201-моддаси, 1-бандига мувофиқ энг кам иш ҳақининг 80 баробари миқдорида жаримага тортилган.

Хориж дипломатик корпуси ходимига нисбатан жиноий иш ўзини ҳуқуқ фаоли деб таништираëтган икки шахс – Олга Краснова ҳамда Константин Степанов киритган даъво аризасига биноан қўзғатилган.

Фарғона.ру агентлиги чоп этган аризада жумладан: “Бир неча йиллар давомида Буюк Британия элчихонаси ўзини ҳуқуқ ҳимоячиси, деб атаётган шахслар билан мулоқот қилаётган ва бу ишларга кураторлик қилаётган Л.Кудрявцев номидан бундай шахслардан, гўёки, бир ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолиятига оид манзарани яратиш мақсадида фойдаланмоқда”, дейилади.

Даъвогарлар аризасида айтилишича, аслида мақсад бошқа бўлган ва ўша бошқа мақсад йўлида Буюк Британия элчихонасида махсус машғулот лагери ташкил қилинган.

Даъвогарлар бу ерда турли “экстремистик унсурлар”, жумладан, Елена Урлаева каби шахслар йиғилиб олиб, экстремистик мақсадларга қаратилган амалиётларга тайёрланганини иддао қилган.

Даъвогарлар бундай машғулотларга айнан Леонид Кудрявцев бошчилик қилганини айтмоқда.

Шу мазмунда киритилган даъво аризаси бўйича 15 июл куни ўтказилган маҳкамада эса Буюк Британия элчихонаси ходими айбдор, деб топилди.

Озодлик Кудрявцевнинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлмади.

Аммо унинг суд биноси олдида қарши олган Фарғона.ру мухбирига айтишича, Буюк Британия элчихонаси ҳудудида вақти-вақти билан ҳуқуқ фаоллари йиғилади ва улар билан мулоқотлар бўлиб туради.

Бироқ бу мулоқотлар ҳуқуқ фаолларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган.

“Биз маҳаллий ҳуқуқ фаолларига Ўзбекистон ва Ўзбекистон имзолаган халқаро қонун ҳужжатларининг мазмунини тушунтирамиз. Мен бу йиғилишларда фақатгина элчихонанинг матбуот ва жамоатчилик алоқалари бўлими ходими сифатида иштирок этаман, холос. Шунинг учун мени суд қилишаётгани жуда ҳайратланарлидир”, дейди Леонид Кудрявцев Фарғона.ру агентлигига.

Кудрявцевнинг адвокати Сергей Майоровга кўра, ўзбекистонлик мустақил журналист Абдумалик Бобоевни суд қилган судя Ашурматов маҳкамани қонун доирасида олиб борган.

- Суднинг позициясига биноан Кудрявцевнинг айби тасдиқланди. Лекин менимча, суд нотўғри позицияни тутди. Кудрявцевнинг вазияти ва ҳаракатларини нотўғри малакалади. Лекин таъкидлашим керакки, маҳкама қонун диорасида бўлди. Яъни, судяга эътирозим йўқ. Аммо суд қароридан мен рози эмасман, деди адвокат Майоров.

Адвокатнинг сўзлари кўра, маҳкама жараёни очиқ ўтган.

Аммо Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева маҳкамага маҳаллий ҳуқуқ фаоллари қўйилмаганини айтмоқда.

- Элчихона ҳимоясига отланган ҳамма ҳуқуқ фаоллари Мирзо Улуғбек туманидаги Жиноят ишлари суди олдига шиорлар билан йиғилди. Элчихона ва унинг ходими Кудрявцевни ҳимоя қилиш мақсади каттагина гуруҳ шаклланди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Унга кўра, алянс элчихона ходими устидан чиқарилган ҳукмдан норози ва айни кезда Буюк Британия элчихонаси ходимини ҳимоя қилишини сўраб, улар Европа Иттифоқига мурожаат ҳозирламоқда.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Кудрявцевга нисбатан бундай ҳукм, шубҳасиз сиёсий характерга эга ва бу элчихонанинг дипломатик иммунитетига тажовуз, деб ҳисобламоқда.

- Европа Иттифоқи доирасидаги мулоқотларда маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорлик қилиш, уларга машғулотлар ўтказиш, уларни қувватлаш ва уларга нисбатан маҳкама жараёнларини кузатиб бориш, деган шарт бор. Буюк Британия элчихонаси шу шартни жуда фаол бажараётган эди. Назаримда, элчихонанинг бу фаолияти ҳукуматга халақит берган ва ҳукумат ёлланма провокаторлар ёрдамида шу ҳаракатга қўл урди, - дейди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева.

Фарғона.ру агентлиги берган яна бир хабарга кўра, элчихона ходимига нисбатан маҳкама жараёни малакали операторлар томонидан тасвирга олинган ва агентлик тез орада бу хусусдаги репортаж Ўзбекистон телевидениесида акс этиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.
XS
SM
MD
LG