Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:28

Аравон бозорига норозилар йиғилди


Ўш вилоятининг Аравон қишлоғи марказий майдонида қирғиз миллатига мансуб таксичининг калтакланишидан норози бўлиб юзлаб одам тўпланди.

Акипресс ахборот агентлигининг Ўш вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматига асосланган ҳолда хабар қилишича, 17 июл оқшомида Аравон туманининг Жданов қишлоғида яшовчи 45 ёшли қирғиз таксичиси Исмаил Табалдиев ўзбек таксичиси томонидан калтакланган. У олинган тан жароҳати туфайли туман касалхонасига етказилгани айтилмоқда.

Расмийлар версиясига кўра, 18 июл куни калтакланган таксичининг қариндошлари ва ждановликлардан иборат юзлаб кишилар Аравон тумани марказидаги бозорда йиғилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларидан таксичининг калтакланиши юзасидан чора кўришни талаб қилган.

Бироқ воқеага гувоҳ бўлган аравонликлардан бирининг айтганлари расмийлар версиясидан фарқ қилади. Суҳбатдошимизга кўра, 17 июл куни Аравондаги қовун-тарвуз бозорида савдо қилувчи ўзбек йигитларидан қирғиз миллатига мансуб йигитлар пул талаб қилишган. Аммо пул беришни истамаган савдогарлар уларни калтаклаган. 18 июлда калтакланган йигитлар бозорга келиб, ўзларини калтаклаган савдогарларни топиб беришни талаб қилганлар.

- Эрталаб соат 10 дан ўтганда одамлар орасида ваҳима бошланди. Бозорча бор, аввал “Современний” деб қўйиларди, тарвуз-қовун сотилади. Ўша ерда бир-иккита қирғиз йигитлар тўпланиб, бақир-чақир қилишди. Йўлда дўконлар бор, шарбат сотиладиган ерларни тепишиб, бақир-чақир қилиб келишди. Уларнинг орасида мелиционерлар ҳам бор, ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти.

Озодлик: Улар орасида милиционерлар ҳам борми?

- Ҳа. Ўша қирғиз болаларни орасида мелиционерлар бор эди. Бироқ ҳеч нарса дейишмаяпти.

Озодлик: Улар нечта эди?

- 30 дан ортиқ одам бор. Кейин биз ҳам ишхонамизнинг эшикларини беркитдик. Ичкарида одамлар бор эди. “Ваҳима қилманглар, ҳозир кетишади”, деб одамларни тинчлантирдик. Кейин иккита автобусда спецназ келиб, одамларни тарқатди, - деди аравонлик воқеа гувоҳларидан бири.

Исми ошкор этилишини истамаган яна бир суҳбатдошимизга кўра, аравонликлар орасида қирғиз миллатига мансуб одамларнинг бозор олдига йиғилиши ва уларнинг ҳокимият биноси олдида митинг ўтказиши “туман марказида жойлашган, ўзбек тадбиркорига тегишли бўлган мева-чева бозорини тортиб олишга ҳаракат” сифатида баҳоланмоқда.

- Марказда бир катта мева-чева бозори бор. Бугунги воқеа ўша бозор атрофида айланаётган иш, деган миш-миш бор.

Озодлик: Бозорни тортиб олиш мақсадидами?

- Ҳа, шу мақсадда қилинаётган ишлар бўлиши мумкин, деган гап бор.

Озодлик: Бозор ўзи кимга тегишли?

- Бир тадбиркор ўзбек одамга, - деди аравонлик суҳбатдошимиз.

Аравондаги воқеа юзасидан Озодликка маълумот берган Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси Раҳматулло Аҳмедовга кўра, 18 июл куни Ўш вилояти Аравон тумани бўйича Ички ишлар бўлимига “Юсупов” номидаги қишлоқ ҳукуматида жойлашган мева-чева бозори олдида тахминан 50-60 одам йиғилгани тўғрисида маълумот келиб тушганидан сўнг Аравон туман Ички ишлар бўлими ходимлари ва раҳбарияти воқеа жойига етиб борган.

Аҳмедовнинг айтишича, бир кун аввал калтакланган Исмаил Табалдиевнинг қариндошлари уни калтаклаганларнинг топилишини талаб қилишган.

- Ушбу ҳолат юзасидан Аравон туман ички ишлар бошқармаси тергов бўлими томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 234-моддаси (безорилик) бўйича жиноий иш очилди. Кўрилган чоралар ва тезкор-қидирув ишлари натижасида ушбу жиноятга алоқадорликда гумонланаётганларнинг шахси аниқланди, улардан бири қўлга олинди яна бирини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда, - деди Раҳматулло Аҳмедов.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Аҳмедов Аравондаги воқеа юзасидан 6 киши ҳибсга олингани ҳақида аввал тарқатилган маълумотларни инкор қилди. Шунингдек, Раҳматулло Аҳмедов Исмаил Табалдиевнинг калтакланиши юзасидан ҳеч ким ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилмаганини ҳам қўшимча қилди.

Аравон туман ҳокими Пайзилла Мирзабарамовнинг Озодликка маълум қилишича, ҳозир туманда вазият тинч.

- Одамлар ишлаяпти, Бозор-магазинлар очиқ. Кеча икки бола уришиб кетган эди. Ўша икки йигит бугун ўзаро муросага келишди. Одамлар тинч, - дер экан Аравон туман ҳокими Пайзилло Мирзабарамов кечаги можаро шунчаки маиший низо бўлганини, унга миллатлараро низо тусини бермаслик лозимлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG