Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:32

Ўшни тиклаш дирекцияси молиявий қонунбузарликларда айбланмоқда


Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси раҳбари Жантўра Сатибалдиев ўзи бошчилик қилаётган муассасадаги камчиликлар аллақачон бартараф қилинганини таъкидламоқда.
Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси раҳбари Жантўра Сатибалдиев ўзи бошчилик қилаётган муассасадаги камчиликлар аллақачон бартараф қилинганини таъкидламоқда.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси йўл қўйган қонунбузарликлар Қирғизистон Ҳисоб палатаси томонидан аниқланди.

Ўшлик Хайрулло ака 2010 йил июн ойидаги қирғинда уйсиз қолган кўплаб ўзбеклардан бири. Унинг айтишича, Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси 2011 йилда қурилиши керак бўлган 72 квадрат метр уйлар уста ҳақига 60 минг сўмдан ҳақ белгилаган, бироқ бу маблағ қурувчиларни қониқтирмаяпти:

- Усталар: “Ҳеч бўлмаганда, 30 минг сўм қўшиб, 90 минг сўм қилиб беринглар” деб рози бўлишмаяпти. Имконияти бор айрим одамлар усталарнинг тушлигига бир коса овқат қилиб бера олади, баъзилар эса шуни ҳам қилиб бериша олмаяпти, - дейди Хайрулло ака.

Унинг айтишича, Ўш шаҳрида қурилиш ишлари кеч бошлангани учун кўплаб одамлар қурилишнинг янада кечикишидан қўрқиб, бу муаммо юзасидан давлат дирекциясига ҳозирча арзланмаган.

Ўшликлар 2011 йилда қурилиш ишлари учун Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси томонидан оз маблағ ажратилганини айтаётган бир пайтда Қирғизистон Ҳисоб палатаси мазкур дирекцияни ўз ходимлари маоши учун 10 миллион 300 минг сўм маблағни ўринсиз сарфлаганликда айблаб чиқди.

Бироқ Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси раҳбарияти бу айбловларга қўшилмайди ва буни манфаатдор шахслар томонидан уюштирилган сиёсий буюртма сифатида баҳолайди:

- Ҳеч ким ортиқча пул олган эмас, бу нотўғри маълумот. Фақат йил бошида маошлар ҳисобланаётган пайтда техник хато бўлган. Бу камчилик топилганидан кейин биз айтилган маблағни давлат бюджетига қайтарганмиз. Кечаги йиғилишда Ҳисоб палатаси ҳам: “Йўл қўйилган барча хатолар тузатилди”, деб айтган. Энди нима учун бундай маълумот қайтадан тарқатилаётганини тушунмаяпман. Бу масалани манфаатдор томонлар қайта-қайта кўтараяпти, - дейди дирекция раҳбари Жантўра Сатибалдиев.

Маълумотларга кўра, жаноб Сатибалдиев раҳбарлик қилаётган дирекцияда 53 ходим ишлайди. Дирекциядаги энг кам ойлик маош фаррошларга - 5 минг сўм (110 АҚШ долларидан кўпроқ), энг кўп иш ҳақи эса раҳбарлик лавозимида ишловчиларга - 43 минг сўм (қарийб 1000 АҚШ доллари) қилиб белгиланган.

Айни пайтда Қирғизистон Ҳисоб палатаси матбуот котибаси Гулмира Киртенова Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси томонидан йўл қўйилган камчиликлар майда хатолар эмас, деган фикрда.

- Бизнинг ҳужжатларда шу ҳолат фош қилинган. Албатта дирекция бунга эътироз билдириши мумкин. Лекин текширув натижасида бу ҳолат исботланди. Бу борада акт тузилиб, томонлар қўл қўйишган. Актда кўрсатилган барча ҳолатлар қўпол қонунбузарликлар бўлиб ҳисобланади. Майда камчиликлар деб қаралган хатолар эса актдан олиб ташланган, - дейди Гулмира Киртенова.

Ҳисоб палатаси дирекциянинг “Ўш ва Жалолободда қурилаётган кўп қаватли уйлар қурилиш ишларига сарфланади” дея давлатдан қўшимча яна 41 миллион (салкам 1 миллион АҚШ доллари) сўм олганини ҳам аниқлаган. Текширув натижасида ушбу маблағнинг 35 миллион сўмдан ортиғи (тақрибан 800 минг доллар) давлатга қайтарилган.

Бироқ Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси раҳбар ўринбосари Мўлдўбасар Эркебаев бу каби англашилмовчиликларга ўз вақтида барҳам берилганини айтади:

- 2010 йилда 32 миллион 600 минг ва 2011 йилнинг 1-чорагида 8 миллион 460 минг сўмга қурилиш ишлари ортиқча кўрсатилган, деб айтишмоқда. Бироқ бир объектни қуриш бўйича қанча нархга шартнома тузган бўлсак, компаниялар шу асосдагина иш қилишади. Бажарилган иш учун “ортиқча сарфланган” деган маблағни эса биз бажарилган ишлар учун кейин берилувчи харажатлар ҳисобидан қисқартириб тўғрилаб қўйганмиз, - дейди Мўлдўбасар Эркебаев

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси 2010-йилги Ўш қирғинидан кейин тузилган бўлиб, давлат хазинаси ва халқаро донорлар томонидан молиялаштирилади.
XS
SM
MD
LG