Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:30

Қора ниқоблилар Бухорога келсин


Вобкентлик Одилжон қора ниқобли кишилар келса, ўзи яшаган туманда порахўрлик йўқолишига ишонади.


"Ўқишга киришнинг нархи тобора ошиб бораяпти"

“Эркин микрофон” эшиттиришига Қарши шаҳридан қўнғироқ қилан пенсионер Муқаддам опа илмга чанқоқ набирасини академик лицейга жойлай олмагани, бунга эса порахўрликни сабаб, деб билишини айтди.

- Набирамни онаси ташлаб кетган, отаси йўқ ҳисоби. Шу болани мен тарбиялаб, яхши ўқитгандим. Лицейга топширган эдик. Документ топширишга ўзи бошлади-да. Биринчи топширганда: “Бизда тўлди хорижий тилларга”, деди. "Бўлмаса, умумий фанларга топширамиз", дедик. Кейин бироз ўйланиб турди-да: “У ҳам тўлди”, деди. “Қайсинисига бор бўлмаса” десак, “Аниқ фанларга”, деди. “Ҳеч бўлмаса, кирса бўлди, ола қолинг”, дедик. Имтиҳонни яхши топшириб чиқди. Беш-олтита қизлар, йигитлар чиқа бошлади. Улар ҳақини тўлаб бўлган экан. Биз берганимиз йўқ ҳақ.

Озодлик: Ҳақ деганингиз нима у?

- Пора. Бундан икки йил олдин 200 минг эди. Ҳозир 500 мингга чиқибди академик лицейники. Лицей, коллежларда ҳаммаси нарх қўйиб олган. Жавоби чиққанда борсак, шаҳарнинг гимназия мактабининг болалари ҳеч қайси кирмаган. Нима учун? Мен ўйладим-да. Қишлоқларда ҳам, туманларда ҳам лицей, мактаблар бор. Нима учун улар ўша ëқларга топширмайди? Яқинроқ мана шу ерда ўқитсак бизлар ҳам. Мажбурий таълим, деб айтишган эди. Лекин қабул қилишмади. Мен ўзим 100 минг пенсия оламан. Ўқишга киришнинг нархи тобора ошиб бораяпти. Шаҳар болалари ўқий олмаяпти. Чунки шаҳарликларнинг пули йўқ. Мол боқмаса, экин-тикин қилмаса, ер бўлмаса, қаердан олсин пулни, - дейди Қарши шаҳридан қўнғироқ қилан пенсионер Муқаддам опа.


"Бизни Россияга ҳайдаяптилар"

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан қўнғироқ қилган Назира Бобожонова эса маҳаллий савдогарлардан бири унинг ҳовлисига эга чиқмоқчи бўлаётгани ва унинг устидан қилаётган арзларига Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирор жўяли жавоб бўлмагани ҳақида сўзлади.

- Каримовга мурожаатномамни эшиттириб беринг, илтимос. Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга. Сурхондарë вилояти, Қумқўрғон тумани, Жалайир маҳалласида 1948 йилдан бери яшаб келмоқдамиз. Илҳом деган шахс 2004 йилдаги президент фармонини ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қўпол равишда бузиб, давлат ҳисобидаги клубни ноқонуний равишда бузиб, талон-тарож қилиб, уйига олиб кетди.

Озодлик: Кино томоша қиладиган клубми у?

- Ҳа, театрда. Кейин ўша клубга қўшиб, томорқамизга уй қуриб қўйди. Клубни бузиб олиб кетгандан буëн тинчимизни бузиб, одамлари билан қўрқитиб, уриб, тазйиқ ўтказиб келмоқда. Ҳар хил қўпол сўзлар билан ҳақоратлайди.

Озодлик: Нимага тинчингизни бузади?

- Миллатчилик қилади. “Татарсан, қачон кетасан ўзингнинг юртинг Россиянгга” дейди. Бизнинг миллатимиз татар.

Озодлик: У киши ким?

- Бой-бадавлат инсон. Савдогар бўлиб ишлайди. Бой-бадавлат. Умуман ҳаммани милициялар билан келиб қўрқитади. Илтимос, менга ëрдам беринглар. Ҳеч кимнинг иши йўқ, қарамайди, - дейди Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан қўнғироқ қилган Назира Бобожонова.


"Маскалилар Вобкентга бир келиб кетсин"

"Эркин микрофон" билан боғланган бухоролик Одилжон эса қора ниқоблилар бизнинг Вобкент туманига ҳам бир келиб, давлат ташкилотларининг порахўр амалдорларига чора кўриб кетсин, дея мурожаат йўллади.

- Маскалилар бор-ку, юзи ëпиқлар, ўшалар бир Бухорога келиб кетсин, Вобкентга. Порахўрлар кўпайиб кетган-да. Ўшаларни олиб ташласа, яхши бўларди-да.

Озодлик: Уларни Бухорога таклиф қилаяпсизми?

- Албатта.

Озодлик: Қайси соҳаларда ишлайди у порахўрлар?

- Порахўрлар шу солиқ, милиция, прокурор, свет, газ.

Озодлик: Қора ниқоблилар келса, рейд ўтказса, шу билан порахўрлар йўқолиб кетармикан?

- Балки йўқолар. Келса, йўқолиб кетар. Катта одам Тошкентдан келса, йўқолиб кетади.

Озодлик: Демак, қора ниқоблилар керак, деб ўйларкансиз-а?

- Албатта.

Озодлик: Улар кимлиги ҳақида тасаввур борми сизда?

- Милицияда. СНБ, Вазирлар Маҳкамаси. Бошқа ким узатади бунақа одамларни, - дейди вобкентлик Одилжон.


"Бу йил сув ўтган йилгидан 30 фоизга камайган"

Вобкентдан боғланган Одилжон маҳаллий сувни тақсимловчи хўжаликда мироб бўлиб ишлар экан. Шу боис, ундан Вобкент ва умуман, Бухоро вилоятида бу йил таъминоти қандай бўлгани ҳақидаги кузатувларини ҳам сўрадик.

- Аввалгидай эмас-да.

Озодлик: Ўтган йилгидан қанча кам? Бир ëки ярим баробарга кам десак бўладими?

- 100 фоиздан 70 фоиз келаяпти.

Озодлик: Кўп йиллардан бери ишлайсизми бу соҳада?

- Албатта.

Озодлик: Энди нима бўлаяпти? Мана яқинда бизга қўнғироқ қилиб, “пахтам сув йўқлиги учун гулини тўкиб юборди”, деди. Буғдойларга зарар етди, кўкат бўлмади, ўт бўлмади, дейишаяпти.

- Бу гапингиз тўғри.

Озодлик: Сиз яшаб турган жойда нималар бўлди? Мол-ҳол қолдими одамларда?

- Гуллади, фақат ҳосил бўлмади. Помидор умуман кам бўлди. Самарқанддан келаяпти помидор.

Озодлик: Пахта нима бўлаяпти?

- Пахта нормално. Унчалик яхши дея олмайман.

Озодлик: Гулини тўкмадими сизларга томонда?

- Йўқ.

Озодлик: Сиз ишлаб турган хўжаликка Амударëдан сув келади, деяпсиз. Уни нечта фермер хўжалигига ëки қанча гектар ерга бўлиб берасиз?

- 6000 гектар жой.

Озодлик: Демак, бу йил 30 фоизча сув шунча майдонга кам бўлди-а?

- Ҳа.

Озодлик: Деҳқонлар нима қилаяпти?

- Иложи йўқ энди. Нима қиламиз деб ўтиришибди, дейди вобкентлик Одилжон.


Фарғона водийсидаги зилзила сукутга яраша жавобми?

Сирдарёдан боғланган муштарий Бобур ака эса Фарғона вилоятида рўй берган зилзила ва унинг қурбонлари ҳақида ўйлаб юргани ҳамда бу фожеанинг сабаблари ҳақида айрим тахминлари борлигини айтди.

- Эпицентр Қирғизистонда дейилди, бироқ зилзиланинг натижалари Фарғона вилоятида кўриниб, 13 киши ўлди ва 86 дан ортиқ киши турли хил жароҳатлар олди. Ҳозир шунақа фикрлар бўлаяптики, эпицентр Қирғизистонда бўлди, натижалари Ўзбекистонда бўлди деб. Мен шунга ўзимнинг версияларимни айтмоқчи эдим.

Биринчидан, мана яқинда Озодлик радиоси орқали Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида Саидваққос зиëратгоҳида балиқларнинг ўлдирилиши ўша авлиë мозорида ҳокимнинг нотўғри қилган ҳаракатлари натижасида.

Озодлик: Нима алоқаси бор? Мен яхши тушунмадим биринчи версиянгизни.

- Муқаддас нарсаларга тегиниб бўлмайди-да. Барибир эртами-кечми ўзининг салбий натижасини кўрсатади.

Иккинчиси, Ўзбекистон қамоқхоналарида жуда кўплаб ўзбек йигитларини қийноқлар остида ўликлари чиқарилаяпти. Ўзбек халқи жуда сукунат билан, жимжитлик билан қараб турибди. Бировга зулм қилиш жуда оғир гуноҳ ҳисобланади. Огоҳлантириш бераяптимикан деяпман-да.

Учинчиси, мана ўтган йилги Ўш воқеаларида ҳам 2000 га яқин ўзбеклар ўлдирилди. 28 миллионли халқ сукут билан жавоб берди. Шу нарсаларнинг ҳаммасини бир-бирига боғласак, "Нима учун Фарғонада зилзилада одамлар ўлди?" деган саволга жавоб топиш мумкинми дейман-да.

Озодлик: Бошқача айтганда одамларнинг қилган қилмишларига жавоб бўлди демоқчимисиз?

- Ҳа, жавоб бўлаяпти. Бу кўргиликлар ҳали кам. Эҳ-ҳе, ҳали Худо кўрсатмасин, жуда ëмон ишлар бўлиши мумкин, - дейди сирдарëлик Бобур ака.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG