Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Ерланнинг ўлими сайёҳлар оқимига таъсир қиладими?


Ўтган ҳафтада Қирғизистоннинг Иссиқкўлида маҳаллий ёшлар томонидан калтакланган қозоғистонлик Ерлан Балмахаев 14 август куни Бишкекдаги Миллий госпиталда вафот этди.

30 ёшли Ерлан Балмахаев 13 август куни кечқурун махсус тиббий самолётда Чўлпонота шаҳридан Бишкекка олиб келиниб, операция қилинган эди.

- Бишкекка олиб келинганида ҳам унинг ахволи оғир эди. Шундай бўлса-да, шифокорлар хулосаси билан операция қилинган. Бироқ қанча ҳаракат қилмайлик, уни сақлаб қололмадик. Жон таслим қилганида унинг ёнида яқинлари бор эди. Уни ўшалар олиб кетишди, - деди Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вакили Шабдан Рисқулов.

Қозоғистондан Иссиқкўлга дам олиш учун келган Ерлан Балмахаев ўтган ҳафта бошида номаълум ёшлар томонидан аввал тўналган ва сўнгра калтакланган, унинг калтак зарбидан лат еган мияси аввал Чўлпонота шаҳар касалхонасида операция қилинган эди.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиевга Қозоғистон фуқаросининг калтакланиши юзасидан терговни ўз назоратига олишни топширган.

Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш очилган, бироқ ҳеч ким қўлга олинмаган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси Раҳматилло Ахмедовга кўра, тергов ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда:

- Бугунги кунда тергов бир қанча маълумотларга эга. Бироқ бу маълумотларни текшириш керак. Яқинда бу иш охирига етиш мумкин, - деди Раҳматилло Ахмедов.

Қозоқ матбуотининг Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Асқар Абдрахмановга таяниб хабар қилишича эса айни пайтда Ерлан Балмахаевнинг калтакланиши юзасидан икки қирғизистонлик гумонланаяпти ва ҳозирда улар қидирувга берилган.

Аснода Балмахаевнинг ўлими қозоқ матбуоти, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаяпти. Олмоталик жамиятшунос Гадилбек Акимов фикрича, Иссиқкўлда дам олиш истагини билдираётган қозоғистонликлар кўпайган ҳозирги пайтда бу воқеа қирғизлар учун “бетга чиққан чипқон” бўлиши мумкин:

- Интернетни кузатиб келаяпман, бу йил Иссиқкўлга боришни маслаҳат бераётганлар кўп. “Президентнинг ўғли Атай Садибақасов ўзи йўлда кутиб олади, бу жуда зўр”, деб кўп танишларим ёзганди. Бироқ қилинган бу ишларни ўлгунча калтаклаш ювиб кетди, - дер экан Гадилбек Акимов Ерлан Балмахаевнинг ўлимини ҳар доим ҳам учрайвермайдиган бахтсиз ҳодиса сифатида баҳоловчилар ҳам бор эканини қўшимча қилади.

Айрим кузатувчилар эса Қозоғистон фуқаросининг Қирғизистонда калтакланиши ва ўлиши икки давлат ўртасига совуқлик солиши мумкинлигини айтаяптилар. Қирғизистоннинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Тилектеш Ишемқулов нима бўлганда ҳам воқеа айбдорларини топиб, жазолаш керак, деган фикрда.

- “Ўлганга қийин”, деб қўйишади. Бироқ бу воқеа қозоқ жамиятининг илғор вакиллари, зиёлилари, ўсиб келаётган ёш авлоди онгида салбий акс этади, - деди Тилектеш Ишемкулов.

Айни пайтда Қирғизистондаги туристик ширкатлар вакиллари ҳам Ерлан Балмахаевнинг ўлими Иссиқкўлга келаётган сайёҳлар оқимини қисқартириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

“Қирғиз-тур-сервис” туристик компанияси ходими Мақсат Дамир ўғли фикрича, Иссиқкўлга келаётган сайёҳлар оқиминининг озайиш-озаймаслиги мазкур воқеанинг матбуотда қандай ёритилишига ҳам боғлиқ:

- Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга бу борада қандай хабар кетса, шунга яраша бўлади. Берилаётган хабарлар ўта салбий йўсинда бўлса, сайёҳлар келмай қўйиши мумкин, - деди Мақсат Дамир ўғли.

Қирғизистон ҳукумати 2010 йилда инқирозга юз тутган туризм соҳаси жорий йилда яна қад ростлашини умид қилган эди. Бундан аввал Иссиқкўлга ҳар йили 3 миллионга яқин сайёҳ келган бўлса, 2010 йилда уларнинг сони 500 мингга ҳам етмаган.

Жорий йилда Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўлга камида 2 миллион туристни жалб қилишга умид қилаётган эди.
XS
SM
MD
LG