Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:28

RSF: Ўзбекистон интернетда миллий чегара ўрнатмоқчи


Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистонда ижтимоий ахборот воситаларини назорат қиладиган ҳукумат комиссияси тузилганини қоралади.


Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 25 август куни тарқатган баёнотга кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий ахборот воситаларини назорат қилиш ниятида ташкил қилган комиссия назоратни қуйи агентликлар ихтиёридан ўз қўлига олиш ва шу билан интернетда ўз миллий чегараларини ўрнатишни режаламоқда.

5 август куни Ўзбекистон ҳукуматининг “Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинган ва унга мувофиқ 13 мансабдордан иборат бўлган эксперт комиссияси ташкил қилинган эди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакили Йоҳан Бир бу коммисия ташкил этилишидан бир неча кун ўтибоқ мамлакатдаги интернет тармоқларининг кенг кўламда тўсилишига эътибор қаратди.

- Биз кейинги бир неча ҳафта, ҳаттоки, ой ичида Ўзбекистонда интернет цензурасининг янада кучайганини кузатдик. Яқинда президент Ислом Каримов ва бир неча парламент аъзоларининг шунга ишорат берувчи нутқлари бўлган эди ва кузатувларимизга кўра, айтилган сўзлар ҳозир амалда қўлланилмоқда.

Хусусан¸ 9-10 август кунлари интернетнинг оммавий равишда блок қилинишини кузатдик. Бунгача интернетнинг бу қадар кенг кўламда филтрланиши ёки блок қилиниши Ўзбекистонда кузатилмаган эди.

Ҳозирга келиб, Ўзбекистонда русча йирик халқаро онлайн ахборот воситалари, жумладан, Lenta.ru, Gazeta.ru, New York Times, Reuter, Bloomberg каби кўплаб онлайн нашрлар филтр қилинмоқда. Фарқли жиҳати шундаки, ҳатто, спорт хабарлари бериладиган Sovsport.ru сайтининг ҳам филтр қилинганини кузатдик. Ҳаттоки, Google қидирув тизими ҳам бир неча кун блок қилинганини кузатдик, дейди Йоҳан Бир.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакилига кўра, гарчи расман қатор техник сабаблар тилга олинаётган бўлса-да, аслида Ўзбекистон ҳукуматининг айнан онлайн медиа устидан назоратни кучайтириш истагида экани ва бунинг учун астойдил ҳаракат қилаётгани очиқ факт эканини ҳамиша эътиборда тутиш лозим.

- Мана энди 5 август кунги ҳукумат қарори билан виртуал медиани назорат қилиш учун яратилаётган янги расмий комиссия ҳақидаги хабарни олаяпмиз. Биз бугунги пресс-релизда айнан шу ташкилотга эътиборни қаратганмиз. Бу комиссия 5 август куни Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси томонидан тузилди ва “экспертлар комиссияси”, деб тақдим қилинди.

Бу комиссия ахборот ва ижтимоий оммавий ахборот воситалари орасида Ўзбекистон миллий маданияти, зеҳниятига таҳдид солувчи “деструктив”, деб топилган сайтларни топиш ҳамда уларни блок қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати шу вақтгача қўллаб келаётган кўплаб воситалар сирасига қўшилган яна бир улкан воситадир, деб ҳисоблайди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакили Йоҳан Бир.

Суҳбатдош хулосасича, бу комиссия ҳукумат бўғинларида матбуотни бўғиш билан шуғулланаётган ташкилотлар фаолиятини бир тизимга солувчи, умумлаштирган ҳолда чора кўриб, қарор қабул қилувчи бир ташкилот бўлади.

- Ўзбекистондаги сиёсий пирамида тепасида турган Вазирлар Маҳкамаси онлайн-матбуот ёки ижтимоий оммавий ахборот воситалари назоратини ўзидан қуйидаги агентликлар ихтиёридан бевосита ўз назоратига олмоқда. Бу эса Ўзбекистон ҳукумати интернетдаги ахборот курашини жуда яхши англаб етаётганини кўрсатади ва шу вақтга қадар мамлакат расмийлари баёнот берганидек, бу соҳани тўлиқ ўз назоратига олиш ҳаракатлари бормоқда, - дейди Йохан Бир.

Йоҳан Бир араб исëнларидан кейин Ўзбекистон президенти берган баёнотларни назарда тутар экан, айни пайтда Интернетда мавжуд оммавий ижтимоий тармоқларни блок қилиш ёхуд филтрлаш билан бирга Ўзбекистон ҳукумати ўз ижтимоий тармоқларини яратиш орқали Интернетда ўз миллий чегараларини яратишга уринаётганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.

- Мисол учун, 1 сентябрдан бошлаб Muloqot.uz деган ижтимоий тармоқ ишга туширилиши ҳақида расмий хабар бўлди. Бу билан Ўзбекистон ҳукумати дунёни туташтирган Интернетда ўз миллий чегараларини ўрнатишга уринмоқда. Афсуски, бу ҳаракат Ўзбекистон билан чекланаётгани йўқ. Яқинда Қозоғистонда ҳам шундай уринишларни кузатдик.

Албатта, бошқа тармоқларга йўл беркилганидан кейин ўзбекистонлик фойдаланувчиларда ички тармоқларга мурожаат қилишдан бошқа имкон қолмайдигандек кўринади. Аммо, аслида ўз номи билан "Дунё ўргимчак тўри", деб аталган интернетга кириш йўлларини ҳеч қачон тўсиб бўлмайди. Ё прокси ёки бошқа кўплаб йўллар билан Интернетга кириш йўлини ҳар доим топиш мумкин.

Марказий Осиё ҳукуматлари, хусусан, Ўзбекистон ҳукуматининг улкан куч ва маблағ сарфлаб ижтимоий ахборот воситаларини чеклашга уриниши Интернетга кириш йўлини мушкуллаштириши, қанчадир муддатга кечиктириши мумкин, холос, деб хулоса қилади Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакили Йоҳан Бир.
XS
SM
MD
LG