Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:15

Ўшда ёндириб юборилган мактаб биноси тикланди


Ўтган йил июн воқеалари чоғида ёндириб юборилган собиқ Толстой номли ўрта мактаб ўқувчилари ўқув йилини янги биносида бошладилар.

1 сентябр куни аввал Лев Толстой номида бўлган, эндиликда Тўйчи Алтибаев номи билан аталаётган мактаб биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур мактаб директори Муродилло Мўйдинов ўқитувчи бўлиб ишлаганига 40 йил бўлганини, ўтган вақт мобайнида замон талабларига жавоб бера оладиган мактаб биноси қуриш орзуси билан яшаганини айтади. Унга кўра, мактабнинг янги биноси замон талабларига жавоб бергани билан камчиликлардан ҳам ҳоли эмас.

- Ҳозирда 420 ўқувчи бир сменада ўқиш имкониятига эга бўлиб турибди. Фақат биз мактаб биносида “Мастерской” деб лойиҳада кўрсатилган хонани ЮНИСЕФ халқаро ташаббуси билан очилган тайёрлов гуруҳига ажратдик. “Мактаб кутубхонаси” деб белгиланган хонани ўқитувчиларга, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига ажратдик. Директор учун лойиҳада белгиланган хонага кутубхонани жилдирдик. Келгусида мактабимиз ҳудудида бошланғич синфлар учун алоҳида бино қуришимиз зарур бўлиб турибди ёки мен юқорида айтган хоналар, мастерской, кутубхона каби хоналарга бино қуришимиз керак бўлади, - дер экан мактаб директори Муродилло Мўйдинов бу хусусида зарур бўлган ишлар олиб борилаётганини қўшимча қилди.

Тўйчи Алтибаев номидаги мактаб директори Муродилло Мўйдинов

Мактаб директорига кўра, Ўзбекистон лотин алифбосига ўтганидан кейин ва Қирғизистонда ўзбек мактаблари учун дарсликлар чоп этиш муаммоли масалага айлангани учун мактабда дарсликлар етишмаслиги кузатилаяпти. Муродилло Мўйдиновнинг айтишича, бу муаммони бир қадар ҳал қилиш учун ҳозирда ўқувчилар қирғиз мактаблари учун чиқарилган дарсликлардан фойдаланиб туради.

Муродилло Мўйдинов ҳозирда ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти кўмагида ўзбек мактаблари учун ўзбек тилида дарсликлар чоп этилиши мумкинлиги тўғрисида хабар эшитганини ҳам қўшимча қилди.

Ўш шаҳрига туташ бўлган Тошлоқ қишлоғида жойлашмиш Толстой номли мактаб ўтган йилги қирғин кунлари ёндириб юборилган эди. 2010-2011 ўқув йилида мазкур мактаб ўқувчилари шийпонда ўрнатилган чодирларда, кейинчалик эса бошқа мактабда ўқишган:

- Сентябр ойидан ноябргача пахта даласи шийпонида ўқидик - ЮНИСЕФ томонидан берилган палаткаларда. Мактабимиз ёнмасдан туриб 850 ўқувчимиз бор эди. Мактабимиз ёнганидан кейин палаткада ўқишни 650 ўқувчи билан бошладик. Палаткада бир чорак ўқиб, совуқ тушганидан кейин қўшни Солижон Шарипов номли мактабга бордик. Алғов-далғов бўлаётган замонда икки мактаб болаларини дўстона муносабатда битта мактабда ўқитдик. ЮНИСЕФ ташкилотига катта миннатдорчилик билдирамиз. Булар бизнинг ҳар қанақа дардимизга малҳам бўлишди, ўқувчиларга ўқув анжомларини беришди, қўшни мактаблар китоблар билан таъминлашди. Mercy Corps ташкилоти болаларни иссиқ кийимлар билан таъминлади. Транспорт департаментининг 7 та микраавтобуси ЮНИСЕФ томонидан молиялаштирилди ва ўқувчиларимизни ташиб турди, - деб эслайди мактаб ўқитувчиси Олтиной Тилаволдиева.

Собиқ Толстой мактабининг очилиш маросимида Ўш вилояти губернатори Сўўранбай Жээнбеков, Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси раҳбари Жантўра Сатибалдиев, БМТ тараққиёт дастурининг Қирғизистондаги доимий вакили Аванесов ва бошқалар иштирок этди.

- Бу мактаб 10 ой давомида қурилди. Қурилишга сарфланган умумий маблағ 40 миллион сомни ташкил қилади. Қурилиш ишларини давлат дирекцияси олиб борди. Ундаги парта, стол-стулларни, компютерларни олишга ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти ёрдам берди, - деди Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси матбуот котиби Мелис Эржигитов.

Мелис Эржигитовнинг айтишича, айни пайтда Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси раҳбарияти Тўйчи Алтибаев номли мактабнинг бошқа муаммоларини ҳал қилишда ёрдам сўраб, халқаро ташкилотларга мурожаат қилаяпти.
XS
SM
MD
LG