Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:25

Мустақиллик байрами: турфа ҳислар¸ турфа фикрлар


Тошкент марказидаги Мустақиллик майдони.
Тошкент марказидаги Мустақиллик майдони.

Ҳукумат томонидан мустақилликни нишонлаш учун белгиланган кун оддий ўзбекистонликлар учун қандай ўтди?


Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан байрам сайлларига чиққан ўзбекистонликларнинг кайфиятининг, ҳар йилгидек, улар моддий-иқтисодий аҳволига боғлиқ экани кузатилди.

Иши ва топиш-тутиши яхши бўлган оилалар байрам тадбирларида мазза қилганини, оилавий иқтисоди оғир бўлган оилалар эса мустақилликни қутлаб кўчага чиқолмаганини айтдилар.

Ортда қолган 20 йиллик давр ҳақида Озодлик суҳбатга тортган оддий ўзбекистонликлар хулосалари қарийб бир-бирига ўхшаш бўлди.

Президентимиз бизнинг фаровонлигимиз учун жон-жаҳдини бериб ишламоқда, аммо қуйидагилар у кишининг айтганини бажармагани учун муаммолар келиб чиқмоқда, дейди аксар суҳбатдошларимиз.

Демак, биринчи суҳбатдошимиз — Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган тадбиркор Мадина Ҳакимова. Бу аëл¸ ўзининг айтишича¸ яхшигина бизнес эгаси.

- Ғафур Ғулом паркидамиз. Концерт бўлаяпти кираëтган жойда. Овози эшитилаëтган бўлса керак. Невараларни олиб чиққанмиз айлантиргани.

Озодлик: Одам кўпми?

- Одам кўп.

Озодлик: Одам аввалгилардан кўпми камми?

- Билмайман. Мен ўзи кўп йилдан бери байрам кунлари чиқмаëтган эдим.

Озодлик: Нимага?

- Бўлди бўлмади нарсалар, одам йиғилган жой, баъзан-баъзан хавфлироқ туюлади. Шунинг учун.

Озодлик: Портлашни назарда тутмаяпсизми?

- Ҳа, болаларим учун қўрқаман.

Озодлик: Бу йил қўрқмадингизми?

- Бу йил бунақа нарса эшитмаганимиз учун қўрқмадик шекилли.

Озодлик: 20 йилликка катта байрам бўлади, дейишаëтган эди, бўлаяптими?

- Ҳа катта.

Озодлик: Кўчаларда одам гавжумми ë сал камроқми бу йил?

- Шаҳар кўчалари эрталаб деярли тинч эди. Умуман одам йўқ, ҳамма дам олиб, дам олиш куни бўлганига ëтишган бўлса керак.

Озодлик: Сиз ўзингизнинг ҳаëтингизда мустақилликка 20 йил тўлганини ҳис қилаяпсизми?

- Умуман олганда ўзгаришлар бор конечно. Ундан кўз юмиб бўлмайди. Шаҳарлар кундан кун чиройли бўлган. Жуда кўп вилоятларни айтишаяпти шунақанги чиройли кўчалар қилган, ремонтлар, янги бинолар, ҳамма ëғи чиройли бўлган дейди. 1995 йилни эсласангиз, умуман шаҳарларга қараб бўлмайдиган аҳволга келиб қолган эди. Ҳозир кундан кун чиройли бўлиб бораяпти. Бу йил ўқишлар яхши бўлди. Баъзи қўштирноқ ичидаги нарсаларни ҳисобга олмаганда умуман ëмон эмас. Теварак-атрофга қараганда барибир нолимайман, дейди тошкентлик тадбиркор Мадина Ҳакимова.


Иккинчи суҳбатдош – Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган сотувчи Ботиржон ака. У киши Мустақилликнинг 20 йиллиги учун махсус Тошкент шаҳрига тушибди.

- Айланиб келдим, шаҳарга тушдим, одамларда жуда унақа байрам кайфияти йўқ.

Озодлик: Қаерларга тушдингиз?

- Мустақилликка бордим, одамлар айланиб юрибди. Амир Темур олдидаги сайилгоҳда битта пачоқ артистни қўйибди, ўша ашула айтаяпти. Одамлар унақа ўйин-кулги қилаëтгани йўқ.

Озодлик: Мустақиллик майдонидачи?

- У ерда унақа ўйин-кулги йўқ. Просто айланишга чиройли жой қилиб қўйибди у ерни. Мен болалар ëшлигида бундан 12-13 йил олдин тушган эдим. Унда бошқача бўларди. Ҳамма ëқда нарса сотарди, овқатланадиган жойлар қилиб қўйган эди. Алишер Навоий, Ҳамза театрларининг олдида бўларди. Ҳамма жойда катта-катта концерт бўларди. Одам кўп бўларди. Юриб бўлмас эди. Ҳозир унақа одам йўқ, бемалол юрасиз. Мустақилликнинг 20 йиллиги ҳамма ëқда артистлар, ўйин-кулги бўлиши керак эди. Унақалар йўқ.

Озодлик: Орқада қолган 20 йил ҳақида нима дея оласиз? Жиддий, катта бир нарсага эришдингизми?

- Жуда унчалик катта нарсага эришмадигу, нима десак бўлади, амаллаб бола-чақани боқаяпмиз. Қора қозон қайнаяпти. Унақа катта нимага эришмадик. Ҳаракат қилиш керак. Ҳозир ишлаш керак бўлиб қолди фақат, дейди Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган сотувчи Ботиржон ака.


Яна бир суҳбатдош – Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида яшовчи кичик тадбиркор Ғайратжон Қўлдошев. У киши байрам куни Гулистон шаҳрига борибди-ю, аммо байрам тантаналарини томоша қилмай, ортга қайтибди.

- 20 йилликка Гулистонга борган эдим. Бола-чақа ташвиши, шу билан бозор қилиб қайтавердим.

Озодлик: Бир айланмадингизми? 20 йил бўлдику мустақилликка.

- Болалар ҳам ўқишга эртага Тошкентга кетади, биттаси мактабга кетади. Шунга тараддуд кўрдикда.

Озодлик: Мана мустақилликка 20 йил бўлди. 20 йиллик орқага қарасангиз, қандай тасаввур шаклланаяпти?

- 20 йиллик даврга қараб туриб, Худо хоҳласа келажагимиз яхши бўлиб кетар бу ëғи. Ҳозир ҳам ëмон эмас. Ишлаган яшаяпти.

Озодлик: Шунақа хулоса қилишга асослар борми?

- Асослар бор. Марказий Осиëда биринчи бўлиб бизнинг Ўзбекистонда тез юрар поезд юрди мана. Кеча кўрсатишди. Биздан ўтди. Кўриб кўзингиз қувнайди. Самарқанддан Қўқонга катта трасса магистрал қурилаяпти. Ҳали битгани йўқ. 60 метр энлиликда йўл қурилаяпти. Бу ҳам келажак авлод учунку тўғрими? Мисол келтирадиган бўлсам, ўзимизнинг қишлоқ жойларда ҳам мана уй қурилаяпти. Бироз қимматку, лекин қурилаятпи. Бу ҳам бир келажагимиз яхшилигидан, тинчлигимиз бориданда, дейди Сирдарë вилоятининг Бахт шаҳрида яшовчи кичик тадбиркор Ғайратжон Қўлдошев.


Яна бир суҳбатдош – бухоролик 25 ёшли эшик-ромчи уста Умиджон Хўжаев. Боғланганимизда бу йигит байрам сайлларига чиқмай, байрам кунида ҳам ишлаётган экан.

Озодлик: 20 йиллик давр ҳақида хулоса борми сизда? Қандай ўтди шу 20 йил?

- Ишқилиб чидаса бўлади.

Озодлик: Буни қандай тушунсам бўлади?

- Ëшликдан одам шунга кўникиб борганда.

Озодлик: Майли сўнги 10 йилига баҳо беринг. Сизнинг ҳаëтингизда қандай кечди? Келажак учун фундамент қўя олдингизми?

- Йўқ, буни қила олганимиз йўқ.

Озодлик: Бирор жойда ўқимадингизми?

- Бир жойда ўқиш ë бир нима қилиш ҳамманинг ҳам орзуси эди. Шароит бўлмагани учунда.

Озодлик: Каримовнинг кечаги гапини эшитдингизми?

- Ҳа.

Озодлик: Мана ëшларимизга иш ўринлари, ўқиш жойларини яратаяпмиз, иқтисодимиз ундай-бундай бўлди деб гапирди. Қайси фикрларига қўшиласиз, қайсиларига қўшилмайсиз?

- Каримовнинг фикрига қўшиламан, лекин пастда сиëсат бошқа. Мен чиқиб айта олмайманку. Мана “бизларнинг шаҳримизда 90 фоиз ишчи ишсиз юрибди” деб айтсам, мени ҳам олиб кетиб қамаб қўяди.

Озодлик: Кейинги мустақиллик йилларига ҳаëтингиз ўзгаришига ҳеч бўлмаса умид борми?

- Ҳозирчалик ҳеч қанақа нимам йўқ. Яхши бўлса, пешонадан кўрамиз. Бошқа иложимиз ҳам йўқда опа, дейди бухоролик 25 ёшли эшик-ромчи уста Умиджон Хўжаев.


Навбатдаги суҳбатдош – Андижонда истиқомат қилувчи таксичи Набижон Тошпўлатов. У киши Андижон шаҳридаги ўртамиёна кайфиятда ўтадиган байрам сайлига қаноат қилмай, 3 боласию хотинини олиб Мустақиллик байрами учун атай Тошкентга борибди. Довон йўлида ҳам уни ҳеч ким тўхтатмапти.

- Болаларимни олиб Тошкентга келдим. Кўтаринки кайфиятда Бобур паркида ўйнатиб юрибман. Ҳозир орқага йўлга чиқамиз. Эртадан ўқиш.

Озодлик: Қандай бўлди байрам?

- Зўр. Ҳамма ëқ бор, тинчлик.

Озодлик: Переваллар ëпиқ дейишаëтган эдику.

- Ҳеч қачон. Мана Нескиям бор, келдим. Бемалол, ҳамма ëқ зўр. Йўлда шашликлар едик. Бунақаси бўлмайди.

Озодлик: Паркда байрам қандай бўлаяпти?

- Зўр ўтаяпти. Кўтаринки кайфият ҳаммаси.

Озодлик: Қўшиқ, байрам томоша борми?

- Албатта. Концертлар бўлаяпти, карнай-сурнай, ҳамма ëқда хурсандчилик.

Озодлик: Неча болангиз бор?

- Учта. Аттракционга кетишган аяси билан. Ўзим ўтирибман ҳозир.

Озодлик: Байрамга нархлар ошиб кетмабдими?

- Йўқ, ҳамма ëқ яхши.

Озодлик: Аттракцион битта айланиш неча пул?

- Ҳар хил экан. 500 сўм, 700 сўм.

Озодлик: Ҳўв тепага олиб чиқадиган чархпалаги неча пул экан?

- 500 сўм экан.

Озодлик: Музқаймоқлар неча пулдан экан?

- Сортига қараб. 500 дан 1500гача.

Озодлик: Неча сўмлигидан олиб бердингиз?

- 1000 сўмлигидан олиб бердим.

Озодлик: Ўртачасидан олибсизда-а?

- Ҳа. Агар қизиқтирса, шишалик колалар 700 сўм экан.

Озодлик: Ундан ҳам олгандирсиз?

- Шашликлар зўри 1500 сўм.

Озодлик: Учта болангиз, аëлингиз ўзингизга мустақиллик байрами неча пулга тушаяпти?

- 100 минг ажратдик. Шуни ишлатиб юрибмиз.

Озодлик: Етаяптими ишқилиб?

- Етади, еткизамизда.

Озодлик: Ўзи етаяптими ë сиз чўзиб-чўзиб етказаяпсизми?

- Йўқ, етаяпти.

Озодлик: 20 йиллик даврга қандай баҳо берасиз?

- Мен зўр баҳо бераман. Сабаби бизникидай йўллар, бизникидай тинчлик йўқ қўшни давлатларда. Чин кўнглимдан айтаяпман. Мана переваллар кўз тегмасин зўр. Ҳеч қанақа проблема йўқ. Шунчалик бўладида энди. Дангасага пул йўқ, ҳаракат қилганга бор. Амир Темурнинг “дангасалик камбағаллик” деган гапи бор. Худога шукур ишлайман, Худога шукур етаяпти.

Озодлик: Ўзбекистоннинг бугунги имконияти, бугунги ресурси билан бундан ҳам яхшироқ бўлишимиз мумкин эди деган фикр ҳам ўтадими хаëлингиздан?

- Йўқ, унақа политикага кўп ҳам қизиқмайман. Ўзимнинг рамкамда юраман. Мен оддий ҳайдовчи боламан. Олти хона уйда яшайман. Машинам бор, уйларим бор Худога шукур. Ўғил-қизларим Худога шукур соғ. Шунчалик бўладида. Тинчлик қилиб берди. Тинчлик бўлса, соғлиқ бўлса, ҳаммаси бўлади, дейди андижонлик Набижон Тошпўлатов.


Яна бир суҳбатдош – қашқадарёлик ишсиз, уч боласи билан бева яшаётган Саломат опа. Бу кишининг ўзи ҳам, болалари ҳам байрам қилгани кўчага чиқмапти. Биринчидан пул йўқ, иккинчидан вақт. Саломат опа 20 ёшли қизи билан бирга одамларнинг уйида ғишт қуйиб бериб, тирикчилик қилар экан.

- Йўқ, чиққанимиз йўқ. Ҳеч қандай байрам ҳам бўлгани йўқ, ҳеч қаерга чиққанимиз ҳам йўқ. Ҳозир бир жойга чиқишга бир сўм, пулим ҳам йўқ.

Озодлик: Томошага бўлса ҳам чиқмадингларми?

- Олдин мустақил бўлдик, ҳамма нарсага эришдик деб хурсанд бўлар эдим. Ҳозир ҳеч қандай шароит ҳам, имконият ҳам бермаяпти. Тўғри, президентимиздан нолимайман. Президентимиз бизларга ўхшаганлар учун қанча шароит яратиб бераяпти, лекин бизгача етиб келмаяпти шу нарса.

Озодлик: 20 йиллик мустақиллик деган нарса сизга бир нарсани англатадими? Қанақадир ифтихор, ғурур туясизми?

- Йўқ. Айтаяпманку ўзгариш бўлса эди, бирор ишга кирсам эди, рўзғоримга янгилик яратсам эди. Мана қизимни ўқитдим. Ўқишни битирганига 2 йил бўлаяпти. Уни ишга жойлай олсам эди, ўшанда бир нарса дейишим мумкин. Ишга кирса олсам эди, ўшанинг ўзи менга катта бахт. Озроқ бўлса ҳам ўзгариш кирар эди. Лой чангалайвериб-чангалайвериб мана қизимнинг ҳам қўли қип-қизил гўшт бўлиб кетди. На кир юва олади, на овқат қила олади, на супурги ушлаб эшик супура олади. Йиғлайди. Мана шу аҳволда ҳозир қандай бўлмасин сизни даволатаман деб ëтарлай пахтага кетишга тайëргарлик кўраяпти. Мен ҳам шу йил йиқилиб юмалаб ўлсам ҳам пахтага чиқаман. Ҳеч иложи йўқ. Болаларга бирор нарса олиб бериш керакда. Эртадан пахтага чиқсамми деб ўтирибман. Нима қилишим керак? Менинг бу шароитимга байрам татийдими, дейди қашқадарёлик ишсиз, уч боласи билан бева яшаётган Саломат опа.
XS
SM
MD
LG