Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:20

Бузруков ишини прокуратура назорат қилади


Ўш махсус прокуратураси 1 сентябр тунида Ўш тергов ҳибсхонасида ўлган маҳбус Маматазиз Бузруков ўлими юзасидан текширув олиб бормоқда.

Махсус прокуратура Бузруков ўлими юзасидан ўтказилаётган экспертизани ўз назоратига олди.

- Жазони ўташ департаменти терговчилари, экспертлар текширув олиб боришаяпти. Текширув хулосаси чиққач, барчаси маълум бўлади. Бузруковнинг нима сабабдан вафот этгани ўшандан кейин айтамиз, - дея қисқа жавоб берар экан Махсус прокуратура расмийси Алмаз Мамаев текширув натижалари бир ойдан кейин маълум бўлишини қўшимча қилди.

Ҳозирда Бузруков ўлимининг сабаблари турли талаш-тортишларни яратмоқда.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапировга кўра, шу йилнинг 22 июн куни Маматазиз Бузруков Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси – “одам ўлдиришга кўмаклашганлик”да гумонланиб, унинг ўғли Муҳаммаджон Бузруков эса 125-модда “ноқонуний ҳибсда сақлаганлик”да гумонланиб, қўлга олинган ва тергов чоғида калтакланган.

- “Изи қолмасин” деб, почкаларига уришибди. Почкага ургандан кейин қари одам, ГОВДни ИВСидаёқ почкаси отказ қилиб, ишламай қолган. Қисқаси, булар 17 кун ИВСда сақланади. 17 кун давомида уриб-қийнаб, жиноятни тан олишга мажбур қилишиб, кейин СИЗОга ўтказишган, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари Маматазиз Бузруковнинг қийноққа солинганини инкор қилишади. Ўшдаги жазони ўташ департаменти шифокори Даргул Исраилова Бузруковнинг танасида қийноқ излари бўлмагани, у юрак хасталигидан вафот этганини айтади:

- У келганда ҳам танасида ҳеч қандай жароҳат излари бўлмаган. Бу ерда текширганимизда ҳам танасида жисмоний жароҳат бўлмаган, ҳеч ким урмаган. У тунги соат 11 лар чамаси юрак инфарктидан вафот этган. Реанимацион бригада ҳам келиб кўрган. Текширувда ҳам юрак хасталигидан ўлгани белгилари бўлган. Ҳозир экспертиза ҳам қилинди. Тахминий натижалар бўйича инфаркт бўлган, - деди Даргул Исраилова.

Бузруковнинг яқинлари унинг аввал юрак касалидан шикоят қилмаганини айтишади. Бироқ улар бу борада журналистлар билан ҳозирча гаплашишни исташмаяпти ва буни марҳум Бузруковнинг июн воқеаларида айбланиб қўлга олинган ўғли хавфсизлиги билан боғлашмоқда.

Маълум бўлишича марҳум Маматазиз Бузруковнинг ўғли Муҳаммаджон ҳозир ҳибсхонада сақланмоқда.

Бундан аввал Бузруков ўлими юзасидан Қирғизистон Омбудсмени ҳамда бир қанча ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ўз текширувларини олиб борган. Текширув натижаларига кўра, 63 ёшли Маматазиз Бузруковнинг ҳуқуқлари ҳибсхона раҳбарияти томонидан поймол қилинган, марҳум ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли вафот этган.

- Ҳибсхонага кириб, материаллар билан танишиб, текшириб чиқдик. “Урган”, “қийнаган” деб айта олмайман. Бироқ эътиборсизлик бўлган. Ўша эътиборсизлиги учун Ўшнинг 25-ҳибсхонаси санитария бўлими шифокорлари жавоб бериши керак. Сабаби бу одам 9 июлда келганидаёқ шифокорлар унга простатит ва хроник аденома диагнозини қўйишган. Ҳибсхонада шу касаллари даволанмаган, - дейди Бузруков ўлими юзасидан текширув олиб борган “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Азиза Абдурасулова.
XS
SM
MD
LG