Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:22

Қирғизистонда 17 нафар амалдор қотилликда айбланмоқда


Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев президент Бакиев ҳукмронлиги даврида содир этилган ҳар бир сиёсий қотиллик фош этилишини ваъда қилди.
Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев президент Бакиев ҳукмронлиги даврида содир этилган ҳар бир сиёсий қотиллик фош этилишини ваъда қилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 2009 йили мамлакатда содир этилган шов-шувли жиноят иши фош этилганини билдирди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов, Стратегик тадқиқотлар институти собиқ директори Сергей Слепченко ва уларнинг ҳайдовчиси Қубат Сулаймановнинг ўлимида айбланиб 17 та давлат амалдори қўлга олинган ва яна бир қатор давлат амалдорлари халқаро қидирувга берилган.

- Мазкур жиноят иши юзасидан 17 одам қамоққа олинди. Уларнинг орасида давлат амалдори бўлмаган бирорта ҳам шахс йўқ. Қўлга олинганларнинг барчаси юқори даражадаги давлат амалдорлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат қўриқлаш хизматининг зобитларидир, - деди Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев 14 сентябр куни тушдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.

Вазир қўлга олинганлардан бири Чегара хизматининг собиқ раҳбари, генерал Замир Мўлдошев эканини айтди. Ички ишлар вазирлиги уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи, милиция полковниги Айбек Абдразақов, президент Бакиевнинг укаси, Қирғизистон давлат қўриқлаш хизмати собиқ раҳбари Жаниш Бакиев ва уюшган жиноий гуруҳларнинг 2 аъзоси эса халқаро қидирувга берилган.

Замирбек Рисалиев журналистларга тергов давомида Жаниш Бакиев Медет Садирқулов билан ўлдирилишидан олдин 1 соат мобайнида суҳбатлашганини, бу суҳбат президент Бакиев маъмурияти иш бошқармаси раҳбарининг дала ҳовлисида бўлиб ўтганини айтди. Суҳбатдан сўнг қўлга олинган 17 одам президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов, Стратегик тадқиқотлар институти собиқ директори Сергей Слепченко ва уларнинг ҳайдовчиси Қубат Сулаймоновни олдинига калтаклаб, кейин бўғиб ўлдиришганини билдирганлар. Бу ишга дахлдор яна 9 киши айни пайтда қидирилмоқда. Тергов маълумотларига кўра, ҳозирда қидирувда бўлган Жаниш Бакиев мазкур шахсларнинг ўлдирилишини шахсан ўзи назорат қилган.

Вазирга кўра, қотиллик содир этилгач, жасадлар машинага солиниб, тоғ этагига олиб борилган ва машина билан бирга ёқиб юборилган.

- Мазкур жиноят ҳокимият амалдорлари ва уюшган жиноий гуруҳлар ҳамкорлигида амалга оширилган, - деб хулосалади Ички ишлар вазири.

Зарилбек Рисалиев айни пайтда Ички ишлар вазирлиги амалдорлари орасида бошқа жиноятларга алоқадор шахслар борлигини ҳам яшириб ўтирмади.

- Эски жиноятни фош этиш учун мен кадрларни алмаштиришга мажбур бўлдим. Чунки бу ва бошқа жиноятларга алоқадор, бу жиноятларни шахсан содир этган одамлар билан бу жиноятни очиб бўлмас эди. Бугунги кунда Ички ишлар вазирлигида милиция формасини кийиб юрган жиноятчилар яна анчагина. Мен буни яширмайман. Вақти-соати келиб, уларнинг ҳаммаси ўз жиноятлари учун жавоб беради, - деди Замирбек Рисалиев.

Ички ишлар вазири Рисалиев Садирқуловнинг ўлими юзасидан жиноят иши фош этилиши 2005-2009 йилларда содир этилган жиноят ишларининг қайта текширилишидаги дастлабки босқич эканини алоҳида таъкидлади. Вазир президент Бакиев ҳукмронлиги даврида содир этилган ҳар бир сиёсий қотиллик фош этилишини ваъда қилди.

Президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов, Стратегик тадқиқотлар институти собиқ директори Сергей Слепченко ва уларнинг ҳайдовчиси Кубат Сулаймановларнинг машина ичида ёндирилган жасадлари 2009 йилнинг март ойида Бишкек яқинидаги Қўйтош қишлоғидан топилган эди. Ўша пайтда мазкур шахслар автоҳалокат қурбони бўлгани айтилиб, автоҳалокат айбдори сифатида Ўсмонов деган ҳайдовчи узоқ муддатга қамалган эди. 2010 йил апрел инқилобидан сўнг Ўсмонов номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG