Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:26

Қирғизистон мактабларида яна ҳижоб муаммоси кўтарилмоқда


Қирғизистон мактабларида ўқувчи қизларни рўмол билан дарсларга қатнашиши таъқиқланаяпти.

Бу борада “Мутакаллим” мусулмон аёллар ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек қизи маълум қилди.

Исмини ошкор қилишни истамаган суҳбатдошимиз Ўш вилоятининг Ўзган туманига қарашли ўрта мактаблардан бирида ўқийди. Унинг айтишича, мактаб раҳбарияти рўмол ўраган ўқувчи қизларни мактабга киритмай қўйган:

- Мактабга рўмол ўраб бораман, 7 ёшимдан рўмол ўрайман. Эшик тагида навбатчилар туради ўқитувчилар, директор бошчилигида. Директоримиз Манзура опа: “Рўмолинги еч, орқангдан ўра”, дейди, акс ҳолда, киргизмайди, “милицияга бераман”, деб қўрқитади.

Озодлик: Кейин рўмолни ечасизми?

- Мен ечмайман. Қаттиқ “еч” деб туриб олган кунлари мактабга кирмай, қайтиб келаман, 3-4 кундан бери мактабга бормаяпман.

Озодлик: “Рўмолингни еч” деса, сиз ўқитувчиларингизга нима дейсиз?

- “Ечмайман”, дейман. “Оллоҳдан қўрқаман”, дейман. “Мен рўмолни сизлар учун эмас, Оллоҳ учун ўраганман”, дейман. Бўш келганларнинг рўмолини ечириб юбораверишади.

Озодлик: Мактабингизда рўмол ўраган қизлар кўпми?

- Ҳа. Кўпчилик рўмол ўратмагани учун мактабга бормай қўйган. Директоримизнинг ўзи шим кийиб келади, бизнинг рўмолимизга осилади, - дейди суҳбатдошимиз.

“Мутакаллим” мусулмон аёллар ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек қизининг айтишича ҳам, Қирғизистон ўрта мактабларида сўнгги пайтларда рўмол ўраган ўқувчи қизларни мактабга киритмай қўйиш ҳоллари кўпаймоқда.

- Ҳозир қўлимизда 150 дан ортиқ ариза бор. Бундан ташқари, Аравон, Новқат, бутун Ўш вилоятидан “бир-икки кунда аризаларни тўплаб берамиз”, дейишяпти. Биз вазирликдан буюртма бўляпти, деб айтаяпмиз. Негаки Новқат туманидаги айрим мактаб директорлари: “Мен рўмол билан дарсга киритаверардим, лекин ишдан ҳайдалиб кетишим мумкин” , дейишаяпти экан. Шунинг учун биз “юқоридан буйруқ бўляпти” деб ҳисоблаймиз, - дер экан Жамол Фронтбек қизи бу масалада Қирғизистон Таълим вазирлиги ва мактаб директорларига ёзилган мурожаатлар жавобсиз қолаётганини қўшимча қилди.

Қирғизистон ўрта мактабларида рўмол ўраган ўқувчи қизларни дарсларга қўймаслик муаммоси авваллари асосан Қирғизистон жанубида - Ўш ва Жалолобод вилоятларида кузатилган. Сўнгги йилларда эса мазкур муаммо пойтахт Бишкек мактабларида ҳам кузатилмоқда.

Бишкекдаги 69-гимназия мактабида ўқийдиган Айжамал бу йил мактабга рўмол ўраб борган. Айжамалнинг онаси Чўлпўн Жақшиевага кўра, мактаб директори қизини чақириб, рўмолини ечмаса, мактабга киритмаслигини айтган.

69-гимназия мактаби раҳбарияти эса бу талабни мактаб низоми билан боғламоқда.

- Мактабимизда махсус устав бор. Унда мактаб формаси қандай бўлиши кераклиги ёзилган. Айжамалга фақат шуни тушунтирдик. Бироқ у кўнмади. Унга эргашиб, яна бир ўқувчи қиз рўмол ўраб келди. Унга тушунтирган эдик, рўмолини ечиб қўйди. Мактабда ҳамма рўмол ўрайверса, тўғри бўлмайди. Айжамал ҳозир мактабга келаяпти, бироқ физкултура дарсига қатнашмаяпти. Физкултура ҳам дарс-ку ахир, - деди 69-гимназия мактаби тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Жипара Жўрчиева.

Айни пайтда Қирғизистон Таълим вазирлиги расмийлари мактабларда ўқувчи қизларнинг рўмол ўраши юзасидан таъқиқ йўқлигини, бироқ ўқувчилар мактабларда қабул қилинган умумий мактаб формаси бўйича талабни бажариши кераклигини айтмоқдалар:

- Таълим вазирлиги томонидан Республиканинг ўрта таълим мактабларида ўқувчи қизлар рўмол ўрашини таъқиқловчи махсус қарор чиқмаган. Вазирликка бу борада мурожаат ҳам келмаган. Бу масала бўйича ҳар бир ўқувчи билан алоҳида иш олиб бориш керак. Мактаб ўқувчилари ижтимоий тенглигини сақлаш мақсадида дарс пайтида усти оқ, ости қора кийим кийиши лозим, - деди Қирғизистон Таълим вазирлиги матбуот котиби Керээз Жукеева.

Аснода “Мутакаллим” мусулмон аёллар ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек қизи ўқувчи қизларининг мактабга рўмол билан боришига рухсат бериш масаласи тез орада ҳал қилинмаса, улар норозилик митингига чиқишга мажбур бўлишларини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG