Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:23

Қорасувлик депутат экстремистликда гумон қилинмоқда


Қорaсув шаҳар кенгаши депутати Зиёвуддин Юсупов ва яна бир неча аёл Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда гумонланиб¸ ҳибсда ушланди.


Қорасув шаҳар кенгашида 12 йилдан буён депутатлик қилиб келаётган Зиёвуддин Юсупов 19 сентябр куни диний-эстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумон қилиниб, қисқа муддатга ҳибс қилинди.

Қирғизистон республикасининг Жанубий вилоятлар бўйича бошқармаси ҳамда Ўш вилояти Ички ишлар бошқармасидан келган махсус гуруҳ Зиёвуддин Юсуповнинг уйида тинтув ҳам ўтказган.

Озодлик билан суҳбатда Зиёвуддин Юсупов ўзини Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига алоқадорликда гумон қилишганини айтади.

- Ҳизбут-Таҳрирга аъзо, уйида варақа сақлайди, варақа тарқатади¸ деган гапларни қилган экан кимдир. Кеча тўйдан келсам, уч-тўртта машина мана санкция, деб уйга кириб текшириб кўришиб, у-бу деб ҳадис китобларни олди. Диск чиқди битта. Дискдаги нарса унақа аҳамиятга молик нима эмас экан. Икки соат тинтув қилишди. Кейин икки соатча тергов қилишиб, олинган нарсаларни упаковка қилиб экспертизага жўнатишди, дейди Зиёвуддин Юсупов.

Зиёвуддин Юсуповнинг уйида давом этган икки соатлик тергов чоғида унга Ҳизбут -Таҳрирга аъзолик, алоқадорлик билан боғлиқ саволлар берилган.

- Сиз аъзосизда Ҳизбут-Таҳрирга, деб сўраб кўришди. Мен йўқ, дедим. "Ҳизбийлар аъзо бўлса аниқ айтади, тонмайди. Биринчидан, мен унақа эмасман. Бўлса айтаверардим. Мени ҳамма ëқда билишади. Ҳокимиятдан ҳам, бошқа ердан ҳам сўра менинг кимлигимни. Ҳозир президент сайлови олдида менга угроза қилишмоқчи бўлганми, билмадим ишқилиб”, дедим. Кейин уларнинг началниги кириб: “Ҳожи ака кечиринг. Бизга нотўғри хабар бўлди шекили, нотўғри нима қилибмиз”, деб узрини айтиб уйга ташлаб кетди. Келсак, халқ тўпланиб турган экан, дейди қорасувлик депутат Зиёвуддин Юсупов.

Ўзбек депутатига кўра, ўзини олиб кетиши биланоқ қорасувлик маҳалладошлари унинг уйи олдида йиғила бошлаган ва уйига қайтиб келган кезда уй олдида 200 чоғли одам йиғилиб турган.

Зиёвуддин Юсуповнинг сўзларига кўра, қирғиз хавфсизлик идоралари ходимлари ўзига жуда хушмуомалада бўлишган, аммо шахсига оид ҳужжатларни олиб қўйишган.

- Паспортимни ҳам олиб қўйди. “Бир-икки кундан кейин берамиз. Мен ўзим олиб келиб бераман”, деди началниги. У ёқ-бу ёққа чиқманг, деган гаплар бўлмади лекин, дейди Қорасув шаҳар кенгаши депутати Зиёвуддин Юсупов.

Озодликка Қорасув шаҳридан боғланган фаоллардан олинган маълумотга кўра, 19 сентябр куни шаҳардаги тўрт ўзбекнинг уйида тинтув ўтказилган ва уларнинг ҳаммасига тақдим қилинган тинтув учун санкция мантида Ҳизбут-Таҳрирга алоқадорлиги гумон қилингани айтилган.

Бундан бир неча кун муқаддам эса Қорасувда бир неча аёл шу гуруҳга алоқадорликда айбланиб қисқа муддатга ҳибс қилинган ва бу ҳақда хабар қилган қорасувликларга кўра, ҳибсга олинган аёлларга тазйиқ кўрсатилган.

Ҳибс қилинган аёллардан бири Нодира Отажонованинг Озодликка айтишича, унинг уйида ҳам тинтув ўтказилган ва сўнгра ўзини уч кун ҳибсда сақлашган.

- Кичкина қизалоғим 7 яшар. Мактабга кийинтираëтган эдим соат 7лар чамаси. Эшикни биров тақиллатиб қолди. Ўғлим очди. Очса, 10-15та эркак киши “Сизнинг олдингизга санкция билан келдик. Сиздан шикоят тушди. Ҳизбут-Таҳрир аъзоси экансиз”, деди. “Майли киринг. Менинг унақа ҳизбийга алоқам йўқ”, дедим. 50 тача Қуръон, ҳадис, исломий китобларни олишди. “Дисклар борми?” деди, дискларни кўрсатдим, олишди, дейди Нодира Отажонова.

Аëлнинг сўзларига кўра, унинг уйидан олиб кетилган дисклар расмийларнинг катта эътирозга сабаб бўлган.

- Дискларда Афғонистондаги бўлган воқеалар бор эди. Энди унақа нарсани телевизорда ҳам кўрсатишарди-ю. Чеченистонда бўлган воқеаларнинг дисклари бор эди. Уч дона ўзи диск. Бошқаси кинолар, мултфилмлар эди. “Андалус чавандози”, деган мултфилм бор эди. Шуни ҳам айтаяптики, “Сиз террористлар билан алоқадор экансиз. Унга овоз берган Ҳизбут-Таҳрирдагиларнинг дискларини кўрганмисиз? Шунга овоз берадиган одам овоз берган, деб фамилиясини айтишаяпти. Мен у одамни билмайман ҳам. "Сиз улар билан алоқадор экансиз. Сиз террорист экансиз. Сизни яхшилаб нима қилишимиз керак”, дейишди, дейди Отажонова.

Нодира Отажонова ҳамда унинг қўшниси бўлган Айнура исмли бир аёл бир неча соатлик сўроқдан сўнг уч кун ҳибсда сақланган.

- У хонага олиб киришди, бу хонага олиб киришди. Бири қўйиб, бир олиб чалғитишиб, ҳар хил саволлар беришиб “Ҳижобингни ечиб юборамиз, рўмолингни ечиб юборамиз”, деб кўришди. “Қийноққа олсак, шундоқ айтиб берасан”, деб ҳам кўришди. Кейин мен билан ўша Айнура, деган қирғиз қўшнимиз бор эди¸ менинг синглимдек бўлиб қолган, иккаламизни подвалга олиб тушиб қўйишди. Уч кун турдик. Ҳозир шартли равишда чиқариб юборишди. Энди суд бўларкан. “Бир-икки ойгача ҳеч қаерга чиқиб кетмайсизлар. Чақирамиз ўзимиз”, дейишди. Ўтирибмиз энди судни кутиб улар қанақа ҳукм чиқараркан деб, дейди қорасувлик диндор аёл Нодира Отажонова.

Озодликка боғланган айрим қорасувликларнинг айтишича, сўнгги кунларда диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумон қилиб, шаҳар аҳолиси уйларида тинтув ўтказиш ҳоллари кўпайган.

Бундай тинтувларга¸ аксарият ҳолларда¸ Қирғизистон республикасининг Жанубий вилоятлар бўйича бошқармаси ходимлари бошчилик қилмоқда.

Зиёвуддин Юсупов ва Нодира Отажонова уйида ўтказилган тинтувга масъул бўлган мазкур бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳодир Кулиев Озодлик мухбирининг вазиятга ойдинлик киритиш ҳақидаги сўровига фурсати йўқлигини айтиб¸ жавобни кейинга қолдирди.

Озодлик таҳририяти Қорасув шаҳрида аҳоли уйларида бўлаётган тинтувлар борасида расмий ташкилотлардан изоҳ олиш уринишларини давом эттирмоқда.
XS
SM
MD
LG