Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:18

Ўшда собиқ вазир муовини ҳимоясига митинг ўтказилди


Маълумотларга кўра, генерал Райимбердиев 2009 йилда ўлдирилган президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган.
Маълумотларга кўра, генерал Райимбердиев 2009 йилда ўлдирилган президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган.

21 сентябр куни Ўшда кеча қўлга олинган генерал Расулберди Райимбердиевнинг озод қилиш талаби билан митинг бўлиб ўтди.

Чоршанба куни Ўш шаҳри марказий майдонида бўлиб ўтган митингда 200 чоғли одам қатнашган. Бу ҳақда Озодликка Ўш шаҳар ҳокимияти матбуот котиби Гулжан Ажиматова маълум қилди.

- Эрталаб соат 10 дан бошлаб одамлар йиғила бошлади. Бу одамлар асосан ички ишлар вазирининг жанубий ҳудуд бўйича собиқ ўринбосари Расулберди Райимбердиевнинг қариндошлари ва юртдошларидир. Митинг бошланган пайтда иштирокчилар сони 50-60 киши атрофида эди. Бир-икки соатда уларнинг сони тахминан 200 одамга етди. Уларга кўра, Райимбердиевнинг генераллик унвонига қарамай, кечки пайт уйида қўлга олиниб, Бишкекка олиб кетилгани ноқонунийдир. Митинг иштирокчилари генералнинг тезликда озод қилинишини талаб қилишди. Соат 11 ларда уларга 10-15 отлиқ келиб қўшилди, - деди Гулжан Ажиматова.

Унга кўра, митингчилар билан Ўш шаҳри ва вилояти давлат маъмурияти расмийлари, ички ишлар вазирининг ўринбосари Қурсан Асанов учрашган ҳамда улар митинг иштирокчиларини тинчликни сақлашга, Райимбердиевнинг қўлга олиниши тафсилотлари аниқ бўлгунича бардошли бўлишга чақирганлар. Гулжан Ажиматованинг айтишича, митинг иштирокчилари Расулберди Раимбердиевнинг қўлга олинишини сиёсий буюртма сифатида баҳолашмоқда.

Собиқ президент Бакиев даврида ички ишлар вазирининг муовини лавозимида ишлаган Расулберди Райимбердиев сўнгги пайтларда Ўш шаҳар ҳокимияти қошидаги миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича жамоатчилик кенгашига раҳбарлик қилган.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг айтишича, 21 сентябр куни Ўш шаҳар марказий майдонида бўлиб ўтган митингда ўшлик ўзбеклар ҳам иштирок этган:

- Митингга одамлар Ўш шаҳри яқинидаги Тўлейкен, Ўзғур қишлоқларидан келган. Тушга яқин Райимбердиевнинг укаси Равшан Маметов митингчиларга терговчилар билан телефон орқали гаплашганини, терговчилар акасини қўйиб юборишга ваъда беришганини айтди ва митингчилар тарқалишди. Энг қизиғи, митинг иштирокчилари орасида ўзбеклар ҳам бор экан. Митинг икки миллат вакиллари иштирокида бўлди, - деди Замир Сидиқов.

Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари, Ўш шаҳар ҳокимияти қошидаги миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича жамоатчилик кенгашининг аъзоси Рашидхон Хўжаевга кўра, митингда иштирок этган ўзбеклар генерал Расулберди Райимбердиевнинг яқин дўстлари бўлиб, улар озчиликни ташкил қилган. Хўжаевга кўра, ўшлик ўзбеклар ҳам бу митингни қўллаяпти, дегани эмас.

Маълумотларга кўра, генерал Райимбердиев 2009 йилда ўлдирилган президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев 14 сентябр куни ўтказилган матбуот анжуманида президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов, Стратегик тадқиқотлар институти собиқ директори Сергей Слепченко ва уларнинг ҳайдовчиси Кубат Сулаймонов ўнлаб давлат амалдорлари томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани аниқланганини билдирганди.

Бундан аввал мазкур жиноят иши бўйича Қирғизистон Чегара хизматининг собиқ раҳбари Замир Мўлдошев, Ички ишлар вазирлиги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи, милиция полковниги Айбек Абдразақов қўлга олинган ва президент Бакиевнинг укаси, Қирғизистон давлат қўриқлаш хизмати собиқ раҳбари Жаниш Бакиев ва уюшган жиноий гуруҳларнинг 2 аъзоси халқаро қидирувга берилган.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги генерал Расулберди Райимбердиевнинг нима сабабдан қўлга олингани ва қачон озод қилиниши борасида бирор-бир изоҳ бермаяпти.
XS
SM
MD
LG