Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:38

Ўзбек муҳожирлари яна бир имкондан қуруқ қолмоқда


Бундан буён ШҲТ ҳудудидаги 52 та олий таълим даргоҳининг дипломи ташкилотга аъзо давлатлар ҳукуматлари томонидан тан олинади.
Бундан буён ШҲТ ҳудудидаги 52 та олий таълим даргоҳининг дипломи ташкилотга аъзо давлатлар ҳукуматлари томонидан тан олинади.

ШҲТ доирасида дипломларни тан олиш бўйича қонун лойиҳаси ишланмоқда. Ўзбекистон лойиҳада иштирок этаётгани йўқ.


Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлари ҳудудларида фаолият юритаётган олий ўқув юртларининг дипломларини Россия ҳудудида ҳеч бир экспертиза кўригисиз қабул қилишга қаратилган қонун лойиҳасининг 2011 йил якунига қадар тайёр бўлиши кутилмоқда.

Россия Фан ва таълим вазири ўринбосари Игорь Реморенконинг РИА Новости агентлигига айтишича, бу борада мавжуд қонунчиликка ўзгартириш киритилади ва бунга мувофиқ тарзда дипломи сўзсиз тан олинадиган олий ўқув юртларининг рўйхати ҳам ишлаб чиқилади.

"Ҳукумат даражасида дипломлари Россияда сўзсиз тан олинадиган олий ўқув юртларининг рўйхати ишлаб чиқилади. Ўйлашимча, бу рўйхатга ШҲТ университетлари тармоғига кирган ҳамма ўқув юртлари ва табиийки, Кембриж, Оксфорд, Гарвард, Стэнфорд каби дунёга танилган билим юртлари киради",- дея маълум қилди Игор Реморенко.

Ҳозирги тартибга кўра, Россияга келаётган мутахассис дипломига қўшимча равишда Россия Фан ва таълим вазирлигига бир даста ҳужжатни тақдим қилиши керак. Экспертиза гуруҳи унинг дипломи Россиядаги қайси билим юрти даражасига мос келиши ҳақида қарор қабул қилади ва бунга бир неча ойлар кетади.

Буни эътироф этган Россия Фан ва таълим вазирлиги расмийсига кўра, 2012 йилдан бошлаб ШҲТга аъзо давлатлардан келадиган мутахассилар учун шу муаммо йўқолади.

"ИнфоШОС" ахборот порталининг бош муҳаррири Татяна Синицина Озодлик билан суҳбатда ҳозирча Ўзбекистон бундан мустаснодир, дея маълум қилди.

- Илгари собиқ совет даврида Тошкент ва Самарқанддаги қатор олий ўқув юртлари собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан ҳисобланар эди. Шу йилнинг охиригача тайёр бўладиган рўйхатда бу ўқув юртларидан қай бири бўлиши мумкинлигидан аниқ хабарим йўқ. Лекин, вазир ўринбосари тилга олган ШҲТ университетлари тармоғида Ўзбекистон университетлари йўқ,- деди Татяна Синицина.

Суҳбатдошимиз собиқ Тошкент Давлат университети, Тошкент ва Самарқанддаги тиббиёт, политехника, иқтисодиёт институтларини санаб ўтар экан, уларни ШҲТ доирасида ўтган йили ишга тушган университетлар тармоғидан ўрин олишга ҳақли, деб билишини айтди.

- Аммо, Ўзбекистон ҳозирча бу лойиҳада иштирок этаётгани йўқ. Ўзбекистон ҳанузгача ўйлаяпти. Бу ҳар бир давлатнинг ўз ҳаққи. Аммо, ҳозир ШҲТ университетлари тармоғига киритилган 52 та университетнинг дипломлари Россияда ва ШҲТга аъзо бошқа давлатларида ҳам тўғридан-тўғри тан олинадиган бўлади,- дейди Татяна Синицина.

Турли манбалардан олинган маълумотларга кўра, ҳозир Россияда 2 миллиондан 5 миллионга қадар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ишламоқда.

Улар орасида нафақат олий маълумотли, балки олий тоифали мутахассислар: шифокорлар, ўқитувчилар, инженерлар, технологлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахасисслари каби малакали кадрлар бор.

Синицина ўз касбининг устаси бўлган ўзбекларнинг меҳнати дарҳол кўзга ташланади, дейди биз билан суҳбатда.

- Мана мен яшайдиган кўп қаватли уйнинг ҳовлисида фаррошлар қирғизистонликлар. Коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларининг том созлаш, газ, электр таъминоти каби соҳаларида ишлаётганлар эса ўзбекистонликлардир. Аслида қўлида дипломи бўлган ўзбекистонлик янада юқори даражадаги ишга лойиқ экани аниқ. Агар дипломлар тан олинадиган бўлса ва тил муаммоси бўлмаса, табиийки, малакали шифокор келиб исталган шифохонага ишга жойлашиши мумкин бўлади,- дейди "ИнфоШОС" ахборот порталининг бош муҳаррири Татяна Синицина.

Маълумки, ШҲТга аъзо бўлган Ўзбекистон ташкилот доирасидаги кўпгина лойиҳаларда иштирок этмай келмоқда.

Россияда тирикчилик излаб энг қора ишларга рози бўлаётган ўзбекистонлик юқори малакали мутахассиларнинг мушкулини осон қилиши мумкин бўлган дипломларнинг тан олинишиги оид лойиҳа Ўзбекистон томонидан қабул қилинмаган навбатдаги қонун лойиҳаси бўлиб қолади, афтидан.

Лойиҳа иштирок этаётган билим даргоҳлари икки гуруҳга бўлингани айтилмоқда.

Бири ШҲТга аъзо бўлган 6 давлат ҳудудида илм даражаси юқори экани тан олинган ўқув юртлари. Яна бири шу вақтга қадар алоҳида танлов орқали сараланган ва ШҲТ университетлар тармоғига қабул қилинган 52та олий ўқув юртидир.
XS
SM
MD
LG