Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:22

"АҚШ Ўзбекистонга ёрдам дастурларини қайта тикламасин!"


Ўтган йил декабрида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Тошкентга ташриф буюриши АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари илиқлашувидаги муҳим босқич бўлди.
Ўтган йил декабрида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Тошкентга ташриф буюриши АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари илиқлашувидаги муҳим босқич бўлди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар, турли ширкатлар, касаба уюшмалар ҳамда сармоядорлар иборат 20 та ташкилот АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга шундай талаб билан мактуб йўллади.


Мактубга имзо чеккан гуруҳлар орасида Халқаро Амнистия, Озодлик уйи, Ҳюман райтс уотч, Очиқ жамият институти, Халқаро бўҳронлар гуруҳи, Ўзбекистон-Германия форуми, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари, Ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми каби ташкилотлар бор.

Мактуб муаллифлари жаҳондаги энг репрессив мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистонга ёрдам дастурларига қўйилган чеклов олиб ташланиши юзасидан хавотир изҳор этишди.

21 сентябр куни АҚШ Сенати қўмитаси Ўзбекистонга ҳарбий ҳамда молиявий ёрдамлар учун йўл очувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. Бу эса халқаро ташкилотлар эътирозига сабаб бўлди.

Уларга кўра, Каримов ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасида бирон ижобий қадам қўймасидан туриб, бу каби ёрдамнинг маъқулланиши "диктаторни тақдирлаш"дан бошқа нарса эмас.

“Ўзбекистонда фуқаровий жамият фаоллари, мустақил журналистлар ва мухолифат аъзолари қатағон қилинаётган, сўз ва дин эркинлиги ўта абгор бўлган, болалар меҳнати кўламли тарзда суиистеъмол этилаётган бир пайтда расмий Тошкент билан олди-бердиларни тиклаш ноўрин”, деб билдирилади Ҳиллари Клинтонга йўлланган мактубда.

АҚШ Сенати қўмитаси маъқуллаган қонун лойиҳасини ҳали мамлакат Конгрессининг қуйи палатаси ҳам тасдиқлаши керак. Лекин, Конгрессга яқин манбаларга кўра, бунга тўсиқ қўйилиши эҳтимоли кам.

Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш шарти билан 2004 йилда жорий этилган чекловларни Қўшма Штатлар муайян сабабларга кўра олиб ташламоқда.

Покистондаги беқарорликлар сабаб Вашингтон шу кунларда Афғонистонга Ўзбекистондан ўтувчи Шимолий таъминот йўлига қизиқиш билдирмоқда.

2009 йилдан буён Ўзбекистон АҚШ таъминот юкларининг Афғонистонга олиб ўтилишида муҳим рол ўйнаб келади.

- Қўшма Штатлар Афғонистонга транзит йўналишларни кенгайтиришдан манфаатдор, лекин бу йўлда инсон ҳуқуқлари қадриятларини қурбон қилмаслиги керак, - деб билдирган Ҳюман райтс уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Хю Уилямсон.

АҚШ 2002-2004 йиллар оралиғида стратегик ҳарбий ҳамкорликка оид битим доирасида Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам бериб келган.

Расмий Тошкент бу давр мобайнида АҚШдан қарийб ярим миллиард доллар ёрдам олишга муваффақ бўлган.


2004 йилда АҚШ Конгресси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи борасидаги хавотирлар ортидан бу давлатга кўмак бериш учун чеклов жорий этди.

Бу чекловни бекор этилиши учун қўйилган талаблар эса инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш, кучли очиқ жамият ва чинакам кўппартиявий тизимни барпо этиш, адолатли ва эркин сайловларни таъминлаш, сиёсий плюрализм, матбуот эркинлиги учун йўл очиш кабилар эди.

- Ўтган етти йил ичида Ўзбекистон ҳукумати бу йўналишда ҳеч иш қилгани йўқ. Кузатганимиз ҳол фақат репрессия ва қаттолликлар, холос, - деди Хю Уилямсон.

Ҳюман райтс уотч маълумотларига кўра, Ўзбекистонда камида 13 нафар ҳуқуқ фаоли ва бир қатор журналист ҳамда мухолифат аъзолари қамоқда азоб чекмоқда. Уларнинг айримлари қамоқда қийноқ ва таҳқирлашлар билан юзма-юз келган.

Ўзбекистон ҳукумати қатор халқаро ноҳукумат ташкилотлари, жумладан, Ҳюман райтс уотчга ҳам мамлакат ичида фаолият юритишига рухсат бермай келаётир.

Аввалроқ Ўзбекистон халқ ҳаракати АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун қўйилган чекловларни бекор қилиши Каримов ҳукуматини янги қатағонларга рағбатлантириши мумкин, деган хавотирли баёнот билан чиққанди.

“Америкага керакли эканини ҳис эта бошлаган диктатор Каримов режим мухолифлари, хусусан, диндорларга нисбатан қатағонларни кучайтириб юборди”, дейилади баёнотда.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сўнгги ой мобайнида ўнлаб намозхон ноқонуний диний ташкилотларга аъзолик гумони билан ҳибсга олинган.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг аянчлилиги боис АҚШ Конгресси 2004 йил охирида бу мамлакатга, вазият яхшилангунга қадар, ҳар қандай ҳарбий-хавфсизлик ëрдами беришни таъқиқлаган эди.
XS
SM
MD
LG