Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Ўшда юздан ортиқ масжид ноқонуний ишламоқда


Ўшда мавжуд бўлган 722 масжиднинг 177 таси ноқонуний равишда ишлаётгани расмийларни ташвишга солмоқда.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича давлат комиссиясининг жануб бўйича вакили Қурбанали Узақовга кўра, Ўш вилоятидаги 722 масжиднинг 177 таси расман рўйхатга олинмай фаолият олиб бораётгани аниқланган:

- Қишлоқ ҳукумати ва Дин комиссияси розилигисиз хашар йўли билан турли масжидлар қурилган. Масжидларда ҳужжатлар йўқ. Масжидни хеч кимга билдирмай очиб олиб, ўз ҳолича ишлатишмоқда. Имомлар ҳам бунга эътибор беришмайди. Шунинг учун ҳуқуқ-тартибот органларига прокуратура билан ҳамкорликда хужжатларни барчасини тайёрлаб судга ўтказиб бериш таклиф қилинди. Ҳужжати бўлмаган масжидларни ёпишсин дедик, -деди Қурбанали Узақов.

Унинг айтишича, расман рўйхатга олинмаган масжидларни назорат қилишнинг имкони йўқ. Шу сабабли бу каби масжид жамоатлари радикал гуруҳларга қўшилмайди, деб ҳеч ким кафиллик беролмайди.

- Масжид рўйхатга олингач у ерда жавобгар одам бўлади. Шундай одам йўқлиги учун ўша ерда турли деструктив кучларнинг ҳаракатланишига тўла имконият бўлади. Ҳавотирга солаётган томони шу. Одамлар мухтож экан деб қурилган масжидлар рўйхатга олинмай турибди, - деди Узақов.

Ўш вилоят қозияти эса бу масалани жуда муҳим муаммо сифатида қўтаришнинг кераги йўқ деб ҳисоблайди. Қонунийлаштирилмаган дейилгани билан мазкур 177 масжид имомлари қозият томонидан сайланган.

- Рўйхатга олинмаган масжидлар ҳам бизнинг назоратимизда. Уларни ҳам бошқа масжидлар қатори назорат қиламиз. Бу масжидларда намоз ўқилса, жамоат келиб турса, биз улар билан доимий алоқада бўлиб турамиз. Бу масжидлар ҳам имкони борича тезроқ рўйхатдан ўтиш ишларини олиб боришаяпти, - деди Ўш вилоят қозиси Ниёзали Орипов.

Мустақил таҳлилчи Азамат Қўжўев эса рўйхатга олинмаган масжидларда радикал кучлар фаолият олиб бориши мумкин, деб ҳисоблайди.

- Мамлакатимиз дин масаласига жуда бефарқ. “Ноқонуний ишлаётган масжидларни назоратга олишимиз керак”, дейишмоқда. Бироқ қонуний ишлаётган масжидлар ҳам назорат қилинмайди. “Буларга сертификат бердик, бу масжидларнинг сертификати бор. қонун доирасида ишлашяпти”, дегани билан у ерда қандай болалар тарбияланаяпти, қандай радикал кучлар фаолият олиб бораяпти, деб ҳеч ким қизиқмайди. Ҳар ким ҳохлаган сиёсатини олиб бораяпти, - дейди мустақил кузатувчи Азамат Қўжўев.

Бундан аввал Қирғизистон жанубидаги масжидларнинг 30 фоизидан ортиғида махсус диний билимга эга бўлмаган шахслар имомлик қилаётгани ҳам айтилган эди.
XS
SM
MD
LG