Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:19

Қирғиз-ўзбек университети Ижтимоий университетга айлана оладими?


2010 йилги воқеалардан кейин Ўш давлат ижтимоий универститети деб атала бошлаган олийгоҳ расмий қайдларда ҳануз Қирғиз-ўзбек университети ўлароқ қолмоқда.

Мазкур олийгоҳнинг янги номи Қирғизистон Таълим вазирлиги томонидан расман тасдиқланмаган ва бу олийгоҳ жамоасининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўшдаги Қирғиз-ўзбек университети жамоаси олийгоҳни Ўш давлат ижтимоий универститети номи билан расман тасдиқланишини сўраб бир йил давомида Қирғизистон ҳукумати ва Таълим вазирлигига 20 марта хат ёзган, бир неча маротаба норозилик намойишига чиққан.

- Бу катта сиёсий масалага айланди. Университетнинг “Қирғиз-ўзбек” деган аввалги номи икки миллат ўртасига чизиқча қўйилиб, бўлиб турувчи ном эди. Шу сабабли бизнинг жамоа сиёсийлашмаган, миллат номи айтилмаган, нейтрал номланишни олишни хоҳлаган. Бизнинг сиёсатчилар эса шу кунгача, бир йилу уч ой бўлди, бу масалани чўзиб келишаяпти. Бу халқнинг талаби, халқ талаби бажарилмаётганини очиқ айтишимиз керак, - дер экан университет вакили Қутманали Абдираҳманов олийгоҳ номини ўзгартириш масаласи Ўш воқеаларидан аввалроқ кўтарилганини қўшимча қилди.

Унга кўра, олийгоҳ жамоаси биринчи маротаба 2008 йилда университетга Чингиз Айтматов номи берилишини сўраб тегишли идораларга мурожаат қилган.

Университетнинг касаба уюшмаси қўмитаси раиси Чингиз Мамажақип ўғлига кўра, олийгоҳ 2011-2012 ўқув йили учун талабаларни Ўш давлат ижтимоий университети номи билан қабул қилган, бироқ расмий ҳужжатлар шу кунгача Қирғиз-ўзбек университети номи билан юритилмоқда.

Қирғиз-ўзбек университети 1996 йилда Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги келишув асосида ташкил қилинган ва олийгоҳ дипломи Ўзбекистонда ҳам тан олиниши тўғрисида ҳукуматлараро шартнома имзоланган.

Қирғизистон Таълим вазирлиги матбуот котибаси Кээрез Жукееванинг Озодликка айтишича, шу сабабли олийгоҳ номини ўзгартириш икки давлат ҳукуматлари даражасида ҳал қилинувчи масала бўлиб ҳисобланади.

Кээрез Жукеевага кўра, шу йилнинг сентябр ойида Қирғизистон таълим вазири Қанат Садиқов шахсан университет жамоаси билан учрашган ва учрашувда олийгоҳнинг Ўш давлат ижтимоий университети деган номи қонуний кучга эга эмаслигини маълум қилган:

- Қирғиз-ўзбек университети номини ўзгартириш масаласи бир йил аввал олийгоҳ жамоати томонидан кўтарилган ва шу йилнинг май ойида кескин шаклда қўйилган. Вазир Ўш вилоятида бўлиб ўтган учрашувда: “Қирғиз-ўзбек университети номини Ижтимоий университет деб ўзгартириш тўғрисидаги олийгоҳ жамоасининг қарори ҳозирча қонуний кучга эга эмас ва бу олий таълимдаги қисқа муддатли ислоҳот лойиҳаларини ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқий тартибга солиниши лозим”, деб айтган. Яъни бу масала ҳукуматлараро даражада ҳал қилиниши керак, - деди Кээрез Жукеева.

Бироқ Олийгоҳ ректори Идрис Эргешов олийгоҳ номини ўзгартириш масаласини Қирғизистон Таълим вазирлиги бир томонлама ҳал қилиши керак, деб ҳисоблайди:

- Ўзимиз ҳал қилишимиз керак. 1996 йили икки ҳукумат ўртасида вазирликлар иштирокида шартнома тузилган. Бироқ бу шартнома 10 йилга тузилган ва 2006 йили тугаган. Бизга Ўзбекистон томонидан бир тийин ёрдам бўлмаган. Бу масалани ҳал қилишга Ўзбекистон ёрдам бериши учун озгина моддий ёрдам берилиши керак-да. Бундай ёрдам йўқ, бўлмаган, - деди Идрис Эргешов.

Маълумотларга кўра, 2010 йил июн воқеаларига қадар Қирғиз-ўзбек университетида 8 минг нафар ўзбекистонлик талаба билим олган. Қирғизистонда ўтган йили содир бўлган қонли воқеалардан кейин Ўзбекистон ўзининг Қирғизистон билан чегараларини ёпгани ва шу кунгача очмаётгани сабабли ўзбекистонлик талабалар ўқишга келмай қўйган. Бундан ташқари, олийгоҳда Ўш воқеаларигача 600 ўқитувчи ишлаган бўлса, ҳозир улар сони 300 кишини ташкил этади.
XS
SM
MD
LG