Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:27

Қирғиз-ўзбек чегараси қачон очилади?


Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара пунктлари ўтган йил апрелидан буён ёпиқлигича қолмоқда.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара пунктлари ўтган йил апрелидан буён ёпиқлигича қолмоқда.

Бу савол Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати раҳбари Закир Тиленовнинг журналистлар билан бўлган учрашувида ўртага ташланди.

14 октябр куни ca-news.org сайтида Закир Тиленов ўшлик журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларни очиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилгани борасида хабар пайдо бўлди.

Бироқ Чегара хизмати матбуот котибаси Салқин Абдуқариева Озодликка ўз раҳбарининг бундай баёнот бермаганини, журналистлар унинг сўзларини нотўғри тушуниб олганликларини айтди. Салқин Абдуқариевага кўра, Закир Тиленов қирғиз чегарачилари қирғиз-ўзбек чегарасини очиш тўғрисида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан мунтазам равишда музокаралар олиб бораётгани тўғрисида гапирган:

- У: “Биз уларнинг чегараларни очиши учун музокараларни олиб бораяпмиз. Бироқ Ўзбекистон томони ҳали-ҳамон Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид борлигини, шунинг учун улар ҳозирча қирғиз-ўзбек чегарасини очишга тайёр эмасликларини айтаяпти”, дея маълум қилган, - деди Салқин Абдуқариева.

Унинг айтишича, айни пайтда қирғиз-ўзбек чегараси учинчи давлат фуқаролари учун очиқдир:

- Транзит йўловчилар, яъни учинчи давлат фуқаролари учун чегаралар очиқ. Чегаралар фақат икки давлат – Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон фуқаролари учун ёпиқ, - деди Салқин Абдуқариева.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистон билан чегараларини 2010 йилнинг 7 апрелидан сўнг бир томонлама ёпиб қўйган эди. Апрел воқеаларидан 40 кун ўтгач, Қозоғистон чегараларини очган, бироқ Ўзбекистон шу кунгача чегараларини очиш ниятини билдирмаяпти.

Айни пайтда Қирғизистондан Ўзбекистонга ҳаво йўли очиқлигини ҳам айтиш лозим. Ҳозирда Бишкек-Тошкент йўналиши бўйича учоқ чиптаси нархи тақрибан 150 АҚШ долларига тенг.

Бундай харажат қилиш имконияти бўлмаган айрим қирғизистонликлар автоуловларда қўшни Қозоғистонга бориб, қозоқ-ўзбек чегарасидан ўтаётган ҳоллари ҳам йўқ эмас. Бироқ қозоқ-ўзбек чегарасидан ўтаётган қирғизистонликлар ўзбек чегарачиларининг қўпол хатти-ҳаракатларидан, талончилигидан шикоят қилишмоқда.

Бишкеклик Ўғилхон опага кўра, у шу йилнинг 7 октябр куни Тошкент яқинидаги Черняевка чегара пунктидан ўтиб, Ўзбекистондан Қирғизистонга қайтмоқчи бўлган. Чегара пунктига борганида у ерда одам кўплиги сабабли тилла занжирини йўқотиб қўйишдан чўчиб, тақинчоғини рўмолчага ўраб, сумкасига солиб қўйган. Бироқ Ўзбекистон чегарасидан ўтаётганида:

- “Сумкани очиб, ичидаги ҳамма нарсани кўрсатинг”, деди. Очиб, мана, мана бунақа нарсаларим, деб кўрсатдим. “Бу нима?” дейди, “Бу ўзимни олтиним”, дедим. Улар: “Қандай сизнинг олтинингиз, нега декларацияга ёзмандингиз?” деб қўлимдан тортиб олди. Ҳатто тақинчоқим узилиб кетай деган жойини кўрсатгани, гапиргани имкон бермади. Бир ёққа олиб кириб кетди. Ўша ердан бир қиз ҳужжат тўлдиргани тушди. Мен у қизга: “Менга оқибати нима бўлишини айтиб беринглар. Мен биринчи марта шундай ҳолга тушдим. Менга нима қилишади?“ дедим. Лекин менга ҳеч нарса дейишмади. Бу тилланинг олиб қўйилишини ҳам айтишмади. 60 ёшга кирган кампирни “Тушунтириш хати ёзиб берсангиз, кейин қайтариб берамиз” деб, ёш боладай алдашди. Шундай қилиб, тушунтириш хати ёздиришди, барча ҳужжатларни тўлдиртиришди, имзо қўйдиришди. Кейин: “Мана сизга ҳужжатлар нусхаси, Оллоҳдан сўранг, уйингизга боргандан кейин, 20-30 кундан кейин суддан қоғоз келади”, деса бўладими... Ўша ерда роса йиғладим, - дер экан Ўғилхон опа авваллари ҳам Черняевка чегара пунктидан тилла тақинчоқларини сумкасига солиб, муаммосиз ўтганини қўшимча қилди.

Қўшимча қилиб ўтамиз, қирғиз-ўзбек чегарасида 20 чоғли расмий чегара пункти бор. Ҳозирда бу чегара пунктлари ёпиқ бўлгани сабабли икки давлат фуқароларнинг чегара яқинидаги айланма йўллардан ўтиши ҳоллари ҳам кузатилади.

Аснода чегара хизмати матбуот котиби Салқин Абдуқариева қирғиз чегарачилари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан олиб бораётган музокараларида мавжуд расмий чегара пунктларидан ҳеч бўлмаганда ҳалқаро мақомдаги “Маданият” ҳамда “Дўстлик-автодорожний” чегара пунктларини очишга ҳаракат қилаётганликларини айтди.
XS
SM
MD
LG