Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:21

Ўшлик ўспиринлар орасини ислоҳ қилмоқчилар


Ўшда мактаб ўқувчилари орасида миллатлараро муносабатларни яхшилашга қаратилган янги лойиҳа ишга тушди.

Ўшдаги “Аялзат” ташкилоти мактаб ўқувчилари орасида миллатлараро муносабатларни яхшилашга қаратилган лойиҳа доирасида Ўш шаҳри ва вилоятидаги турли миллат фарзандлари таҳсил олувчи 50 мактабдан 15 нафардан ўқувчини танлаб олган.

Ташкилоти раҳбари Наргиза Эштаеванинг айтишича, янги лойиҳани амалга оширишга июн воқеаларидан қарийб 1,5 йил ўтган бўлса-да, ўшлик мактаб ўқувчилари, хусусан бир мактабда ўқийдиган турли миллатга мансуб ўспиринлар орасида миллатлараро муносабатнинг изга тушмаётгани сабаб бўлган:

- Мактабларда бу муаммо 100 фоиз йўқ, деб айтолмайман. Болалар мактабга бирга бораяпти, бирга ўқишаяпти. Бироқ болаларда стресс, бир-бирига ёвқараш бор. 7-синфдан 11-синф ўқувчиларигача, бошқача айтганда, ўспиринлар орасида бир-бирини тушунмаслик, бир-бирини миллатига қараб ажратиш ҳоллари кўп бўлади, - дейди Наргиза Эштаева.

“Аялзат” раҳбари ўз ташкилоти амалга ошираётган мазкур лойиҳа ҳам ўспиринлар ўртасидаги миллатлараро муносабатни бутунлай изга тушириши учун камлик қилишини айтади.

- Психологик жароҳат олган болалар узоқ вақт даволаниши лозим бўлади. Бундай болаларни бир йилда соғайиб кетади, деёлмаймиз. Бундай болалар билан бизнинг иш олиб боришимиз камлик қилади. Улар билан ота-она, педагоглар, бошқа нодавлат ташкилотлари ҳам ишлаши керак. Бизнинг энг биринчи мақсадимиз болаларнинг онгидаги стереотиплар, уйдирмалар, ёмон ўйлар, стресс ва гизли шаклдаги қасд олиш, ёмон кўриш каби ўйларни йўқ қилишдир, - деди Наргиза Эштаева.

Лойиҳа ташкилотчиларидан бири Алимбай Сатибаевга кўра, лойиҳа доирасида ўқувчиларга турли семинарлар ўтказилади. Лойиҳа тугагач, мактаб ўқувчилари ўрганган нарсаларини ўзлари ўқиган мактаблардаги дўстлари билан ўртоқлашадилар.

- Болаларни ўқитибоқ қўймаймиз. Уларни ўзларини гапиртирамиз, ўз муаммоларини ҳал қилишда ўз усулларини қўллаймиз. Уларга турли ўйинлар ўтамиз. Масалан, “занжир” деган ўйин. Болалар ёмон сўзларни айтганда қўлларини бир-бирига ушлатиб боғлаймиз. Боғлангандан кейин “ҳаракат қилиб кўринглар”, деймиз. Ўзларини ноқулай ҳис қилишади. Болалар яхши сўзларни айтади, биз ипларни ечамиз. Иккала ҳолатни солиштириб, маъносини тушунтирамиз. Демак, “биз қанчалик ёмон сўзларни кўп айтсак, муносабатларимиз шунчалик ёмон бўлади”, деган ўйга олиб келамиз, - деди Алимбай Сатибаев.

Айни пайтда лойиҳа иштирокчилари бўлган айрим ўспиринлар “мактаб ўқувчилари орасида миллатлараро муносабат ёмон” деган фикрга қўшилмасликларини айтишади. Ўшдаги Ломоносов мактаби ўқувчиси Жилдиз Сайпидинова ана шундай фикрловчи ўқувчилардан биридир.

- Бизнинг орамизда ёмон миллат, яхши миллат деган нарса йўқ, барчамиз тенгмиз. Албатта миллатга бўлувчи ёмон одамлар бор. Лекин бизнинг синфда бундайлар йўқ. Рус ҳам, хитой ҳам биз каби одам, уларга ҳам бир хил муносабатда бўламиз. Биз июн воқеаси бўлганига қарамай аввалгидай дўстона муносабатда қолганмиз, - деди Жилдиз.
XS
SM
MD
LG