Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:22

Қотилликда гумонланаётган қирғиз милиционерларидан иккиси уй қамоғига олинди


Холмирзаев ўлимида айбланаётган милиционерларнинг яқинлари шу кунгача бир неча талаб билан уч марта митингга чиққанлар.
Холмирзаев ўлимида айбланаётган милиционерларнинг яқинлари шу кунгача бир неча талаб билан уч марта митингга чиққанлар.

Бишкек яқинидаги Сўқулуқ туман судида Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда айбланаётган тўрт милиционер устидан маҳкама давом этмоқда.

Холмирзаев ўлими юзасидан бўлиб ўтаётган маҳкамада раислик қилувчи Қурманқул Зулушев 19 октябр куни судланувчиларнинг адвокати Жирғал Маатжақиповнинг ўз ҳимоясидаги милиция ходимларинининг жазо чорасини ўзгартириш тўғрисидаги илтимосини қониқтирди:

- Буларни қамоқда сақлашнинг кераги йўқ. Булар терговда ҳеч қаерга қочган эмас, судда ҳеч қаерга қочмайди. Шу сабабли мен илтимоснома келтирдим. Бундан ташқари, парламентнинг айрим депутатлари, қишлоқ кенгаши депутатлари илтимоснома юборишди. Буларнинг қамоқда сақлаш бўйича жазо чорасини ўзгартириб, суд қилинса, адолатли ҳукм чиқади. Улар маҳкамага тўсқинлик қилишмайди, - дер экан адвокат Маатжақипов ўз ҳимоясидаги судланувчиларни уй қамоғига чиқариш борасида судга илтимоснома юборган парламент депутатлари исмларини очиқламади.

Шу тариқа, Усмонжон Холмирзаев ўлими юзасидан айбланаётган икки милиция ходими Қубан Нуриев ва Мунарбек Маматалиев уй қамоғига чиқарилди. Яна ики нафар милиция ходими - Уларбек Исмаилов ва Нурғази Туташев эса қамоқда сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, асли бозорқўрғонлик, бироқ кейинчалик Россия фуқаролигини олган Усмонжон Холмирзаевни 7 август Бозорқўрғон туман ички ишлар бўлимида калтакланган. 9 август куни эса у олинган тан жароҳатлари натижасида Бозорқўрғон туман касалхонасида оламдан ўтган.

2011 йилнинг 9 август куни Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туман прокуротураси томонидан Усмонжон Холмирзаев ўлими юзасидан тўрт милиционерга нисбатан жиноят иши очилган.

Холмирзаев ўлими юзасидан илк маҳкама шу йилнинг 29 сентябр куни Сузоқ туман судида бўлиб ўтди. Кейинчалик хавфсизлик нуқтаи назаридан маҳкама Чуй вилояти Сўқулуқ туман судига кўчирилди.

Шу йилнинг 3 октябр ҳамда 18-19 октябр кунлари Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда айбланаётган милиция ходимларининг яқинлари Бозорқўрғонда митингга чиққанлар. Маълумотларга кўра, бир неча соат давом этган митингда милиционерларнинг яқинлари Ўш-Бишкек автойўлини тўсиб қўйганлар. Милиционернинг яқинлари Сўқулуқ туман судида ўтаётган маҳкамани Жалолобод вилоятига кўчиришни ва судланувчиларни уй қамоғи ёки мамлакатдан чиқмаслик тўғрисидаги тилхат билан озод қилинишини талаб қилганлар.

Сўқулуқ туман судида бўлиб ўтаётган маҳкамада Усмонжон Холмирзаев яқинлари ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокат Динара Медетова маҳкаманинг бошқа жойга кўчирилишига Холмирзаевларнинг алоқаси йўқлигини айтади:

- Процессуал кодекс бўйича маҳкама воқеа бўлган жойда – Бозорқўрғонда бўлиши керак эди. У ердаги судяларнинг барчаси: “Бу йигитлар билан бирга ишлаб, бирга чой ичиб юрамиз” деб, маҳкамада раислик қилишдан бош тортган. Шунинг асосида маҳкама Сузоққа кўчирилган. У ерда туман суди раиси Саттар Қамбаралиевнинг ўзи маҳкамага раислик қилган. Бироқ судланувчилар ва уларнинг адвокатлари маҳкама раисига ишончсизлик билдирган. Кейин суд қаерда бўлиши белгиланиши учун жиноий иш Олий судга юборилган. Олий суд маҳкамани Сўқулуқ туманида бўлиши тўғрисида қарор чиқарди, - деди Динара Медетова.

Айни пайтда Усмонжон Холмирзаевнинг яқинлари бўлиб ўтаётган маҳкамаларда судланувчиларнинг яқинлари уларни ҳақорат қилаётганини, маҳкамаларда жабрланувчилар тик туриб иштирок этаётганликларини айтишади.

- Мен: “Сен қирғизсан”, демайман. Тўғримиздан чиқиб қолишса, “Сартсан сен” деб, бизни ёмон кўришаяпти. Бизни қайси айбимизга ёмон кўради? Мен бир инсонни ўлдирибманми? Бизни оиламизда, уруғимизда бировни ўлдирган ёки бир ёмон иш қилган одам йўқ. Ҳаммага ҳам алам қилади. Ўзлариникини қамаса, алам қилаяпти-ку, бизники ўлди. Укам етимларни боққан. Пешонамиз келишмай, иккита болам билан мен, учта боласи билан опам укамнинг уйида яшаймиз. Ўша етимларни бошини силаб, ҳалол меҳнат қилган эди. Бизга яхшилик қилиб-қилиб, энди ўз болаларига келганда ўлиб қолгани бизга жуда аламли бўлаяпти. Инсон бўлса, бизнинг ўрнимизга ўзларини қўйиб кўришсин. Нимага алам қилишади? Булар-ку ёш экан - 25-30 йилга қамаса ҳам эртага чиқиб, бағрига келади-ю, бизники қаердан келади? - деди марҳум Холмирзаевнинг опаси Тўхтахон опа.

Холмирзаев ўлими юзасидан навбатдаги маҳкама шу йилнинг 2 ноябр куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG