20 октябр куни Олмаотада иш бошлаган туркий тилли эллар ҳамкорлик кенгашининг биринчи саммитида, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев¸Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева иштирок қилмоқда.
Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ҳам саммитда иштирок қилиши режаланган эди¸ аммо унинг ўрнига Бош вазир ўринбосари Бакир Бўздоғ ташриф буюрди.
Саммитда Ўзбекистон ва Туркманистондан бирор-бир вакил иштирок қилмаяпти.
Бу ҳақда Озодлик радиосига маълум қилган анжуман матбуот маркази вакили Илëс Умаровга кўра¸ бу мамлакатлар вакилларининг иштирок этмаëтгани ўша давлат раҳбарларининг сиëсий қарори маҳсулидир.
Туркий тилли эллар кенгашининг 2010 йил Анқарада ўтган мажлисида Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довутўғли Анқара ҳукумати Туркий тилли эллар ҳамкорлик кенгаши Ўзбекистоннинг ҳам фаол иштирок этишини исташини баён қилган эди.
Ўзбекистон президенти 1995 йилдан бери туркий тилли мамлакатлар раҳбарлари учрашувларида қатнашмай келади.
2010 йил Нахичеванда бўлиб ўтган Туркий халқлар қурултойида Туркий тилли эллар кенгашини таъсис қилиш ҳақида келишилилган эди.
Бу ташаббуснинг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан чиққани Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг бу анжумандан масофалашганига сабаб сифатида кўрилади.
Бу тахминни илгари сурган қозоғистонлик сиëсатшунос Дўсим Сатпаев минтақадаги раҳбарларнинг ўзаро муносабати интеграцияга тўсиқ бўлмаслиги керак¸ деган фикрни айтади.
- Туркий тилли элларнинг ишбирлиги сиëсий ўзанга тушиб, янги истиқбол касб қилди. Бу ҳолат янги умумсиëсий тузилма яратиш эҳтиëжини туғдирди. Бу эҳтиëжни ҳис қилган Қозоғистон президенти Назарбоевнинг кенгаш тузиш ташаббуси рўëбга чиқди.
Турк дунëсидаги таниқли олим, професор Маҳмат Саройга кўра “Туркманистон ва Ўзбекистоннинг саммитда иштирок этмаслигидан фожиа ясамаслик керак. Катта истиқболда туркий тилда гаплашувчи бу икки давлат¸ албатта¸ турк дунëсининг барча йиғинларига қатнашади.”
Бу фикрни билдирган Маҳмат Сарой ўтган асрнинг 90-йилларида Туркия Tашқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиë мамлакатлари бўйича бош маслаҳатчиси бўлган.
Туркий тилли эллар ҳамкорлик кенгашининг Олмаотадаги биринчи саммитининг асосий мажлиси 21 октябр куни очилади.