Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:23

Ўш кучайтирилган тартибда назорат қилинмоқда


Сайлов куни Ўшни 500 дан ортиқ милиция ходими назорат қилади.
Сайлов куни Ўшни 500 дан ортиқ милиция ходими назорат қилади.

Президентликка сайлов арафасида Ўшда хавфсизлик масаласи биринчи даражали бўлиб бормоқда.

Ўшда 30 октябр кунига белгиланган президентлик сайлови олдидан хавфсизлик масаласида турли миш-мишлар тарқамоқда. Маълумотларга кўра, шаҳарда “сайлов ўтказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида турли террорчилик ҳаракатлари содир этилиши”, “айрим жойларда низолар келтириб чиқаришга уринишлар бўлиши” мумкинлиги ҳақида миш-мишлар урчиган. Бироқ маҳаллий куч тизими расмийлари бу каби ваҳималар асоссиз эканини айтиб келаяпти.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбари Марат Ўрўзбаев сайлов арафасида куч тизими ходимлари олдига сайлов участкалари хавфсизлигини таъминлаш асосий вазифа қилиб қўйилаётганини айтади:

- Шаҳар ички ишлар бошқармаси сайловга тўлалигича тайёр. Бизнинг 570 ходим шаҳардаги 73 сайлов участкаларига бўлинган. Ҳар бир участкада 3 дан 6 нафаргача милиция ходими назорат олиб боради. Улар билан бирга халқ қўшинининг 550 вакили ҳам сайлов куни жамоат тартибини сақлашда ёрдамлашади, - деди Марат Ўрўзбаев.

Сайлов кунлари жамоатчилик тартибини сақлашга Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам жалб қилинади. Бунинг учун ҳар бир сайлов участкасига Миллий хавфсизлик хизматининг биттадан ходими бўлинган. Ўш шаҳри ва вилояти бўйича Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Абдразақ Дунаевга кўра, сайлов кунлари террорчилик ҳаракатлари содир этилишининг олдини олиш мақсадида шундай чора кўрилмоқда:

- Овоз бериш варақчалари участкаларга олиб келинганидан бошлаб ҳар бир участкага бирдан Миллий хавфсизлик хизмати ходими бириктирилади. Айрим участкаларга 2-3тадан ходим тайинланиши мумкин. Асосий масала сайлов участкаларида қандайдир бир террорчилик ҳаракатлари содир этилишининг олдини олишдир, - деди Абдразақ Дунаев.

Бундан аввал маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Ўшда номаълум шахслар президентликка номзодлар номидан миллий озчилик вакилларига таҳдид қилаётгани, сайлов яқинлашиши билан ваҳимали миш-мишлар кўпаяётгани борасида маълум қилишганди.

Ўшликлардан бири шаҳарликларни ваҳимага солган гап - сўзларни Озодликка етказди:

- “Жануб билан шимол бўлиниши мумкин, Бакиевни олиб келади Қирғизистонга”, деган гаплар бор. Бир ойча бўлди, Наримон қишлоғига бориб: “Июн воқеаларини такрорлаймиз”, деганлар бўлди. Кўп жойларда миш-мишлар, номаълум одамлар келиб: “Ўзбеклар сенлар кўтарилишмагин, бизнинг айтганимиз бўлади”, деб сайловга қатнаштирмаслик тўғрисида гаплар бўляпти, - деган эди ўшликлардан бири.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати эса сайловчиларга таҳдидлар борасида ҳозирча вазирликка ҳеч ким мурожаат қилмаганини билдирди.

Маълумотларга кўра, 30 октябрга белгиланган президентлик сайлови куни жамоат тартибини 6,5 минг милиция ходими, 14 мингдан ортиқ халқ қўшини вакиллари назорат қилади.

Маълумотларга кўра, Ўшда 120 мингга яқин сайловчи 73 сайлов участкасида овоз беради.
XS
SM
MD
LG