Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Ўшда мэргагина бўйсунган милиция пайдо бўладими?


Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовнинг таъкидича, маҳаллий журналистлар унинг муниципал милиция ҳақидаги гапларини бошқачароқ тушуниб олганлар.
Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовнинг таъкидича, маҳаллий журналистлар унинг муниципал милиция ҳақидаги гапларини бошқачароқ тушуниб олганлар.

Ўш шаҳар ҳокимининг муниципал милиция тузиш борасидаги баёноти жамоатчилик орасида турли баҳс-мунозараларни уйғотди.

Қирғизистоннинг бир қатор ахборот агентликлари 10 октябр куни Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматовга таянган ҳолда, Ўш мэри Ички ишлар вазирлигидан мустақил бўлган ва ўзигагина бўйсунувчи муниципал милиция тузмоқчилигини, шунингдек, тузилажак милиция ўз “спецназ”ига эга бўлиши ҳақида хабар тарқатди.

Бироқ 11 ноябр куни журналистларни ошиғич йиққан Мирзақматов бу сўзлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, айрим журналистлар унинг сўзларини нотўғри тушуниб олганликларини айтди.

- Айнан шахсий спецназ борасида ва муниципал милициянинг Ички ишлар вазирлигидан ажраб, мэрия балансида бўлиши ва шахсий бўлинма сифатида фақат мэрия учун ишлаши тўғрисида умуман гап бўлмаган. Оммавий ахборот воситаларида чиққан сўзлар эса журналистлар томонидан бузиб кўрсатилган, -деди бу ҳақда изоҳ берган Ўш шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати ходимаси Наталья Секерина.

Ўш шаҳар ҳокимининг ўринбосари Таалай Сабировга кўра, Мелис Мирзақматов Матбуот куни байрами муносабати билан 10 ноябр куни Ўшда ўтказилган тадбир чоғида муниципал милиция тузиш тўғрисида гапирган чоғида “автоном милиция” тузишни назарда тутмаган:

- Бу ерда ИИВга бўйсунмайдиган алоҳида шаҳар милицияси тузиш ҳақида эмас, оддий ҳудудий назоратчилар, болаларнинг тартиб назоратчилари ва ГАИдан иборат муниципиал милиция борасида гап кетмоқда. Жиноятчиларни излаб топиш билан шуғулланувчи милиция ва муниципал милиция деб ажратилган тажриба бошқа чет давлатларда ҳам бор, - деди Таалай Сабиров.

Айни пайтда ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаевнинг айтишича, шаҳар ҳокимнинг шахсий милиция тузиш борасидаги чиқишлари аҳоли орасида ваҳима кайфиятини пайдо қилган.

- Келажакда Ички ишлар вазирлигига бўйсунмаган, фақат мэрга бўйсунувчи милиция ташкил бўлса, бу қандайдир фалокатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида хавотирлар бўлди. Кейин оммавий ахборот воситалари орқали мэр: “Мен ундай деганмасман, бошқача тушунтирмоқчи эдим” деган гапларни айтди. Лекин барибир одамлар кўнглида ғулғула сақланиб қолди. Мен муниципиал полиция тузилса, бу жамият учун бирон-бир фойда келтиришига ақлим етмайди. Бу албатта шаҳар бошлиқларининг сиёсий буюртмаларини бажариш учун ишлайдиган органга айланади, - деди ҳуқуқ фаоли.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов фикрича, вилоятларда шахсий муниципал милиция тузиш ҳақидаги гаплар Қирғизистон Ички ишлар вазирлигига ишонч йўқолганидан келиб чиқмоқда.

- Биз қонун доирасида иш олиб бормай, ўз тушунчаларимиз билан яшаяпмиз. Ҳар бир вилоят ўз куч тизимини ташкил қилса, унда биз умуман бўлиниб кетамиз. Бундай ташаббусни биринчи маротаба бу ерда – марказда ўтирганлар бошлаган. Сайлов олдидан ҚСДП фракцияси депутатлари: “Халқ дружиналарини жамлаб, уларни қуроллантиришимиз керак”, деб чиқишган. Мелис Мирзақматов шундан ўрнак олди. Пойтахтдаги марказий ҳокимият ҳам, жойлардаги ҳокимият ҳам куч тизимларига ишонмайди. Шу сабабли ўзлари куч тўплаяпти. Бунинг оқибати яхшиликка олиб келмайди, - дейди Мирослав Ниёзов.

Бишкекдаги “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Азиза Абдурасулова эса Ўш ҳокимининг муниципал милиция тузиш борасидаги сўзларини сепаратистик ғоя, дея баҳолаган.

- Сўнгги йилларда айрим амалдорлар томонидан телбанамо ғоялар кўтарилмоқда. Мэр (Ўш мэри Мелис Мирзақматов назарда тутилмоқда – таҳр.) аввалига барча ўзбек мактабларини қирғиз тилида ўқитишга ўтказишни таклиф қилди. Энди эса шахсий милиция тузмоқчи, кейин армия ва бошқа нарсалар тузмоқчи бўлади. Бу Мелис Мирзақматов марказий ҳукуматга бўйсунмоқчи эмаслигини ва Ўшни алоҳида давлатга айлантирмоқчилигини кўрсатади, - деди Азиза Абдурасулова.

Аснода Ўшда муниципал милиция ташкил этиш ҳақидаги мулоҳаза жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлгани мазкур ғоя ташаббускорларини бироз шошириб қўйган кўринади. Жумладан, Ўш шаҳар мэрияси ходимлари бу ғояни турмушга татбиқ этиш учун ҳали бирор-бир амалий қадам қўйилмаганини айтмоқдалар.

- Ҳозирча фақат ғоя очиқланди ва муниципал милицияни ташкил этиш тўғрисида ҳали гап ҳам бўлгани йўқ, - дер экан Ўш шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати ходимаси Наталья Секерина бу ғоянинг амалга оширилиш-оширилмаслиги ҳозирча номаълум эканини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG