Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:22

Тобутда кўмилаётган мусулмонлар


Ўзбекистонлик мусулмонлар орасида: "Тобутда кўмилган мусулмоннинг у дунёлиги йўқ" мазмунида ишониладиган гаплар, илм аҳлидан бирига кўра, асоссиздир.
Ўзбекистонлик мусулмонлар орасида: "Тобутда кўмилган мусулмоннинг у дунёлиги йўқ" мазмунида ишониладиган гаплар, илм аҳлидан бирига кўра, асоссиздир.

Ислом ва мусулмонлар эшиттиришининг ушбу сонида тингловчи мурожаатида кўтарилган айни мавзуда гап боради.

Шу кунларда Сангороддан маҳбус ўғлининг жасади михланган тобутда берилган тошкентлик аёл Тамара Миркаримова Озодликка мурожаат қилди.

Бу аёлнинг 43 ёшли ўғли Миррафиқ Миркаримовнинг шу йил июн ойида Тошкентнинг маҳбуслар даволанадиган шифохона-қамоқхонасидан жасади берилган.

Тамара Миркаримовага кўра, ўғлининг жасадини беришдан олдин у Сангородда чақирилган ва ўша ерда унга ўғлини сўнгги бор кўриш имкони берилган.

Аёл ўғлининг жасади абгор ҳолда экани, сўралганда 32 метр матони олиб борган бўлсада, ўғлининг жасади озгина матога чала-ярим ўраб қўйилгани, унинг жағи ҳам номигагина танғилганини кўриб, жуда ўксиганини сўзлаб берди.

Аёлнинг кўз ўнгида маййитга хлор сепилиб, дарҳол тобутга солинган ҳамда тобут михлаб ташланган.

Тамара Миркаримова шу бўйи тобутни очмаслик талаб қилингани ҳамда у бу ҳақдаги ҳужжатга имзо чекканини айтди.

Аёл ўз фарзандини тобутда кўмдиришга мажбур бўлди. Имомлар ҳам аввалига эътироз қилган бўлсада, аёлнинг қистовидан сўнг тобутдаги марҳумга жанозани ўқидилар ва қабрга қўйдилар.

Ўзбекистонда мавжуд 50 дан ортиқ қамоқхонадан, ҳуқуқ фаолларининг кузатувларига кўра, йилги 20 дан ортиқ одамнинг жасади келади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу уларга маълум ҳолатлардан шаклланган рақамдир. Аслида қамоқхонада вафот этаётган маҳкумларнинг сони бундан кўп бўлиши мумкин.

Аксарият ҳолларда маҳкумларнинг жасади уйига келтирилиши билан зудликда кўмиш талаб қилиниши, кўп ҳолларда жасадни кўздан кечиришга ҳам рухсат берилмаслиги ва бу жараён назорат остида ўтиши кузатилади.

Аммо, жасаднинг тобутда берилиши ва уни очмасдан кўмиш талаб қилиниши фақат собиқ совет замонларида Афғонистонда қурбон бўлган аскарларнинг дафн маросимларидагина кузатилар эди.

Тамара Миркаримова ўғлини тобутда кўмишга рози бўлмаган имомларни кўндираман, деб анча қийналганини айтар экан, бу тахлит ўқилган жаноза намозининг ҳукми қандаю, ўғлининг у дунёлиги нима бўлиши ҳақидаги саволни тилга олмади.

Аммо, шундай ҳолат рўй берганига оид фактнинг ўзиёқ бу саволни кўтаришимизга туртки бўлди.

Биз уламолардан бирортасига мурожаат қилиб, кўтарилган саволга жавоб олиш олдидан Ўзбекистонда бундай вазият тез-тез кузатиладими ёки йўқми, деган савол билан айрим ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилиб кўрдик.

Тошкент, Фарғона ва Анджионда ишлаётган уч ҳуқуқ фаоли: “Деярли йўқ”, деб жавоб берди.

Уларга кўра, маҳкумларнинг жасади келтирилганидан сўнг энг махфий ҳолатларда ҳам уларни ювиш, кафанлаб кўмишга имкон берилади.

Лекин ҳозир тобутга солинган ўзбекларнинг жасади хориждан ҳам келтирилмоқда.

Айниқса, Россиядан келаётган кўплаб меҳнат муҳожирларининг жасади, у юртларда ишлаб аччиқ-чучик, иссиқ-совуқни кўриб юрган муҳожирларимизга кўра, ўша жойдаёқ ювилиб, кафанланиб сўнгра рухдан ишланган тобутга солиб жўнатилмоқда.

Чехиядаги мусулмонлардан бири эса бу жараённи шундай ҳикоя қилиб берган эди.

“Ўликхонага келтирилган жасаднинг шахси ва мусулмонлиги аниқлангач, полиция вакиллари аксар ҳолларда маҳаллий масжидларга қўнғироқ қилади. Масжиддагилар марҳумни таниса, аксар ҳолларда эса танимаса ҳам, Оллоҳ розилиги учун вакил юборади. Вакиллар ўликхонанинг марҳумни ювиб, кафанлаб тобутга солиб беради ва Чехиядаги одатга мувофиқ кўп ҳолларда мусулмоннинг жасади ҳам тобутда қабрга қўйилади”, деган эди Чехияда ишлаб турган масжидлардан бирида ишлайдиган сомалилик мусулмон.

Яъни, мусулмон одамни тобутда қабрга қўйиш ҳоллари айрим хориж давлатларида ҳам кузатилади.

Ҳозир ўзбекистонликлар орасида ҳам кимдир иш излаб, кимдир бошпана излаб, яна кимдир ҳаловат излаб хорижга чиқмоқда. Ўлим чангалига қаерда тушишини ҳеч ким билмайди, табиий.

Шунинг учун биз, айни масалани “Ислом ва мусулмонлар” рукнида тилга олишимизга туртки бўлган жиҳат – тобутда ётган ва дин қоидаларига кўра кафанланмаган марҳумга ўқилган жаноза ҳамда унинг дафн этилиши масаласида ҳам аҳли илмлардан икки оғиз шарҳ олишга ҳаракат қилдик.

Зеро, оддий аҳоли орасида: "Мусулмонни тобутда кўмиб бўлмайди", "Тобутда кўмилган мусулмоннинг у дунёлиги бўлмайди" мазмунидаги гап-сўзларга ишонганлар оз эмас.

Қуйида тинглайдиган эшиттиришимизда шу саволга қисқагина берилган жавоб билан бирга тингловчидан Жума намозлари ҳақида Озодликка келиб тушган яна бир қизиқ савол ҳамда шу кунларда турмуш ўртоғи диний мотивларда айбланиб, узоқ муддатга қамалган ва икки гўдаги билан тирикликнинг оғир юки остида қолган ёшгина аёл билан суҳбатимизни тинглайсиз.

XS
SM
MD
LG