Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:23

Тошкентда 22 ёшли ҳижобли аёл пичоқлаб кетилди


18 ноябр куни содир этилган бу ваҳшиёна қотиллик сабаблари мутлақо номаълум қолмоқда.
18 ноябр куни содир этилган бу ваҳшиёна қотиллик сабаблари мутлақо номаълум қолмоқда.

Чилонзорда яшайдиган ҳомиладор бу аёл билан бирга 1 ёшли фарзанди ва 8 ёшли жияни ҳам ваҳшиёна тарзда пичоқланган.


Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани 19 кварталида содир бўлган бу қотиллик ҳақида Озодликка келган электрон мактубда айтилишича, воқеа 18 ноябр куни содир бўлган.

Кўп қаватли уйда истиқомат қиладиган Жўраевлар хонадонида уй бекаси — 22 ёшли ҳомиладор аёл Шоҳида Жўраева, унинг 1 ёшли қизи ва ўша кезда уларнинг уйида бўлган жияни — 8 ёшли Марзия Акбарова соат 14 дан 15 га қадар бўлган оралиқда ўлдириб кетилди.

Орадан бироз ўтиб, уйга қайтган турмуш ўртоғи ваҳшиёна қотилликдан хабар топган.

Озодлик мухбири қотиллик содир бўлган хонадондан олган маълумотга кўра, ҳомиладор аёл Шоҳида Жўраева ва унинг яқинларининг бу тариқа ўлдирилиш сабаблари яқинларига мутлақо номаълум.

- Биз ўйлаб ўйимизга ета олмаяпмиз. Ким қилган, нимага қилган — умуман, ҳайронмиз. Унинг бир душмани бормиди, биров билан урушганмиди, хабаримиз йўқ. Бу ерда қанақадир бир сир бордайда,- деди Озодлик билан суҳбатда марҳуманинг опаси Дилфуза Абдуллаева.

Бу воқеа ҳақида таҳририятга хабар йўллаган манба ва бу ҳақда 21 ноябр куни хабар тарқатган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи воқеа хусусида берган хабарида Шоҳида Жўраева ва унинг оиласи эътиқодига эътиборни тортган.

Шоҳида Жўраева ибодатли аёл бўлган ва рўмолда юрган. Унинг оиласидан 3 киши диний мотивларда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Ушбу оиладан олинган маълумотга кўра, марҳума Шоҳида Жўраеванинг 1978 йилда туғилган акаси Абдушукур Жўраев 2004 йилда Ўзбекистон ЖК нинг 159, 244, 221-моддаларига биноан диний ва сиёсий мотивларда айбланиб, аввалига 5 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган ва кейинчалик бу муддат 2 йилга узайтирилган.

Марҳуманинг яна бир акаси — 1981 йилда туғилган Абдували Жўраев 2005 йилда Ўзбекистон ЖК нинг 244-моддасига биноан диний-сиёсий мотивларда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Марҳуманинг поччаси — 1979 йилда туғилган Аҳрор Акбаров ҳам Ўзбекистон ЖК нинг 159, 228, 244-моддалари билан диний-сиёсий мотивларда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

18 ноябр куни Шоҳида Жўраева ҳамда унинг 1 ёшли ўғли билан бирга ўлдириб кетилган 8 ёшли жияни – Марзия Акбаров Аҳрор Акбаровнинг қизидир.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, ҳижобли муслима аёлнинг бу тариқа сирли тарзда ўлдирилиши Тошкентда илк бор содир бўлаётгани йўқ.

Гуруҳ тўплаган маълумотларда ўтган йили Рамазон ойида ҳам Сергели туманида яшовчи бир ҳижобли аёл, бундан ташқари, тақволи бўлган яна ёшгина имом Абдуқодир ҳам пичоқлаб кетилгани айтилган.

Озодликка йўлланган электрон мактубда бундай қотилликлар ортида қанақадир боғлиқлик борлиги ва бу айнан диний эътиқод билан боғлиқлигига ишорат берилган.

Воқеалар ривожини худди шу таҳлит санаб ўтган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи гуруҳнинг хабарида ҳам шундай ишорат аломатлари кўринади.

Бу ҳақда марҳуманинг оила-аъзолари савол берганимизда опаси Дилфуза Абдуллаева бундай тахминларни мутлақо инкор қилди.

- Йўқ, бу билан боғлиқ эмас. Намозхон бўлгани билан боғлиқ эмас. Бу ерда қанақадир бир сир бор. Биз ҳам ўйлаб-ўйлаб, ўйимизга ета олмаяпмиз, - деди марҳуманинг опаси.

Ҳозирда Шоҳида Жўраеванинг турмуш ўртоғи Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Ички ишлар бошқармасида сақланмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан бу қотилликка оид терговда илгари сурилган дастлабки версияларни суриштириб қилган мурожаатимизга жавоб ололмадик.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов бу борада, ҳатто, бирор тахминни илгари суриш ҳам оғир экани ҳақида сўзлади.

- Бу шунақа қотиллик бўлдики, ҳатто, бирор бир тахминни илгари суриш имконсиз. Бу қиз бой-бадавлат эмас, бирор жойда амадор бўлиб ишламайди ёки бирор таниқли шахснинг қариндоши эмас. Турмуш ўртоғи оддийгина сотувчи, - дейди Суръат Икромов бу жумбоқли қотилликнинг ечими фақат тергов натижасига боғлиқ эканини урғулаб.

Озодлик Тошкентдаги ушбу қотиллик сабабларини ўрганишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG