Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:26

Ўшликлар халқаро ташкилотлардан кўмак кутмоқда


Ўшнинг Черемушки мавзеидаги уйларнинг кўпи ҳали тиклангани йўқ.
Ўшнинг Черемушки мавзеидаги уйларнинг кўпи ҳали тиклангани йўқ.

Ўшнинг Черемушки мавзеида яшовчи аҳоли қишнинг совуқ кунларида кўмир ва озиқ-овқатдан ёрдам беришни сўраб, халқаро ташкилотларга мурожаат йўллади.


Ўш. Қиш.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан олинаётган хабарларга қараганда, 2010 йил июн воқеалари давомида уйлари ёндириб юборилган қирғизистонликлар кириб келаётган қиш арфасида жуда оғир аҳволда қолган.

Хусусан, Ўшнинг Черемушки мавзеида истиқомат қилувчи аҳоли қишнинг совуқ кунларида кўмир ва озиқ-овқатдан ёрдам беришни сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат йўллади.



Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаевга кўра, черемушкаликлар мурожаатномаси БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Ўшдаги ваколатхонасига топширилди.

Масаланинг июн воқеаларидан жабр кўрганлар учун ўта долзарблигидан келиб чиқиб, Озодлик радиоси махсус эшиттиришлар туркуми тайёрлашга қарор қилди ва бу туркумни “Ўш. Қиш”, деб номлади.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаевнинг айтишича, черемушкаликлар томонидан халқаро нодавлат ташкилотлари номига ёзилган мурожаатномани 34 одам имзолаган:

- Ҳаммага маълум, Черемушка микрорайонида 289 оила жабрланган, 289 та уй куйган. Бугунги кунда қурилишлар ҳам тўла ниҳоясига етгани йўқ. Ўтган йилдан бери маҳаллий аҳоли ўтин, кўмир, озиқ-овқат дегандек - биронта инсонпарварлик ёрдамини олмади. Черемушка аҳолисининг 90 фоизи доимий иш жойлари йўқ, аҳоли жуда оғир аҳволда. Мурожаатда шу нарсаларни ёзишиб, оқсоқоллар, катта-кичик бўлиб имзолаб, бизга олиб келишди. Мен бу мурожаатноманинг бир нусхасини Бирлашган миллатлар ташкилоти қочқинлар иши бўйича қўмитасининг Ўшдаги бўлимига олиб бориб бердим. Бироқ уларнинг айтишича, бу йилда жабрланган туманларга гуманитар ёрдам учун маблағ ажратилмаган экан, - деди ҳуқуқ фаоли.

Биз черемушкаликларнинг мавжуд муаммолари ҳақида тўлароқ маълумот олиш учун мурожаатномани имзолаган черемушкаликлардан бир нечаси билан суҳбатлашдик. Черемушкада яшовчи Илҳомжон улар гуманитар ёрдамни охирги маротаба шу йилнинг феврал ойида олганини эслади:

- Охирги марта ёрдам февралда олинди. Ҳозир қурилиш материалларини беришаяпти Худо хоҳласа, уйлар битиб кетса керак.

Озодлик: Уйингларнинг неча хонаси битди, қанчаси қолди?

- Ўтган йили 3 хона қуриб беришганди. Ҳозир ўша 3 хонада яшаяпмиз. Бу йил яна 4 хона қурилаяпти.

Озодлик: Ҳозир совуқ тушди, уйни қандай қилиб иситаяпсиз? Кўмир биланми, газми, светми?

- Кўмир билан, газ тушмаган ҳали биз томонларга.

Озодлик: Кўмирни гуманитар ёрдамга бераяптими ёки ўзинглар сотиб олаяпсизларми?

- Ёрдамга кўмирни энди беради, дейишаяпти. Ҳозир ўзимиз пулга олиб, ёқиб турибмиз, - деди черемушкалик Илҳомжон.

Унинг мавзедоши Дилоромхон опа эса турли сабабларга кўра ўз уйида яшамаётган экан.

- Қурилишга ғишт берилмай, қийналаяпмиз.

Озодлик: Нимага бермаяпти ғиштни?

- “Ҳаво совуқ бўлгани сабабли заводда ғишт қуримаяпти, ғишт йўқ бўлаяпти заводда”, деб айтишди бизга, яна билмайман. Айниқса, бизнинг Бобур кўчага беришмаяпти. “Тор кўча, аввал кўринадиган жойлар битсин, бу кўчанинг ичи унчалик кўринмайди”, деб бизга ғишт берилмаяпти.

Озодлик: Ҳозир қаерда яшаяпсизлар?

- Уйимиз қурилгунича, қариндошларимизнинг бўш уйи бор эди, ўша ерда яшаяпмиз, - дер экан Дилоромхон опа қариндошларининг уйида яшаётган черёмушкаликлар кўп эканини қўшимча қилди.

Мазкур мавзеда яшовчи Манзура опанинг айтишича, черемушкаликларнинг муаммолари борасида тегишли идоралар хабардор, лекин улар қийин аҳволда қолган кишиларга ёрдам беришни хаёлига ҳам келтирмаяпти:

- Мэрияга, Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекциясига одамлар озиқ-овқат ва бошқа масалаларда ҳар куни, кунора ариза билан мурожаат қилишади. Лекин ҳеч қандай ёрдам бўлмаяпти. Бизнинг аҳволимиздан мэр ҳам, губернатор ҳам, Госдирекцияни бошқараётган Сотволдиев ҳам хабардор. Лекин уларнинг хаёлига ёрдам бериш келмаяпти, - дейди Манзура опа.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси матбуот котиби Мелис Эржигитовнинг айтишича, ўтган йили вазият оғир бўлгани, совуқ тушкунига қадар 1788 уй қуриш зарурлиги сабабли ҳукумат халқаро донорлардан жиддий ёрдам кўрсатишларини сўраган. Ўшанда қурувчиларга берилувчи маошни тўлалигича донорларнинг ўзлари тўлаб беришига қарор қилинган. Бу йилда эса қурилишнинг иккинчи босқичида, ҳукумат донорлар учун лойиҳаларни назорат қилиши ва етказиб беришига, маҳаллий даражадаги масалаларни ҳал қилишига келишилган.

- Ҳозир “Гуманитар игна” деган атама пайдо бўлди. Яъни жабрланган оила ўзи ҳеч нарса қилмай, фақат гуманитар ёрдам ҳисобидан кун кечиради. Боқимандалик кайфияти бўлмаслиги учун донорлар бу йил қурувчи ҳақининг фақат 30 фоизини тўлаб бериш ва барча қурилиш молларини бепул бериш бўйича шарт қўйган. Айнан шу нарсани кўп одамлар тушунмади, биз уларга кўп маротаба тушунтирдик, бироқ тушунишмади. Бундай вазият фақат Черемушки мавзеида ва Сулаймон тоғи атрофидаги бир нечта уйларда бор. Масалан, Жалолободда ҳеч қандай муаммо йўқ. Одамлар ҳамма нарсани тушунишди ва уйларини қуришди. Қорасув туманида ҳам ҳаммаси яхши, - деди Мелис Эржигитов.

Айни пайтда Ўш шаҳар ҳокимияти Ижтимоий ва маданий тараққиёт бўлими бошлиғи Гулмира Эрқулова эса шаҳар ҳокимияти ҳозирда 2010 йил июн воқеаларида жабрланганларга ёрдам топиш бўйича халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.

- Озиқ-овқат шаклидаги барча дастурларимиз тўхтатилган. Ўш шаҳар ҳокимияти сўнгги вақтларда ҳеч нарса олмади. Кўмир масаласига келсак, биз бир қатор халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб бордик. Ҳозирча ҳеч кимдан садо чиқмади. Биз шаҳар кенгашининг собиқ депутати Улан Примов билан гаплашдик. У ҳар йили шаҳар аҳолисининг қуйи қатламига кўмир бўйича ёрдам кўрсатади. У билан ҳам музокараларни олиб бораяпмиз, ҳозирча сизга бирон нарса айта олмайман, - деди Гулмира Эрқулова.

Мухбиримиз Шерзоднинг лавҳаси “Ўш. Қиш”, деб номлаганимиз туркум эшиттиришлардан дастлабкисини бошлаб берди.

“Ўш. Қиш” эшиттириши доирасида уйи куйган конкрет ўшликлар билан ўтказилган суҳбатларни ҳам эшиттиришга қўйишга қарор қилдик.

Биринчи суҳбатдошимиз Ўшнинг Черемушки мавзеида истиқомат қиладиган Тоҳиржон исмли йигит.

Тоҳиржон Сарвар Усмоннинг саволларига жавоб берди.

Озодлик: Сизнинг ҳам уйингиз куйганми?

- Ограбленний. Олиб чиқиб кетган. Талофат кўрганмизда ака.

Озодлик: Оилангиз ҳақида айтиб беринг.

- Оиламда саккиз кишимиз. Сизга тўғрисини айтганда энамнинг 3500 сўм пенсиясига шу кунгача яшаб келаяпмиз мана бир ярим йилдан бери.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- Ëшим 40да.

Озодлик: Ишламайсизми?

- Қаерда ишлаймиз ака?

Озодлик: Урушгача қаерда ишлардингиз?

- Ўшэлектрода ишлардим.

Озодлик: Нима иш қилардингиз?

- Инспектор бўлиб.

Озодлик: Урушдан кейин нима бўлди? Чиқариб юборишдими?

- Урушдан кейин чиқариб юборишди.

Озодлик: Нима деб чиқариб юборди?

- “Сенлар ўзбексан, у-бу” деб ишдан олиб қўйган. 40та болани ишдан олиб юборган 18 июнда. Даже ойликларимизни бермай қўйди. Бир нарса қилиб тирикчилик қилаяпмизда энди. Черемушкида шароит оғир ака. Даже ўтган йилги берган оëқ кийимлари ҳозир болаларга тўғри келмаяпти. Ўзингиз биласиз мана ўсаëтган болалар. Биз мана 40қа кириб ишлай олмаяпмиз. Кўчага дадил чиқа олмасак. Озиқ-овқат проблема бўлаяпти. Мана бир йилдан бери ҳеч қанақа ëрдам, ҳеч нарса йўқ ака. Кийим-кечак дегандай, шу қийинчиликда ака. Давлат томонидан ҳеч нарса йўқ.

Озодлик: Бир йилдан бери эмас охирги марта июндами июлдами берибди эмиш.

- Апрелда берган. Меҳр-шавқат деган фирма берган. Ун, ëғ берган бўлди, дейди Ўшнинг Черемушки мавзеида истиқомат қиладиган Тоҳиржон.

Озодликнинг “Ўш. Қиш” эшиттириши доирасидаги яна бир суҳбатдоши шаҳарнинг июн қирғини давомида деярли тўла ёндириб юборилган Навоий кўчасида истиқомат қилувчи Матлубахон опадир.

У киши ҳам Сарвар Усмоннинг саволларига жавоб берди.

Озодлик: Июн воқеаларида сизнинг уйингизга ҳам зарар етганмиди?

- Ҳа, куйиб кетдию уйлар. Бешта ака-ука ҳаммамизники куйиб кетган. Менинг учта келиним бор, овсинимники иккита келин. Ҳаммаси қиз чиқарадиган, ўғил уйлантирадиган эди. Ҳамма нарса сеплари билан куйиб кетган. Куйган девор қолган холос. Ленин мактабдан тепаси ҳаммаси шунақаю.

Озодлик: Мана кейин икки хонали уйлар қурилди. Сизларга ҳам қурилганми?

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссарлиги берган палатка
БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссарлиги берган палатка
- Қурилган. Қурилгани билан келинлар билан ҳали ҳам биз палаткадамиз. (Изоҳ: Ўш қирғини давомида уйлари ёндирилганларни халқаро ташкилотлар махсус чодирлар билан таъминлаган эди. Гап ўша чодирлар устида кетмоқда) Келинлар билан ўғилларни қўйиб, ўзимиз бу ëқда. Бу ëқдаги энди битаяпти. Энди томи ëпилди. Декабргача кириш керак деб уни ҳам нима қилаяпти.

Озодлик: Шу кунда палаткада яшаяпсизларми?

- Иложимиз йўқ. Нима қиламиз? Тиқилинч, энди келинлар билан алоҳида бўлиб, иккита келин билан алоҳида бўлсак, биттасини у ëққа қўйсак, шунақа қилиб эпланаяпти. Иккитадан хонада. Учтадан келин бўлса, ўзимиз бўлсак, бизнинг ҳам боламиз бор, уларнинг ҳам боласи бор, сиғишмасдан эпланаяпмиз.

Озодлик: Палаткада совуқку. Қандай яшаяпсизлар?

- Кундузи палаткага чиқиб кечқурун эпланиб уйга тиқилаяптида.

Озодлик: Икки хонали уйга-а?

- Ҳа.

Озодлик: Сиз оилангизни тасвирлаб беринг. Неча киши?

- Мен хўжайиним билан, учта ўғлимнинг хотини бор. Биттасида иккита бола, қолганида биттадан бола. Яна овсинларимда ҳам шунақа. Иккита-учтадан боласи бор келинларининг. Иккита овсинимнинг бўйига етган болалари.

Озодлик: Овсинларингизни қўйинг. Кечқурун сизнинг уйингизда осиладиган қозонга нечта одам қарайди? Ўша қозоннинг атрофида нечта одам бор?

- 11та одам бор. 12та даже.

Озодлик: 12 киши битта қозондан овқат ейди-а?

- Болалар билан ҳисоблансада.

Озодлик: Ўша қозонга тушаëтгна масаллиқнинг пулини ким топади? Нечта одам қанақа қилиб пул топаяпти?

- Битта ўғлим ишлайди ҳозир. Энди у ëққа бу ëққа усилител қилади. Ундан бошқа кирарчаси йўқ.

Озодлик: Куëвингизчи?

- Бекор. Ҳозир усталарга ëрдам бериб том ëпаяпти. Ўшалар билан юрибди.

Озодлик: Усталарга ëрдам берганига пул оладими?

- Йўқ. Яна қайтиб бу сафар питаниега деб берган пули уста ҳақи қилиб берилаяпти. (Изоҳ: Уйи куйганларга халқаро ташкилотлар маблағига қуриб берилаëтган уй-жойларнинг якуний иккинчи навбати қурилиши ҳақида бораяпти гап)

Озодлик: Сиз ўзингизчи?

- Мен ўзим бекорман. Касалман мен ҳам.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 50дан ошдим.

Озодлик: Демак, битта қозонга 12 киши. 12 кишидан пул топаëтгани битта одам-а?

- Ҳа. Ўртанча ўғлим Россияда. У ишлай олмаяпти. Гражданство олмаган ишга чиқа олмаяпти. Кичигим ҳам иши йўқ уйда ўтирибди.

Озодлик: Бир ойда сизнинг уйингизга тахминан неча пул кираяпти?

- Уни ҳисоблаб ҳам кўрганим йўқ. Кунига 100 сўм кирса киради бўлмаса йўқ у ҳам. (Изоҳ: 100 қирғиз сўми 2 АҚШ долларига тенг пул) Ëрдам бўлмайди. Эшигимиздаги нок-покимиздан сотиб, нокимиз ҳам куйиб кетган. Бир дона ноким қолган. Бошқа даромадим йўқ.

Озодлик: Кўмирингиз борми?

- Кўмирим йўқ ҳисоб. Қуриган дарахтларимизни кесиб ўшаларни ëқаяпмиз.

Озодлик: Шу кунда уйингизда қанча унингиз бор?

- Бир қоп у ëқдан бу ëқдан келиб қолган эди. Тугаб қолай деди у ҳам.

Озодлик: Охирги марта гуманитар ëрдамни қачон олгансизлар?

- Июндамиди июлдамиди охиргисини ўшанда олдикда.

Озодлик: Қишдан қандай чиқмоқчисизлар энди?

- Бизга қолса қор ëғмасдан чиқиб олсак яхши эди. Энди қийинчилик бўлаяптида. Ҳаммамиз битта уйга тиқилиб олиб, битта уйни ëқиб, тор бўлса, олдинги уйлардай эмас. Битта келиним болницада боласи билан.

Озодлик: 12 киши икки хонали уйда ëтаяпсизларми?

- Ҳа, дейди июн қирғини давомида деярли тўла ёндириб юборилган Навоий кўчасида истиқомат қилувчи Матлубахон опа.
XS
SM
MD
LG