Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:21

Тошкент Покистон сармоясига имтиёз ваъда қилди


Покистоннинг Савдо ва саноат палатаси президенти, сенатор Ҳожи Ғулом Алига кўра, покистонлик тадбиркорларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун нафақат солиқ, балки виза ва қўшма корхоналарни расмийлаштириш жараёнида ҳам қатор имтиёзлар таклиф қилинмоқда.
Покистоннинг Савдо ва саноат палатаси президенти, сенатор Ҳожи Ғулом Алига кўра, покистонлик тадбиркорларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун нафақат солиқ, балки виза ва қўшма корхоналарни расмийлаштириш жараёнида ҳам қатор имтиёзлар таклиф қилинмоқда.

Ўзбекистонга келган покистонлик тадбиркорларга тўқимачилик, фармацевтика ва чарм маҳсулотлари соҳасида имтиёзлар таклиф қилинди.


Покистонда чоп этиладиган The Nation нашрининг ёзишича, Покистоннинг Савдо ва саноат палатаси президенти, сенатор Ҳожи Ғулом Али етакчилигидаги делегация билан сўзлашувлар ўтказган Ўзбекистон расмийлари ўртасида муҳим ҳужжатлар имзоланган.

The Nation нашри берган хабарда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорликка қаратилгани ва айни соҳада томонлар ўртасида меморандум имзолангани айтилади.

Шу вақтга қадар Ўзбекистонга сафар қилган Покистон делегациялари орасида энг йириги ўлароқ эътироф этилган гуруҳга етакчилик қилган Покистоннинг Савдо ва саноат палатаси президенти, сенатор Ҳожи Ғулом Али Озодлик билан суҳбатда эришилган келишувни ўз давлати учун жуда манфаатли бўлганини қайд этди.

- Биз икки давлат Савдо ва саноат палаталари ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзоладик. Ҳужжатда ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириш, қўшма корхоналари ташкил қилиш ва эҳтимолий сармоялар имконлари борасида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган, - дейди Ҳожи Ғулом Али жаноблари.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон томони покистонлик инвесторлар учун қатор соҳаларда солиқдан 15 йиллик имтиёз таклиф қилганини айтди.

- Булар Покистон учун жуда муҳим бўлган текстил, фармацевтика, кимё, чарм маҳсулотлари соҳаларидир, - дейди Покистон Савдо ва саноат палатаси раҳбари.

Ўз вақтида Ўзбекистонда Покистон сармоядорлар кенг фаолият юритган ва айниқса, текстил ҳамда чарм маҳсулотлари соҳасидаги савдо алоқалари жуда кучайган эди.

Бундан бир неча йил муқаддам Покистонга қарашли кўплаб қўшма корхоналар фаолияти тўхтатилган, хусусан, чарм маҳсулотлари савдосини йўлга қўйган покистонлик сармоядорлар турли сабаблар билан мамлакатдан чиқариб юборилган эди.

Покистон Савдо ва саноат палатаси раҳбарига кўра, эндиликда покистонлик тадбиркорларни Ўзбекистонга қайта жалб қилиш учун нафақат солиқ, балки виза ва қўшма корхоналарни расмийлаштириш жараёнида ҳам қатор имтиёзлар таклиф қилинмоқда.

Бу таклифлар Покистон сармоядорларида қанчалик ишонч уйғотаётгани ҳақидаги саволга суҳбатдошимиз шундай жавоб берди:

- Улар бу таклифларга қизиқиш билдирмоқда, аммо ваъда этилган енгилликларнинг қадамба-қадам ижроси таъминланиши шарти билан, албатта. Айни кезда биз ўзбекистонлик сармоядорлар, ишбилармонларга Покистонга сармоя киритишни таклиф қиламиз, - деди Ҳожи Ғулом Али.

Покистон Савдо ва саноат палатаси расмийси, хусусан, текстил саноати соҳасига ўзбекистонлик сармоядорларини таклиф қилар экан, бу борада пахта саноати энг муваффақиятли соҳа бўлишини урғулаб ўтди.

Шу ўринда биз Покистон расмийсидан бу давлатга экспорт қилинаётган ўзбек пахтаси ва уни етиштиришда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш ҳоллари, шунингдек, бу борада халқаро савдо компаниялари эълон қилган бойкотга муносабатини ҳам сўрадик.

- Биласизми, бу пахта етиштириладиган ерларнинг хусусийлаштирилиши билан боғлиқ жараён. Шундай жараён Покистонда ҳам бор. Яъни ерларга эгалик қилаётган катта-кичик бирлашмаларнинг ўз имконларидан келиб чиқиб, қабул қилган қарори бу. Ўзбекистон ривожланаётган давлат, яқиндагина мустақиллигига эришган ва йил ўтган сайин бу муаммолар ҳал этилади. Шу боис, бизнинг муносабатларда муҳими ҳозир бу эмас, - деди Покистон Савдо ва саноат палатаси президенти Ҳожи Ғулом Али.

Ўзбек матбуотида берилаётган хабарларга кўра, шу тариқа янги ва янги имтиёзлар билан хорижлик сармоядорларни жалб қилишга уринган Ўзбекистон томони Покистондан келган сармоядорларга иқтисодиётнинг сармоя киритиш таклиф қилинган қатор соҳалари — соғлиқни сақлаш, фармацевтика, кимё, озиқ-овқат, текстил саноати, қурилиш ва машинасозлик соҳалари бўйича тақдимот маросимини ўтказган.

Ҳозир Ўзбекистонда покистонлик сармоядорлар иштирокидаги 68 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми эса ўтган йили 40 миллион АҚШ долларидан ошиқроқни ташкил этган.
XS
SM
MD
LG