Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:22

Тошкентда чавақланган оила яқинлари ҳибсга олинди


22 яшар Шоҳида Жўраева¸ унинг фарзанди ва жияни ваҳшиёна тарзда ўлдириб кетилганидан сўнг марҳумларнинг уч қариндоши ҳибсда сақланмоқда.


Тошкент шаҳар Чилонзор туманида фарзанди ва жияни билан қўшиб пичоқлаб кетилган ҳомиладор аёлнинг қариндошлари ҳибсда сақланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган тошкентлик манбага кўра, ўлдириб кетилган Шоҳида Жўраеванинг яқинлари қотилликка алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Аммо бу иддаони рад этган марҳум Шоҳира Жўраева яқинлари¸ ўз қариндошлари эҳтиёт чораси ўлароқ ҳибсда қолаётганини айтмоқдалар.

Чилонзор туманининг 19-кварталида яшовчи 22 ёшли ҳомиладор Шоҳида Жўраева, унинг 1 ёшли қизчаси ва 8 ёшли жияни шу йилнинг 18 ноябрида ўз уйида ваҳшиёна тарзда чавақлаб кетилган эди.

Озодликка ëзилган мактубга кўра, ҳозир бу қотилликка алоқадорликда гумон қилиниб, марҳума аёлнинг турмуш ўртоғи Анвазбек Анваров, марҳуманинг акаси Абдуманноб Жўраев¸ яна бир қариндоши ҳамда маҳалладоши ҳибсда сақланмоқда.

Ўз исми сир қолишини маъқул кўрган мазкур манбага кўра, ҳибсда сақланаётганларнинг ҳаммаси ёш, намозхон йигитлар ва яқинлари йигитларнинг нотўғри айблов қурбони бўлиб қолишидан хавотир олмоқдалар.

Бундай хавотирни кучайтираëтган омиллардан бири¸ айтилишича¸ Жўраевлар хонадонидан 3 кишининг айни вақтда диний-сиёсий мотивларда қўйилган айбловлар асосида узоқ муддатли қамоқ жазоси ўтаëтганидир.

Бу мактубда тилга олинган маълумотларга ойдинлик киритиш учун Жўраевларнинг Тошкентдаги хонадонига боғланганимизда, оила аъзолари тилга олинган маълумотларни тасдиқлади.

Уларга кўра, ички ишлар идоралари томонидан 19-20 ноябр кунлари олиб кетилган яқинлари 15 суткалик ҳибсда сақланмоқда¸ холос.

Ҳибс сабаби сифатида эса бу йигитларни уларнинг ҳаётига туғилиши мумкин бўлган эҳтимолий хавфдан ҳимоя қилиш экани айтилган.

Бундай сабабни тушунмаётганини айтаётган Жўраевлар оиласи¸ 15 кунлик муддат битгач ўз яқинларининг қўйиб юборилишига умид билдирмоқда.

Шунингдек, улар ҳозирга қадар кенжа қиз Шоҳида Жўраева ва уч набиранинг ўлдирилиши сабаби ҳақида, ҳатто тасаввурга эга эмаслигини айтмоқдалар.

- Хўп, бирор қотил Шоҳида қизимни ўлдирган бўлса, бунга гувоҳ бўлди, деб 8 ёшлик набирамни ҳам ўлдирган бўлса, 1 ёшли болани нима учун ўлдирди? Мутлақо ҳайронмиз, ким қилган бу қотилликни, нима учун қилган? дейди Шоҳида Жўраеванинг онаси Зуҳра Жўраева Озодлик билан суҳбатда.

Бу оила тақдирини кузатаётган яна бир тошкентлик диндорга кўра, терговда ҳам ҳануз аниқ бир тахмин шаклланмаган.

Бу иш суриштирувига Миллий хавфсизлик хизматининг Чилонзор тумани бўлими ходимлари ҳам аралашган.

“Ўзи бунақа жиноятлар кўп бўлади, лекин 1 ёшли қизчанинг ўлдирилгани ғалатида. Бундан ташқари, уйда ўғирлик бўлмаган. Бирорта буюмга қўл текизилмаган. Буям ғалати. Шуям терговни ўйлантираяпти шекилли”, деб ҳисоблайди ушбу манба.

Жўраевлар оиласи бекаси Зуҳра Жўраевага кўра, қотиллик содир бўлган куни Шоҳиданинг хонадонидан чиқиб кетаётган бир шахсни кўргани ҳақида қўшнилар гувоҳлик берган ва шу асосда эҳтимолий қотилнинг фотороботи чизилиб, қидирувга берилган.

Қотилликда гумон қилиниб, бир одамнинг қўлга олингани ҳам айтилмоқда.

Бу воқеа ҳақида таҳририятга мактуб йўллаган манба¸ қолаверса бу ҳақда 21 ноябр куни хабар тарқатган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Шоҳида Жўраева ва унинг оиласи эътиқодига эътибор қаратган эди.

Шоҳида Жўраева ибодатли аёл бўлган ва рўмолда юрган. Унинг оиласидан 3 киши диний мотивларда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Ушбу оиладан олинган маълумотга кўра, марҳума Шоҳида Жўраеванинг 1978 йилда туғилган акаси Абдушукур Жўраев 2004 йилда Ўзбекистон ЖК нинг 159, 244, 221-моддаларига биноан диний ва сиёсий мотивларда айбланиб, аввалига 5¸5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва кейинчалик бу муддат 2 йилга узайтирилган.

Марҳуманинг яна бир акаси — 1981 йилда туғилган Абдували Жўраев 2005 йилда Ўзбекистон ЖК нинг 244-моддасига биноан диний-сиёсий мотивларда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Марҳуманинг поччаси — 1979 йилда туғилган Аҳрор Акбаров ҳам Ўзбекистон ЖК нинг 159, 228, 244-моддалари билан диний-сиёсий мотивларда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

18 ноябр куни Шоҳида Жўраева ҳамда унинг 1 ёшли қизи билан бирга ўлдириб кетилган 8 ёшли жияни – Марзия Акбаров Аҳрор Акбаровнинг қизидир.

Озодлик Тошкентдаги ушбу қотиллик теграсидаги воқеалар ривожини кузатишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG