Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:21

Бишкекдаги ҳарбий қисмдан 15 аскар қочди


Оддий аскарлар ўзларининг хўрланганларини айтишмоқда.
Оддий аскарлар ўзларининг хўрланганларини айтишмоқда.

Бишкекдаги ҳарбий қисмлардан биридан қочган 15 оддий аскар бир кундан кейин ўз ихтиёрлари билан Ҳарбий прокуратурага келишди.

Қирғизистон Мудофаа вазирлигидан олинган маълумотга кўра, Бишкек шаҳрида жойлашган 41069 - ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган 15 оддий аскар 7 декабрдан 8 декабрга ўтар кечаси қочиб кетган. Мазкур ҳарбий қисмда жами 31 аскар хизмат ўтайди. Уларнинг 15 нафари шу йилнинг ёз ойида хизматга чақирилган яна 16 аскарнинг хизматга келганига бир ой бўлган.

Қочиб кетган аскарлардан бирининг онаси Анара Абдрахманованинг айтишича, қочган аскарлар офицерлар томонидан тинимсиз хўрланган:

- Ўғлим телефон қилиб: “Она, мен буларнинг хўрлашига чидолмайман”, деди. Болам ҳар икки ойда госпиталга ётади. У ердан чиқанидан кейин боламни камситишиб, сочини “Т” шаклида олиб ташлашибди. “Беш кундан бери мени қийнаб, нарядга қўйишаяпти. Ҳар ойда бизга берилувчи 300 сўм маошни бермасдан, раҳбаримиз бош бўлиб ароқ ичиб олиб уйидаги муаммоларини айтиб, аламини биздан олаяпти. “Маладойларни” ўзлари калтаклаб, кейин бизга тўнгаб масхаралашаяпти. Мен шунинг учун қочиб кетдим, бошимга, қулоғимга тепиб калтаклашди”, деди ўғлим, - дейди Анара Абдрахманова.

Мудофаа вазирлиги тарбиявий ишлар бўйича бошқармаси раҳбари Эрнис Эламанов эса бу иддаоларни рад этади. Унга кўра, аскарлар ўзларидан кейин хизматга келган бошқа аскарларни калтаклашган, бу воқеа юзасидан хизмат текширувлари олиб борилмоқда:

- Бу 15 боланинг ҳаммаси Чуй вилоятидан хизматга чақирилган. Улар хизматга янги келган аскарларни хўрлаб, калтаклаб, телефон рақамлари ҳисобига пул солдириб юришган. Бундан раҳбарият хабардор бўлиб, текширув бошлаганидан кейин аскарлар “Прокуратура томонидан иш қўзғалмасин. Биз қутулиб қолайлик”, деб 8 декабр куни қочиб кетишган. Ҳозир Мудофа вазирлиги хизмат текширувини бошлади. Шунга асосан ҳар бири ўз айбига яраша жазосини олади, - деди Эрнис Эламанов.

Қочиб кетган аскарлар ота-оналари илтимоси билан 9 декабр куни кечқурун Харбий прокуратура олдига келишди. Улардан бири Озодлик радиосига офицерларнинг хўрлашига чидолмай қочиб кетганини айтди:

- “Маладойларни” кўкартириб калтаклашиб, бу ишни бизга юклаш учун бизга тушунтириш хати ёздиришаяпти. Бизга кун бермай, жонимиздан тўйдиришди. Хизматни тугатишимизга тўр ой қолганда нимага қочамиз? Кун бермай қўйишганидан кейин қочдик. Ичиб олиб кунига уришади. Бу ҳақда ота-оналаримизга ҳам айта олмасдик, ҳарбий қисмдан чиқаришмас эди, - деди қочиб кетган аскарлардан бири.

Мазкур ҳолатни Мудофа вазирлигининг Кузатув кенгаши ҳам назоратига олган. Кенгаш раисининг ўринбосари Уулқан Байгубатова аскарларнинг қочиб кетгани ҳайратланарли эканини айтади:

- Аскарлар асосан 2-3 ой хизматдан сўнг қочиб кетиши мумкин, лекин булар хизматга келганига 6-8 ой бўлганида қочиб кетганини биз ҳам тушунмаяпмиз. Ҳозир Ҳарбий прокуратура текширув олиб бораяпти, текширув натижалари чиққандан кейин тўлароқ маълумот берсак яхши бўлади,- деди Уулқан Байгубатова.

Маълумотларга кўра, ҳарбий қисмдан қочган болалар 10 декабр куни Ҳарбий прокуратурада кўрсатма беришган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилган-очилмагани аниқ эмас. Бироқ прокуратурага қочган болаларнинг ота-оналари томонидан ариза берилган.

Қирғизистонда бундай ҳолат биринчи маротаба кузатилмаган. Шу йил кузида Балиқчи шаҳрида ҳам аскарлар ҳарбий қисмдан қочган. Мудофаа вазирлигининг маълум қилишча, мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи шаҳар прокуратураси тергов олиб борган.
XS
SM
MD
LG