Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Ўшда учоқ қулади


Ҳалокатга учраган ТУ-134 учоғи ичида бўлган 84 йўловчининг барчаси тирик қолган¸ улардан 26 нафари касалхонага ëтқизилган.

Расмий маълумотларга кўра, Бишкек-Ўш йўналиши бўйича учган учоқ “Қирғизистон” авиакомпаниясига тегишли. Авиаширкатнинг ўзини танитишни истамаган ходимига кўра, учоқ 3-рейс билан 12:05 да Бишкекдан Ўшга учган.

Дастлабки маълумотга кўра, авиаҳалокатга учоқнинг қўпол қўндирилиши сабаб бўлган. Натижада учоқ тўнтарилган ва ўнг қаноти синиб, ёнғин чиққан. Ёнғин аэропрот ходимлари ва ўт ўчирувчилар томонидан ўчирилган.

Ўш ҳудудий касалхонаси бош шифокори Абдижалил Муратов ТУ-134 русумидаги учоқнинг 12 йўловчиси ёрдам сўраб касалхонага мурожаат қилганини айтган. Уларнинг 9 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига кетган. Уч нафари касалхонага ётқизилган.

Айни пайтда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котибаси Света Байтикова авиаҳалокатда 26 йўловчи жабрланганини, уларнинг 12 нафари тез ёрдам машинасида касалхонага юборилганини билдирди. Жабрланганлар орасида 2 нафар бола ҳам бор ва улар Ўш вилоят болалар касалхонасига ётқизилган.

- Воқеа жойига 7 тез ёрдам машинаси ва 6 та руҳшунос етиб борган ҳамда 50 йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Касалхонага юборилган 12 одамнинг 2 нафари учувчи, 2 нафари стюардесса бўлган. Учоқ йўловчиларининг асосан миялари чайқалган, тан жароҳатлари олишган ва қаттиқ стрессга дучор бўлишган, -деди Света Байтикова.

Маълумотларга кўра, учоқда 84 йўловчи бўлган. Расмийлар учоқ йўловчилари орасида ҳалок бўлганлар йўқ эканини билдирмоқда.

Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов Ўш аэропортида содир бўлган авиаҳалокатни мамлакат учоқлари хавфсизлиги тизимини диққат билан текшириш учун катта сабаб сифатида баҳолади.

“Бахтимизга қурбонлар бўлгани йўқ. Лекин бундай воқеа такрорланмаслиги учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак” деди Бош вазир.

Қирғизистонда авиаҳалокат сабабларини ўрганиш мақсадида махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Комиссияга Бош вазирнинг ўринбосари Аали Қарашев раҳбарлик қилмоқда.

Сўнги маълумотга қараганда, Ўш шаҳар аэропорти ҳудудида об-ҳаво ёмонлиги ва аэропорт учоқларни қабул қила олмаслиги сабабли ҳукумат комиссияси ҳозирча Ўшга етиб бора олмаган.
XS
SM
MD
LG