Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:27

Боткенда қирғизлар ва тожиклар муштлашди


Бундан аввал Қирғиз-Тожик чегарасида ҳам жанжал чиққан эди.
Бундан аввал Қирғиз-Тожик чегарасида ҳам жанжал чиққан эди.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Лайлак тумани Андарак қишлоғида миллатлараро жанжал чиқди.

Бу сафар қирғиз ва тожик миллатига мансуб одамлар тўқнашди. Расмий маълумотларда тартибсизликлар давомида тан жароҳати олганлар ва қурбонлар бўлмагани айтилмоқда. Бироқ қишлоқ аҳолисига катта миқдорда моддий зарар келтирилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг жанубий ҳудуд бўйича вакили Жениш Ашурбаев жанжал 29 декабр куни бошланганини айтди.

29 декабр куни соат 15 лар чамасида Андарак қишлоғи марказида машинада кетаётган 3 нафар тожик миллатига мансуб фуқаро қирғиз миллатига мансуб юқори синф ўқувчиларга йўл четидан юришни илтимос қилишган. Бу танбеҳ ортидан оғзаки жанжал бошланган. Натижада тожик миллатига мансуб шахслар қирғиз миллатига мансуб ўқувчиларни калтаклашган. Ўқувчилардан бири касалхонага мурожаат қилиб, милицияга ариза ёзган.

Милиция ўқувчини калтаклаган шахсларни қўлга олиб, ҳибсхонага олиб кетаётганида уларнинг йўлини 150-200 нафар тожик тўсиб, ҳамқишлоқларини озод қилганлар. Бундан норози бўлган 500 нафар қирғиз қишлоқ марказига йиғилган. Уларга қарши 1000 нафар тожик чиққан.

“Қирғиз миллатига мансуб норозилар 2 та киоск, 1 новвойхонани ёқиб юборганлар, 1 уйга ўт қўйишга ҳаракат қилганлар. Шунингдек, 1 автомашинани вайрон қилиб, 1 уйнинг ойналарини синдирганлар”, дейилади Ички ишлар вазирлиги баёнотида.

Жениш Ашурбаевнинг айтишича, маҳаллий милиция тушунтириш ишларини олиб бориш орқали жанжални тўхтатишга муваффақ бўлган. Ўқувчиларни калтаклаган 3 тожик милицияга топширилган.

Ички ишлар вазирлигининг баёнотида тожикларга моддий зиён келтирган қирғизлар қўлга олинган ёки олинмагани ҳақида маълумот берилмаган.

- Ҳозир аҳолига моддий зиён келтирганлар шахси аниқланмоқда. Шунинг учун ўт қўйганлардан ҳеч ким қўлга олинганича йўқ,-деди Жениш Ашурбаев.

Расмийга кўра, айни пайтда Лайлак туманига ички ишлар органлари кучлари жалб қилинган. Ички ишлар вазири ўринбосари Курсант Асанов раҳбарлигида профилактика ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Вазият назорат остида.

Андара қишлоғи Сунбула қишлоқ ҳукумати таркибига киради. Сунбула Қишлоқ ҳукумати раҳбари Мидин Ҳолов айни пайтда вазият барқарорлашганини билдирди.

-Ҳозир 150 милиция ходими Андара қишлоғини назорат қилаяпти. Айни пайтдаги қишлоқдаги қирғиз ва тожик оқсоқоллар йиғилиб, маслаҳатлашув ўтказишаяпти, -деди Мидин Ҳолов.

Қирғизистон ҳукумати ҳам Лайлакда бўлиб ўтган воқеага тезликда ўз муносабатини билдирди. Бош вазир Ўмурбек Бабанов кўрсатмаси билан махсус комиссия ташкил этилиб, Боткен вилоятига жўнатилди. Комиссия жанжал сабабларини ўрганади.

Мустақил ахборот нашрларининг билдиришларича, 29 декабр куни 18 да бошланган жанжал ярим тунда ҳам давом этган ва милиция фақат эрталабга яқин вазиятни назорат қилишга муваффақ бўлган.
XS
SM
MD
LG