Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:18

Ўзбекистонга юборилган пул эгасига берилмаëтир


Меҳнат муҳожирларининг Янги йил арафасида ўз оиласига юборган пуллари банкларда ушлаб қолинмоқда.
Меҳнат муҳожирларининг Янги йил арафасида ўз оиласига юборган пуллари банкларда ушлаб қолинмоқда.

28 декабрдан 3 январгача Ўзбекистон банклари хориждан келган пул жўнатмаларини эгаларига беришни мутлақ тўхтатди.


Москвадаги укаси "Золотая корона" пул жўнатиш тизими орқали Янги йилга юборган 500 долларни қўлга олиб¸ совға-саломга харжлашни режалаган янгийўллик Абдураҳмон Каримов, Тошкентдаги бир неча банкка кириб¸ қўли қуруқ чиқди:

- "Ипотека" банкига кирдим. Кираверишда бир ходимга “Пул ўтказмасини олиш учун келган эдим” десам, “Байрам кунлари муносабати билан ишламайди. 29 декабрдан 3 январгача ишламайди. Бутун республикада Марказий банкдан ўчириб қўйилган” деди. Кейин бошқа банкка кирдим. "Ипак йўли" банкининг эшигида ҳам шу нарса ëзилиб турибди. “29 декабрдан 3 январгача ишламайди¸ в связи с праздником” деб қўйибди. У ердагилардан сўрасам, “Булар Россияга қарайди. Шунинг учун ишламайди” дейишди. Ахир янги йил байрамига ҳали уч кун борку, дейди тошкентлик Абдураҳмон Каримов.

Хориждаги ўзбекистонликлар асосан “Western Union” ва Россиянинг “Золотая корона”, "Анелик",“Быстрая почта” сингари тизимлари орқали ватанда қолган оилаларига пул жўнатадилар. Гувоҳларга кўра¸ айни кунларда бу тизимлар билан шартнома тузган Тошкентдаги бирор банкдан хориждан юборилган пулни олиш имкони бўлмаяпти.

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, пул жўнатмалари беришни тўхтатиш ҳақидаги фармойиш Ўзбекистон Марказий банки томонидан берилган:

- Марказий банкдан бизларга шунақа буйруқ келган. Уч кун бўлди. Мана кеча охирги пул ўтказмалари ўтказилган. Кеча "Золотая корона", "Анелик" бўлган. Уч кун олдин "Western Union" тўхтатилган, кеча мана охиргилари тўхтатилган, дейди“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистон Марказий банкининг ўзини таништирмаган ходими бу ҳақда Марказий банкдан ҳеч қанақа фармойиш бўлмаганлигини айтар экан, "пул жўнтамалари берилишининг тўхтатилиши ҳар йилнинг сўнгида банкларда ўтказиладиган ҳисоб-китоблар билан боғлиқ" эканини таъкидлади.

- Банклар балансини тўғирлайдиган вақтку ойнинг охирлари. Ортиқча расходлар ҳаммаси тўхтатилади. Ўшанинг ҳисоб-китобини тўғирлаш мақсадида қилган. Марказий банк уни тўхтатмаганку. Марказий банкнинг денежний переводга умуман алоқаси йўқку. Банкларга Марказий банкдан ҳеч қанақа кўрсатма бўлмаган¸ дер экан Марказий банк расмийси хориждан Ўзбекистонга юборилган пулларнинг йўқолиб қолмаслиги¸ 3 январдан бошлаб адресатларга берила бошланишини таъкидлади.

"Золотая корона" пул жўнатмалари тизимининг Москвадаги идораси расмийсига кўра, Ўзбекистон банкларининг пул жўнатмаларини эгаларига бермасдан ушлаб туриши ўзаро шартнома қоидаларининг бузилишидир:

- Бундай бўлиши мумкин эмас, агар кимдир пулини ололмаётган бўлса бизга жўнатма номерини айтиб мурожаат қилсин. "Золотая корона" туну-кун ишлайди. Байрам кунлари ҳам, ҳатто янги йил кечаси ҳам ишлайди,- деди "Золотая корона" тизимининг ўзини Алëна деб таништирган менеджери.

Ўзбекистон Марказий банкининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев, пул жўнатмаларининг эгаларига берилмай банкларда ушлаб қолиниши қонун бузилишидан ташқари истеъмолчи ҳуқуқининг поймол қилиниши ҳам эканини айтади:

- Нима учун бунақа қилинади? Депозитларнинг қолдиғини кўпроқ кўрсатиш учун, яъни кўрсаткичларни яхши кўрсатиш учун. Банкларнинг ҳар бир жойдаги бўлимчалари бўлади. Ўшалар охирги 4-5 кун пул бермасдан ўзининг кўрсаткичларини кўтариб кўрсатишга ҳаракат қилади. Тушунаяпсизми мантиқни? Яъни кўпроқ депозитга олиш бўлса олаверадию икки-уч кун бермаса, уларнинг пули кўпайиб, депозитлар кўпайди¸ деб ўзининг ишчиларига премия олиб беришни, кўрсаткичлар бўйича яхши натижалар кўрсатишга имконият бўлади. Лекин Марказий банкдан бунақа расмий инструкция бўлмайди. Энди шуни юқоридан айтади, “ҳой ука, кўрсаткичларга қарагин” деган нарса бўлади. Бу энди припискага ўхшаган нарса-да, дейди мустақил иқтисодчи Сапарбой Жубаев.
XS
SM
MD
LG