Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:32

Каримов: 2012 йилда аҳоли даромади 24 фоизга ошади


Президент Ислом Каримов келгусида йилда асосий эътибор "Мустаҳкам оила йили"да илгари сурилган ғоя - оилалар мустаҳкамлиги ва фаровонлигига қаратилишини алоҳида урғулади.
Президент Ислом Каримов келгусида йилда асосий эътибор "Мустаҳкам оила йили"да илгари сурилган ғоя - оилалар мустаҳкамлиги ва фаровонлигига қаратилишини алоҳида урғулади.

Президент Каримов 2012 йилда даромади ошадиган аҳолига қуриладиган янги коттежлар сони ҳам ортишини айтди.


2012 йилда ҳам ойлик ошади, демакки, нархлар ҳам

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Янги йил байрами муносабати билан мамлакат ҳалқига йўллаган табригида 2012 йилга келиб аҳоли даромадлари 22-24 фоизга оширилишини ваъда қилди.

Унга кўра, 2012 йилда аҳоли ойлик маошлари, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори 20 фоизга оширилади.

Бундан ташқари, президент Каримов янги йил давомида давлат бюджетининг 60 фоизи, биринчи галда, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантиришга қаратилажагини ҳам айтиб ўтди.

"Янги — 2012 йилга мўлжалланган режаларимизда Давлат бюджетининг 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, унинг аксарият қисми ... аввало, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият тармоқларини юксалтиришга қаратилган. Иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар миқдори 20 фоизга, аҳолининг реал даромадлари эса 22-24 фоизга кўпайиши белгиланмоқда", дейилади, жумладан, ЎзА чоп этган президент Ислом Каримов нутқида.

Ўзбекистонда 2011 йилда ҳам бир неча бор аҳоли ойлик маошлари оширилган ва бунинг ортидан қатор соҳалар, энг аввало, транспорт, озиқ-овқат ҳамда кийим-кеча бозори, коммунал хизмат соҳаларидаги тўлов ва нарх-наволарнинг ошиши кузатилган эди.

Президент Ислом Каримовнинг янги йил кечасида қилган нутқига қараганда, айни жараён 2012 йилда ҳам такрорланадиган кўринади.


2012 йилда ҳам янгиси қурилмай туриб, эскилари бузилади

ЎзА да чоп этилган расмий хабарга кўра, 2012 йил давомида ҳам Ўзбекистондаги қишлоқ ва шаҳарларда намунали коттеж уйларнинг қурилиши 2011 йилги суръатда давом эттирилади.

"Янги йилда икки йил олдин бошланган ва халқимизни, авваламбор қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг келажагини ўйлаб амалга оширилаётган, бутун жамиятимиз эътибор марказида турган, яъни қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қуриш, коммунал-маиший шароитларни яратишга қаратилган дастурни давом эттириш кўзда тутилмоқда", дейилади президент Каримовнинг ЎзАда чоп этилган нутқида.

2011 йил давомида Ўзбекистоннинг қатор вилоятлар, жумладан, Тошкент, Андижон, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Қашқадарё каби вилоятлардаги йирик шаҳарларда намунавий коттежларнинг шитоб билан қурилиши кузатилди.

Ҳар бирининг қиймати ўртача 60-70 миллион сўм атрофидаги уйлар аксар ҳудудларда аҳоли яшаб турган уйлар бузилиб, уларнинг ўрнига қурилди.

Озодликка йил давомида тингловчилардан келиб тушган хабарларга кўра, катта шаҳарлар ва туман марказларининг марказий кўчалари бўйлаб қурилган янги уйлар ўрнидаги уйларидан ажралган оилалар аксар ҳолларда катта моддий зарар кўрдилар.

Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил олдидан сўзлаган нутқига қараганда, янги йилда бу жараён янада кенгаяди ва афтидан, уйи бузиладиган хонадонлар сони янада ортади.

"2011 йилда 7 минг 400 та оила умумий майдони 1 миллион 100 минг квадрат метр бўлган, ҳар томонлама қулай уй-жойларга, замонавий шароитларга эга бўлган бўлса, 2012 йилда 8 минг 510 та оила шаҳар шароитидан ҳеч кам бўлмаган ана шундай янги уй-жойларга кўчиб кириши мўлжалланмоқда", деди президент Каримов ўз нутқида.


Баланд расмий рақамларга яна баланд баҳолар

Янги 2012 йилга берилган ваъдалар билан бирга президент Ислом Каримовнинг байрам нутқида 2011 йилдаги ютуқлар ҳам анъанавий тарзда санаб ўтилди.

Хусусан, ўтган бир йил давомида мамлакатдаги ялпи миллий маҳсулот ҳажми 8,3 фоизга етгани, шунинг билан мамлакат иқтисодининг кейинги 5-6 йил ичида барқарор равишда ўсиб бориши таъминлангани қайд этилди.

Президент Каримов яна бир бор мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичлари халқаро ташкилотлар томонидан олқишлар билан қарши олинганига ишорат қилди.

Ҳақиқатан ҳам йил давомида Жаҳон Банки, Халқаро Валюта жамғармаси каби жаҳон молиявий ташкилотлари берган ҳисоботларда Ўзбекистон дунёни қамраган иқтисодий бўҳрондан энг кам зарар билан чиққани яна қайд этилди.

Аммо айни кезда бундай "юксак ютуқли" манзара Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йиллар давомида, ҳатто, минтақа учун ёпиқ эшиклар ортида қолаётгани ва берилаётган рақамлар эса асоси йўқ, қалбаки кўрсаткичлар бўлгани ҳисобига шакллангани эътироф этилди.


20 йиллик юксак ютуқ - Тинчлик, тинчлик ва фақат тинчлик!

Президент Ислом Каримовнинг 2011 йил ютуқлари ва 2012 йилги ваъдаларга асосланган нутқининг асосий ишорати бу гал ҳам мамлакатда тинчликнинг сақланиб қолаётганига қаратилди.

"Бундай юксак марраларимизнинг пойдевори, энг катта бойлигимиз бўлмиш — юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувликни кўз қорачиғидек асраш, бугун биз бошимиздан кечираётган нотинч ва таҳликали замонда доимо ҳушёр, огоҳ ва сезгир бўлиб яшаш, ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини турли зарарли таъсирлардан ҳимоялаш ҳозирги кунда нақадар долзарб ва муҳим вазифага айланаётганини унутмаслигимиз даркор", дея бу гал ҳам ўз халқига уқдиришда давом қилди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.
XS
SM
MD
LG