Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Косонсойда ҳибсга олинган имомга жиноий иш қўзғатилди


Косонсой шаҳридаги бир гуруҳ диндорнинг бир ой муқаддам ҳибсга олингани ҳақида 11 январ куни Озодликнинг ўз манбалари хабар қилган эди.
Косонсой шаҳридаги бир гуруҳ диндорнинг бир ой муқаддам ҳибсга олингани ҳақида 11 январ куни Озодликнинг ўз манбалари хабар қилган эди.

Наманган вилояти Косонсой шаҳри Жоме масжиди имоми Шарифжон Болтабоев ва яна 5 диндор терроризм, экстермизмга оид жиноятларда гумон қилинмоқда.


Косонсой шаҳар Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, шаҳардаги Жоме масждида қарийб 8 йилдан буён имомлик қилиб келган 60 ёшли Шарифжон Болтабоевга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

- Терроризм, диний экстремизм билан боғлиқ моддалар бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозир у киши ва яна 5 нафар диндор устидан тергов боряпти. Улар Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармасида ҳозир,- деди бўлимнинг ўзини таништирмаган ходими.

Айни пайтда ички ишлар ходими ҳибсга олинганларга Ўзбекистон ЖКнинг айнан қайси моддалари билан жиноят иши очилганини аниқ айтмади.

Терроризм, диний эктремизмга оид жиноятлар эса Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 155-моддаси, 244 моддасининг 1-, 2-бандларида кўзда тутилган.

Ҳозир Ўзбекистонда диний-сиёсий мотивлардаги жиноятларда гумон қилинган шахсларга нисбатан кўпроқ шу икки модда ва булар асосида Ўзбекистон ЖКнинг 159-моддаси асосида жиноий ишлар қўзғатилмоқда.

Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Косонсой шаҳрида истиқомат қиладиган 30 дан ортиқ киши диний-сиёсий мотивлардаги жиноятларда гумон қилиниб, тахминан, 2011 йилнинг 28-31 декабр кунлари оралиғида ҳибсга олинган.

- Ҳозир шаҳар бошқармасида 5 ёки 6 киши қолди. Уларга жиноий иш очилди. Қолганлари қўйиб юборилган,- деди Косонсой шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ходими.

11 январ куни Наманган вилоятининг Косонсой шаҳрида 40 га яқин диндор ҳибсга олингани ва улар орасида Косонсой шаҳар Жоме масжидининг халқ орасида танилган имоми Шарифжон Болтабоев ҳам борлигини Озодлик ўз манбаларига таяниб, хабар қилган эди.

Бу хабарда ҳибсга олинганлар орасида имомдан ташқари, Косонсой шаҳрида кўзга кўринган тадбиркорлар борлиги ҳам айтилган эди.

Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, таниқли тадбиркорларнинг ҳаммаси қўйиб юборилган ва ҳибсда дин пешволари ҳамда уларга яқин шахслар қолган.

Косонсой шаҳар Ички ишлар бўлими ходими Шарифжон Болтабоевдан ташқари ҳибсда қолаётган 5 кишининг шахсига оид маълумотларни ошкор қилмади.

Наманган вилоятининг Косонсой тумани аҳолиси асосан тожик миллатига мансуб ва бу шаҳардаги диндорларнинг кўпчилиги қўшни Тожикистондаги мадрасаларда таҳсил олган.

Косонсойлик бир тингловчи тахминича, илгари бу тумандаги дин пешволарини шиа мазҳабига мойиллик ёки мансубликда айблаш ҳоллари ҳам кузатилган.

- Шунинг учун, буларга Тожикистон орқали шиалардан молиявий кўмак олишга оид айблов қўйилаётган бўлиши мумкин, деб тахмин қилаяпмиз,- деган эди 11 январ куни Косонсойда бўлаётган воқеалар ҳақида маълумот берган Озодлик тингловчиси.

Озодликка келиб тушган ва мустақил манбалар орқали тасдиқланган маълумотларга кўра, ҳибсга олинганлар ўз яқинлари кўрсатилмаяпти ва шунингдек, озод этилганлар ҳам бу воқеа ҳақида одамлар билан очиқ суҳбатлашмаяпти.

Озодлик бу хабар тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда ва келгусида қўшимча тафсилотлардан сизни хабардор қилиб боради.
XS
SM
MD
LG